Лоқайдлик, беписандлик, ўзини, ўз манфаатини ҳаммадан устун қўйиш, худбинлик, ҳамма ва барча нарсалар менинг ҳузур-ҳаловатимга хизмат қилиши керак деб ўйлаш, шуҳратпарастлик, кибр, маҳмадоналик, тажанглик, бировни эшита билмаслик, хатосини тан олмаслик, танқидга чидамсизлик - эгоцентризм дардига дучор бўлган одамнинг белгилари. Хўш, одам қандай қилиб эгоцентрист бўлиб қолади? Қаердан йўлиқади унга бунча дард? Жавоби битта: ота-онасининг маънисиз, аҳмоқона орзу-ҳавасидан.
Баъзи ота-оналар борки, ўз фарзандларини еру жаҳонга ишонмай уни дунёнинг марказига айлантириб оладилар. Бола онгига шуни (дунёнинг маркази эканлигини) сингдиришга зўр беришади. Бола нима қилсин? Ўрганади. Бундай ота-оналар "фақат менинг боламга яхши бўлиши керак, ҳамма нарсанинг энг яхшиси фақат менинг боламда бўлиши керак", деган тамойилга амал қиладилар ва ... қаттиқ адашадилар.
Бола истаган, ҳатто истамаган, сўрамаган нарсасини ҳам қалаштириб ташлашади. Бола меҳнатни, бировга ғамхўрликни, бошқалар ҳам худди ўзи каби одам эканини билмай ўсади.
Бола боғчага боради. Ўзидек болалар билан, бегоналар билан биринчи учрашув. Тушликка овқатни ҳаммадан олдин унга олиб келишларини, овқат ҳамманикидан сергўшт бўлишини, ҳамма яхши ўйинчоқлар фақат уники бўлишини истайди. Тарбиячиларидан ота-онаси кўрсатган ғамхўрликни кутади. Кўрмагач, талаб қилади. Хархаша қилади, йиғлайди. Шу тариқа бошқалар билан биринчи учрашув биринчи тўқнашувга айланади.
Мактабга боради, муроса, бурчни билмайди. Яхши ўқиш учун жон куйдирмайди. Ота-она эса барибир боласини қўллаб-қувватлайди. Нима эмиш: "ўқитувчиси ёмон". Бошқа мактабга кўчиради. "Катта бўлса, ҳаммаси жойига тушиб кетади", деб ўзини ўзи алдайди ота-она. У катта бўлади. Унга қўшилиб талаблари, ишёқмаслиги, масъулиятсизлиги ва бошқа иллатлари ҳам вояга етади, "кучга тўлади".
Ота-онанинг белидан кучи, чўнтагидан қурби кетади. Энди эса улар бефойда, кераксиз одамга айланиб қоладилар. Худбин энди жамият билан, кўпчилик бўлиб яшаш тартиб-қоидалари билан тўқнашади. Биринчи тўқнашувдаёқ енгилади. Кейин эса жамиятдан ажралиб, "мен яхши, ҳамма ёмон", деган қулай ёлғон қобиғи ичида "уй" қуриб, яшай бошлайди. Шундай қилиб, ота-онанинг аввал-бошдан қилган мантиқсиз ҳою ҳаваси жамиятдан, ҳаётдан асоссиз норози эгоцентристни пайдо қилади. Маънавий қаровсизлик, бурчсизлик уни гиёҳвандларга, жиноятчиларга, ким мўмай пул ваъда қилса, ўшаларга топширади.
Эгоцентрист-худбинлардан даставвал ота-онаси ситам тортса, кейин бошқалар ҳам жабр кўради. Бошқаларга яхшилик қилиш, эзгу ишлар билан шуғулланиш деган тушунчалар бундай кишиларга бутунлай бегона. "Сен Ватанга нима бердинг?", десангиз, у "Ватан менга нима берди?", дейди ўқра-йиб. Чунки у туғилгани, яшаётгани, борлиги учун ҳамма унга нимадир бериши керак, деб ўйлайди. У бошқаларга фойдаланса бўладиган ё фойдаланса бўлмайдиган нарса, деб қарайди. Одам деб эмас. Гиёҳвандлар ҳам, террористлар тузоғига тез илинадиганлар ҳам, ахлоқсизликнинг учига чиққанлари ҳам, ичкиликбозликка ружу қўядиганлар ҳам, қулоғига зирак тақадиган йигитлар ҳам энг кўпи шундайлардан чиқади.
Ҳаммамиз ҳам ота-онамиз. Бўлмасак, бўламиз. Шу боис аввало оиламизни шундай хатардан асрайлик. Ўзимизга, қалбимизга кўзгу тутиб кўрайлик: фарзандимизни ўлгудек тантиқ, талтайган қилиб ўстирмаяпмизми? Уларга тарбия беришда адашмайлик. Токи, иллат ичимиздан чиқмасин.
Орзиқул ШУКУРОВ,
Шаҳрисабз ахборот технологиялари коллежи ўқитувчиси.