Аслида ижтимоий тармоқларнинг асосий вазифаси улар эндигина ташкил этилаётган пайтларда одамларга узоқдаги таниши билан алоқа қилиш, улар ўртасида ўзаро онлайн мулоқотни йўлга қўйиш эди. Бироқ бугун уларнинг функциялари тобора кенгайиб бормоқда.
Хўш, ижтимоий тармоқларнинг бу кенг функцияларидан ким нима мақсадда фойдаланмоқда? Шу саволга бир жавоб излаб кўрсак.
Биринчи тоифа кишилар ижтимоий тармоқлардан ДЎСТЛАР ОРТТИРИШ мақсадида фойдаланишмоқда. Дарҳақиқат, ижтимоий тармоқларнинг инсонлар ўртасидаги мулоқотни таъминлаш, турли дунё хабарларидан бохабар этиш, ўзининг иккинчи бўлагини, “севги”сини топишда инсонларга ёрдам бериш каби функциялари бор. Аммо ўша дўст ким? Унинг насли-насаби қандай? У бошқаларга “илинаётган” ахборот ҳақиқатга қанчалик яқин? Бу саволларга жавоб топиш мушкул. Топган “дўст”и яхши бўлса-ку хўп-хўп. Мияси ёт ғоялар билан заҳарланган бўлса-чи? “Оммавий маданият” тарафдори бўлса-чи?
Мутахассисларнинг фикрича, ижтимоий тармоқларга дўст топиш илинжида аъзо бўлаётганларнинг аксариятини ёшлар ташкил этаркан. Чунки ёшлар ҳар доим бошқалар ўзларига эътибор беришларини истайдилар, эътиборсизликдан эса қийналадилар. Бунинг оқибатида улар ё тушкунликка тушиб қоладилар, ё виртуал дунёга буткул шўнғиб кетадилар. Натижада ташқи дунёдан узиладилар. Ижтимоий тармоқларга боғланиб қолган ёшлар бошқалар билан мулоқотда қийналади, одамови бўлиб қолади, дўстлашишда адашади, бировга ҳамдардлик билдириш ҳақида умуман бош қотириб ўтирмайди. Фақат топган “дўст”ларининг фикри билан иш кўрадиган бўлиб қолади.
Буни ахборот технологиялари соҳасида фаолият юритаётган “Касперский лабораторияси” компанияси раҳбари Евгений Касперскийнинг фикри ҳам тасдиқлайди. Ижтимоий тармоқларга боғланиб қолиш оқибатида инсоннинг оломон фикри билан иш кўриш, тўда ортидан эргашиш хусусияти кучаяди, дейди у.
Ижтимоий тармоқлар, айниқса, ўсмир ёшларга маънавий ва психологик жиҳатдан салбий таъсир этади, чунки ижтимоийлашув жараёнининг кульминацион ўтиш давридаги ўсмирларда оғувчанлик кучли бўлади. Ижтимоий тармоқларга қарамлик натижасида ўсмирларда, ҳатто вояга етган инсонларда ҳам жамиятдан узоқлашиш, виртуалликка мойиллик устунлиги, одамовилик, қўрслик, жиззакилик, асабийлик вужудга келади.
Иккинчи тоифа кишилар АҲОЛИ БИЛАН ЭРКИН МУЛОҚОТ ҚИЛИШ истагидаги ҳокимият ва бошқарув органлари вакилларидир. Сиёсий психология мутахассисларининг фикрича, замонавий жамиятда ижтимоий тармоқлардан фойдаланишнинг асосий устунлиги - мулоқот эркинлиги ҳисобланади. Шу боис сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқлар аҳоли ва ҳокимият ўртасида кўприк, кенг ва очиқ мулоқот майдони вазифасини ҳам ўтамоқда. Burson-Mastseller компаниясининг йиллик Twiplomacy тадқиқотида қайд этилишича, бугунги кунда БМТга аъзо мамлакатлар ҳукуматлари аъзоларининг 83 фоизи Twitter тармоғида ўз аккаунтини очган. Маълум бўлишича, 63 фоиз давлат ва ҳукумат раҳбарлари унда одамлар билан мулоқот қилади.
Аммо, шу билан бирга, сўнгги йилларда интернет сиёсий курашлар майдони, турли хил манфаатларнинг кучли қуролига ҳам айланиб бормоқда. Ҳар қандай тўсиқ, чеклов ва тақиқларни айланиб ўтишга мослаштирилган ижтимоий тармоқлар бугунги кунда чинакамига жиловлаб бўлмас кучга айланди. Террорчи тўдалар, диний экстремистлар ва бошқа бузғунчи кучлар ижтимоий тармоқлар имкониятларидан кенг фойдаланган ҳолда одамлар ўртасида нифоқ чиқаришга, уруш оловини ёқишга уринишмоқда ва бунга эришишмоқда ҳам. Бундай мисолларни бугун дунёда истаганча топиш мумкин.
Яна бир тоифа кишилар ижтимоий тармоқларга МАШҲУРЛАР ҲАЁТИ БИЛАН ТАНИШИБ БОРИШ истагида аъзо бўлишади. Ижтимоий тармоққа аъзо бўлган машҳур қўшиқчи, актёр, актриса, раққоса борки, ўз саҳифасига суратлар, хабарлар жойлаштириб боради, дўстлари билан ёзишмалар қилади. Унинг ҳаёти билан яқиндан танишиш истагидаги киши эса уни кузатиб бориш, бошқаларга у ҳақдаги энг “свежий” хабарларни етказиш билан овора бўлиб, ижтимоий тармоққа қарам бўлиб қолади. У энди ўз ҳаёти билан эмас, ўша машҳурларнинг ҳаёти билан яшай бошлайди. Ҳар куни 3-4 соат умри ўша машҳурларнинг ҳаётини кузатиш билан ўтаётганини сезмайди ҳам.
Ижтимоий тармоқ - ИЖОДКОРЛАР ЎЗ ИЖОД НАМУНАЛАРИНИ ЭЪЛОН ҚИЛИШИ учун ҳам қулай восита. Масалан, ижодкорлар шеърларини, ҳикояларини омма ҳукмига ҳавола қилишлари мумкин. Ижтимоий тармоқ орқали ўз ижод намуналари ҳақида бошқаларнинг фикрини биладилар. Аммо у қандай фикр? Масалан, шеърга шеър нималигини умуман тушунмайдиган киши фикр билдириши, истаса, ўша шеърнинг қадрини йўққа чиқариши мумкин. Ёки аксинча, осмонга кўтариб мақтайди. “Лайк”лар билан тақдирлайди. Фойдаланувчи бундай “лайк”ларни яна ва яна олишни истайди ва роҳатланади. Мутахассисларнинг айтишича, гиёҳванд ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчисини мана шу боғланганлик ва роҳатланиш ҳислари бирлаштириб туради.
Ижодкорнинг ижод маҳсули “иссиғи”да доимо ўз кўзига мукаммал кўринади. Лекин кейинчалик камчиликларини пайқаб уни пишитади. Аммо “иссиғида” ижтимоий тармоққа жойлаштирилган шеърлар “лайк” олиши битмаган, мукаммал бўлмаган шеърлар кўпайишига олиб келади. Истеъдодни “ўлдиради”.
Кўраяпсизми, ижтимоий тармоқларнинг фойдаси қанчалик кўп бўлса, зарари ундан ўн чандон зиёда. Лекин ундан фойдаланишни чеклашнинг имкони йўқ. Шу боис, айниқса ёшларимизда маънавий иммунитетни шакллантириш жуда муҳим ва бу жамият учун ҳам фойдали амалиёт. Ана шу нуқтаи назардан келиб чиқиб олиб бораётган тарғибот ишларимизда ижтимоий тармоқларнинг фойдаю зиёнини аниқ кўрсатиб бера олсак, бу кутилган самарадорликка эришишда энг муҳим омил бўлади.
Садоқат ДОНАЕВА,
Қарши иқтисодиёт коллежи ўқитувчиси.