Барчага маълумки, мамлакатимизда ишлаб чиқаришни рағбатлантириш, давлат бюджети барқарорлигини таъминлаш мақсадида ҳар йили мавжуд солиқ ставкалари қайта кўриб чиқилади. Солиқ ва бюджет сиёсатининг жорий йилдаги асосий йўналишларидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикасининг “Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2017 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасининг 2017 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Мазкур ҳужжатлар асосида 2017 йилдаги солиқ ставкаларига бир қатор ўзгартиришлар киритилди.
Хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаси имтиёзлари узайтирилди
Республикамизда тадбиркорлик субъектларига қулай шароитлар яратиш, уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида солиқ имтиёзларини бериш ва солиқ маъмурчилигининг самарадорлигини ошириш тенденцияси 2017 йилда ҳам сақланиб қолинди.
Жумладан, хизматлар кўрсатиш ва сервис соҳасида фаолият юритувчи юридик шахсларни фойда ва ягона солиқ тўлови тўлашдан озод этиш тарзидаги солиқ имтиёзлари 12 та фаолият турига, шундан 4 таси республиканинг барча ҳудудларида ва 8 таси қишлоқ жойларда амалга оширганлик учун 2020 йил 1 январгача татбиқ этилиши белгиланди.
Ягона ижтимоий тўловни ҳисоблаш тартибларини бирхиллаштириш мақсадида 2017 йил 1 январдан бошлаб бошқа тадбиркорлик субъектлари учун белгиланган ягона ижтимоий тўловни ҳар бир ходим учун ойига минимал иш ҳақига каррали миқдорда ҳисоблашнинг амалдаги тартиби чакана савдо, умумий овқатланиш ва қурилиш соҳаси корхоналарига ҳам татбиқ этилиши белгиланди.
Шунингдек, Пенсия жамғармаси даромадлари барқарорлигини таъминлаш мақсадида ягона ижтимоий тўловнинг амалдаги ставкасини сақлаб қолган ҳолда фуқароларнинг суғурта бадаллари ставкаси 0,5 фоизга оширилиб, 8 фоиз миқдорида белгиланди.
Бозорлар балансида бўлган автомобиллар тўхташ жойларидан олинадиган қатъий белгиланган солиқ ставкалари 2 бараварга камайтирилди. Якка тартибдаги тадбиркорларнинг фаолият турлари бўйича қатъий белгиланган солиқ ставкалари 2016 йил даражасида сақлаб қолинди. Шу билан бирга, жорий йилдан бошлаб, ҳунармандларга қонунчиликда белгиланган рўйхат бўйича ҳунармандчилик фаолиятини амалга оширганлик учун энг кам иш ҳақининг 0,5 баробари миқдорида қатъий белгиланган солиқни тўлаш жорий этилди.
Ер солиғи ставкаси 15 фоизга индексация қилинди
Сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари 20 фоизга, ер солиғи ставкаси эса 15 фоизга индексация қилинди. Жисмоний шахслар томонидан тўланадиган ер солиғини ҳисоблаш жараёнини соддалаштириш мақсадида шаҳарлар ва шаҳарчаларда (Тошкент шаҳридан ташқари) зоналар бўйича табақалаштириш бекор қилинди ва ер солиғи ставкалари унификация этилиб, ягона базавий ставка белгиланди.
Уяли алоқа компаниялари томонидан абонент рақамидан фойдаланганлик учун тўланадиган тўлов 2000 сўм (2015 йилда 1500 сўм) миқдорида белгиланди.
Айрим турдаги товарлар, шу жумладан, алкоголли маҳсулотлар, қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан ясалган буюмлар билан чакана савдо қилиш ҳуқуқи учун йиғим ҳамда автотранспорт воситаларини вақтинча сақлаш бўйича пулли хизматларни кўрсатиш ҳуқуқи учун йиғимнинг йил бошидаги энг кам иш ҳақи (149 775 сўм) миқдоридан келиб чиқиб тўлаш тартиби жорий этилди.
Жисмоний шахслар мол-мулкига солинадиган солиқнинг амалдаги ставкаси 15 фоизга индексация қилинди ва солиқнинг асосий ставкаси мол-мулкнинг инвентаризация қийматига нисбатан 1,7 фоиз (2015 йилда 1,5 фоиз эди) миқдорида белгиланди ва мол-мулкнинг инвентаризация қийматидан, бироқ 3 миллион сўмдан кам бўлмаган миқдордан келиб чиқиб солиқ ҳисоблаш тартиби сақлаб қолинди.
Бундан ташқари, бошқа аҳоли пунктларида жойлашган, умумий майдони 200 квадрат метрдан ортиқ бўлган турар жой ва квартиралар учун жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ставкалари 2,1 фоиз миқдорида белгиланди.
Солиқ кодексининг 38 та моддасига ўзгартиш ва
қўшимчалар киритилди
Ўзбекистон Республикасининг “Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2017 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни билан Солиқ кодексининг 38 та моддасига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Маълумки, айрим солиқ тўловчиларга солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича имтиёзлар берилган. Табиийки, ушбу даврда солиқ тўловчининг ихтиёрида солиққа тортилмайдиган маблағ сақланиб қолади. Тегишли имтиёзларнинг амал қилиш муддати ичида мазкур маблағнинг бир қисмидан фойдаланилмай қолиши ҳам мумкин. 30-моддага киритилаётган қўшимчага кўра, бу маблағ мазкур имтиёзларнинг амал қилиш муддати тугаганидан кейин бир йил мобайнида имтиёзлар берилаётган чоғда белгиланган мақсадларга йўналтирилиши мумкин. Бунда кўрсатилган муддатда фойдаланилмаган маблағлар Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетига ўтказилади.
59- ва 61-моддаларга киритилаётган ўзгартишлар солиқ қарзи тўлов муддати ўтган пайтдан бир йил мобайнида ундирилмаган бўлса, қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам миқдордан оз бўлган ҳолларда ҳам мажбурий ундирувга қаратиш чораларини қўллашни кўзда тутади.
126-моддага киритилаётган ўзгартириш нотижорат ташкилотларининг бошқа даромадларига тадбиркорлик фаолиятидан олинган даромад сифатида қаралмаслигини белгилайди. Шунингдек, нотижорат ташкилотида фойда солиғи тўловчиси сифатида тан олинмайдиган даромадлар тури аниқ кўрсатилмоқда. Худди шундай ўзгартиришлар Солиқ кодексининг 197-, 257-, 265-, 279- ва 295-моддаларида ҳам назарда тутилмоқда.
Фоизсиз молиявий ёрдам олувчининг даромади аниқлаштирилади
Амалдаги солиқ қонунчилигига мувофиқ текин олинган мулкий ҳуқуқлар солиқ солиш объекти ҳисобланади ва бунда даромад бозор қиймати бўйича аниқланади. Лекин амалиётда пул маблағи - қарз фоизсиз текин фойдаланишга берилганда, унинг бозор қийматини аниқлаш қонун ҳужжатларида аниқ ёритилмаганлиги сабабли ушбу нормани қўллаш бўйича назорат қилувчи органлар ва солиқ тўловчилар томонидан ҳар хил талқинлар юзага келмоқда. Киритилаётган қўшимча фоизли даромад тўлаш мажбуриятисиз заём берилганда даромадни (иқтисодий нафни) аниқлаштиришга қаратилган. Шундан келиб чиққан ҳолда, 135-моддага киритилаётган ўзгартишларда заём ва моддий ёрдам олувчида даромадни аниқлаш тартиби белгиланмоқда.
178- ва 179-моддаларга киритилаётган ўзгартишлар Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори асосида бериладиган совғалар бошқа даромадлар сифатида тан олинишини, шу билан бир вақтда уларни жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод этишни назарда тутади.
290-моддага киритилаётган ўзгартиш тадбиркорлик фаолиятида фойдаланиладиган ер участкалари учун ёхуд кўчмас мулк юридик шахсга ёки якка тартибдаги тадбиркорга ижарага берилганда жисмоний шахс учун белгиланган имтиёзни татбиқ этиш қисмидаги нормани чиқариб ташлашни назарда тутади. Чунки бундай ҳолларда жисмоний шахслардан ер солиғи юридик шахслардан олинадиган ер солиғини тўлаш учун белгиланган ставкалар бўйича ундирилади ҳамда ушбу кодекснинг 290-моддасида кўрсатилган имтиёзлар уларга нисбатан татбиқ этилмайди.
Бинобарин, Солиқ кодексининг 282-моддаси иккинчи қисми (солиқ солинмайдиган ер участкалари жумласига кирадиган ерлар)да кўрсатиб ўтилган ер участкаларига эга бўлган жисмоний шахслар ушбу ер участкаларидан фақат тадбиркорлик мақсадида фойдаланмоқда. Бу Солиқ кодексининг 290-моддасига зиддир.
Йил бошида белгиланган йиғим миқдори қайта кўриб чиқилмайди
347-моддага киритилаётган ўзгартиш товарларнинг айрим турлари билан чакана савдо қилиш ва айрим турдаги хизматлар кўрсатиш ҳуқуқи учун йиғим миқдорини энг кам иш ҳақи миқдори ўзгарганда қайта кўриб чиқиш бўйича нормани чиқариб ташлашни назарда тутади. Ушбу ўзгартиш йиғим миқдори йил бошида белгиланган энг кам иш ҳақидан келиб чиқиб аниқланади ва энг кам иш ҳақи миқдори йил давомида ўзгарган тақдирда ҳам қайта кўриб чиқилмайди. Худди шундай норма жисмоний шахслар даромадига солиқ солиш шкаласини ва қатъий белгиланган солиқ суммасини аниқлашда қўлланилиши назарда тутилган.
352-моддага киритилаётган ўзгартиш савдо соҳасида фаолият юритаётган микрофирма ва кичик корхоналар учун ягона солиқ тўловини қўшимча хабарнома бермаган ҳолда тўлашни сақлаб қолишни назарда тутади. Савдо ва умумий овқатланиш корхоналари ягона солиқ тўловини танлаш ҳуқуқисиз тўлайди.
Бунда агар субъект савдо корхоналари мезонига мос келмаса, у умумбелгиланган солиқлар тўлашга ўтиши шарт, ягона солиқ тўлови тўлаш ҳуқуқини сақлаб қоладиган микрофирма ва кичик корхоналар бундан мустасно, бироқ бу ҳақда солиқ органини хабардор қилиш лозим бўлади.
375-моддага киритилаётган ўзгартиш якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтилган пайтдан бошлаб ўн икки ой ичида фаолият тугатилган ёки фаолият уч ва ундан кўп ойга тўхтатилган тақдирда қатъий белгиланган солиқ фаолият амалга оширилган бутун давр учун тўланишини назарда тутади.
Ушбу ўзгартиш якка тартибдаги тадбиркор томонидан фақат имтиёз даврида фаолият юритган ҳолда имтиёз муддати тугагандан сўнг фаолиятини тўхтатиш ва имтиёзни асоссиз қўллаш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида киритилмоқда. Бу ўз навбатида берилган имтиёзлар самарадорлигини оширишга хизмат қилади ҳамда бюджетга тўловлар тўғри тўланишини такомиллаштиради.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш керакки, солиқ соҳасида бўлаётган янгиликлар, қонунчиликка киритилган ўзгартиришлар мамлакатимизда ишлаб чиқариш, кичик бизнес ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, юртимиз иқтисодиёти барқарорлигини таъминлашдек эзгу мақсадларга хизмат қилади.
Сирожиддин ЭШМАТОВ, вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи в.в.б., солиқ хизматининг 1-даражали маслаҳатчиси