Одам содда бўлмаслиги керак. Каттароқ ишга бел боғладими, аввал паст-баландини сўраб-суриштиргани, биладиганларга маслаҳат солгани маъқул. “Кенгашли тўй тарқамас” деб халқимиз бежиз айтмаган.
Қонунни билмаган, “йўл-кўча”ни тушунмаганлар эса турли фирибгарлар тузоғига тушиб қолаверади. Мисол учун, Тошкентда яшайдиган одам косонлик кишига Қаршидан уй сотиши мумкинми? Балки мумкиндир. Аммо буни дастлаб эшитган одамда, табиийки, шубҳа пайдо бўлади. Айримларнинг ишонувчанлиги панд бериб қўяётгани ҳам бор гап.
Хуллас, воқеа шундай бўлади: Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани ТТЗ-2 мавзесида яшовчи К.О. Косон тумани Обод қишлоғида яшовчи Р.Л.нинг ишончига кириб, Қарши шаҳар Жайҳун кўчасида кам таъминланган оилалар учун қурилган кўп қаватли уйлардан бирини арзон баҳода, яъни 4 минг АҚШ долларига сотишини айтади.
Арзоннинг шўрвасига учган Р.Л. 2019 йил 13 ноябрь куни Қарши шаҳридаги “Пойтахт” чойхонаси олдида дастлаб 1 минг 200, 2019 йил 7 декабрь куни “Хонзода” супермаркети олдида 1 минг 500, 2019 йил декабрь ойи охирида эса 5 миллион 300 минг сўм, 2020 йил март ойига қадар яна 700 АҚШ доллари, жами 37 миллион 700 минг сўм миқдоридаги пулни тутқазади. Уй сотгич киши эса пулни олиб, қорасини ўчиради.
Кейин эса Қарши шаҳар Мағзон маҳалласида яшовчи Ў.П.ни “Epsilon Development Company” МЧЖга ишга киритиб қўйиш эвазига 2 минг доллар сўрайди ва бўлиб-бўлиб минг долларни қўлга киритади. Пичоқ бориб суякка қадалгач, на пулдан, на уй ва на ишдан дарак бўлавермагач, ички ишлар органларидан ёрдам сўрашга мажбур бўлишади. Вилоят ИИБ хабарига кўра, ҳолатлар юзасидан К.О.га нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Н.ХЎЖАЕВ