Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 ноябрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

03.07.2020


18 ЁШЛИ ЖУВОН (!) ЎЗ ЖОНИГА ҚАСД ҚИЛГАНМИ?

Куни кеча интернетда тарқалган маълумотларга кўра,  Косон туманида 18 ёшли М.Ж. исмли жувон  яшаш уйидан осилган ҳолда топилган. Воқеа жорий йил 9 май куни рўй бергани айтилади.

Баён этилган тафсилотлардан аён бўлишича, жувон тўрт нафар фарзанди бор косонлик Ш.Ғ. исмли оилали шахс билан шаръий никоҳда бўлган. Бундай ҳолатда улар ҳаёти маромида кечмаслиги табиий эди. Худди шундай бўлган ҳам, кундошлик, муқим яшаш жойининг йўқлиги каби омиллар тез-тез турли можароларга сабаб бўлиб турган.    

Аниқлик киритилишича, ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилган ва Косон тумани прокуратураси томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

 Бу ерда диққатни тортадиган жиҳат шундаки, М.Ж. ўлимидан атиги икки кун олдин 18 ёшга тўлган. Бундан кўринадики, у шаръий турмуш қурган пайтда мамлакатимизда қатъий белгиланган никоҳ ёшига ҳам тўлмаган бўлган.

Хўш, бундан маҳалла-кўй, қўни-қўшнилар, ҳудуд профилактика инспектори бехабар эдими? Туман маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимидаги хотин-қизлар масалалари бўйича масъул қаёққа қараган? Ваҳоланки, бу Косонда ёш аёл ва қизлар ўртасида рўй бераётган биринчи нохуш ҳолат эмас. Ўтган йили туманда 15 ёшли ўқувчи қиз она бўлгани ва бу ҳолатни масъуллар 1 йилдан ортиқ вақт давомида яшириб юргани маълум бўлганди. Энди айтинг-чи, улар тегишли хулоса чиқариши, ана шу каби ҳолатларнинг олдини олиш борасида ишни самара келтирадиган даражада йўлга қўйиши учун яна қанча юқоридаги каби хунук воқеалар рўй бериши керак?

 

Report typo