Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

24.11.2020


197 миллион сўмлик заҳарли симоб ушланди

Вилоят божхона бошқармаси контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилди ва навбатдаги қонунбузарликка чек қўйилди.

Қарши шаҳридаги чойхоналардан бирининг олдида тўхтаб турган фуқаро Д.Х. бошқарувидаги “Кобалт” русумли автотранспорт воситаси белгиланган тартибда кўздан кечирилганда, ушбу автомашинада йўловчи сифатида келган, Чироқчи тумани Қаҳрамон қишлоғида яшовчи фуқарога тегишли бўлган, автомашинанинг олд ўриндиғига яширилган ҳолатдаги махсус идишга жойлаштирилган, оғирлиги 980 грамм ва қиймати 197 миллион сўмлик заҳарли симоб моддаси келгусида сотиш мақсадида ноқонуний сақлаб турилгани фош этилди.

Маълумот ўрнида айтиш жоиз, симобнинг қўлланиш соҳалари жуда кўп: оддий термометрлардан тортиб металлургия ва кимё саноатигача. Бироқ унинг бир томчиси ҳам ниҳоятда хавфли ва заҳарли бўлиб, очиқ ҳавода буғланиши инсон соғлиғига жиддий зарар етказади. Шундай бўлишига қарамасдан мўмай даромад топишни мақсад қилган “уддабуронлар” учраб турганлиги кўнгилни хира қилади.

Report typo