Халқ орасида "Ер сурати" номи билан машҳур бўлган мазкур асарда муаллиф шаҳарлар, тоғлар, дарёлар, ороллар ва денгизлар тасвирига, уларнинг жойлашиш ўрнига алоҳида аҳамият берган. Ал-Хоразмийнинг кўплаб алломалардан фарқли жиҳати шунда эдики, у фойдаланган адабиётларига танқидий кўз билан қарарди. Биргина машҳур олим Птолемейнинг нуфузи фан оламида шу қадар муҳим аҳамият касб этганки, унинг қарашлари замондошлари томонидан ўзгармас қонун даражасида улуғланган эди. Бироқ "Китоб сурат ал-арз" асарини ёзишга киришган ал-Хоразмий ўзгача ёндашув сабаб буюк юнон олими Клавдий Птолемей маълумотларини янгилай олди ва ҳаётий ҳақиқатга бирмунча яқинлаштирди.
Птолемей ўз асарида дунёни Ғарбдан Шарққа томон тавсифлаган бўлса, ал-Хоразмий эса Жанубдан Шимолга йўналган ер харитасини иқлимлар бўйича жойлаштирди. Шунингдек, Птолемейнинг асарида учрамаган географик маълумотлар, жой номлари, шаҳарлар, денгизу кўллар Хоразмий яратган харитада тўлароқ аксланди. Хусусан, у Марказий Осиё, Шарқий ва Шимолий Осиё ерлари тафсилотига алоҳида аҳамият берди.
1894 йилда Италия Фанлар академиясининг махсус илмий ҳайъати ал-Хоразмийнинг "Китоб сурат ул-арз" асарини чуқур таҳлил этиб, ер юзида машҳур бўлган мазкур ноёб қўлланма Птолемейнинг "География" асаридан тубдан фарқ қилишини аниқлади.
Птолемей Скандинавия ярим оролини билмаган. Шунингдек, у Африканинг шимоли-ғарбий қисмидан Испания чегарасигача бўлган ҳудудни ўткир бурчак шаклида ифодалайди. Шимолий Африка ерлари харитасида Ғарбдан Шарққа томон чўзилган ҳудуд сатҳи ниҳоятда кенг тасвирланган. Бу ҳақиқатдаги тасвирдан 20 даража ортиқ дегани. Ал-Хоразмийнинг харитасида эса адашишларга йўл қўйилмаган.
Тўғри, Птолемей Осиёнинг Ўрта ва Қора денгизларига, Қизил ва Арабистон денгизларига ҳамда Форс кўрфазига ёндашган қисмларини бирмунча тўғри ифодалаган. Бироқ Осиёнинг ички сарҳадларига кириб борган сари Птолемейнинг хатолари кўпая боради. Масалан, Орол денгизига оид маълумотларини Амударё ва Сирдарё Каспий денгизига қуйилади, деган тахмин билан якунлайди.
Ал-Хоразмий эса Каспий денгизининг кўринишини харитада анча аниқлик билан тасвирлайди. Айниқса, Кавказ, Шарқ ва Марказий Осиёнинг ҳудуд харитаси аниқлиги, янгича ёндашилгани билан ажралиб туради. Умумий ҳисобда "Китоб сурат ул-арз" асарида 537 та шаҳар, 429 та тоғ, 316 та денгиз, 265 та орол, 56 та давлат, 799 та дарё ва булоқ рўйхати келтирилган. Хоразмий 2402 та жойга изоҳ бериб, шундан 936 тасининг номини кўрсатган бўлса, 1466 таси номсиз шаклда бўлган.
Асарда 4 та ҳудудий харита тасвирланган: Нил ҳавзаси, Ўртаер денгиз, Жавҳарлар ороли ва Кўл. Улардан Кўл харитаси ноёблиги билан ажралиб туради. Чунки унда Азов денгизининг мукаммал ва мураккаб тасвири ўрин олган. Шунингдек, денгизга қуйиладиган катта-кичик дарёлар, уларнинг манбалари - тоғлар, кўллар ва чашмалар ўз аксини топган. Уларнинг координатлари аниқ рақамлар ёрдамида ифодаланган. Тоғлар таърифи эса турли рангларда изоҳланган.
Ал-Хоразмийнинг мазкур асарида келтирилган айрим маълумотлар Батонийнинг "Зиж" асарига ва XI асрда испаниялик араб астрономи аз-Заркалийнинг "Толедо жадваллари"га киритилган. Шунингдек, венгер олими Цегледи "Дунайбўйи мамлакатларининг Хоразмийгача харитаси"ни ал-Хоразмийнинг мазкур асаридан фойдаланган ҳолда нашр эттирган.
Замира РЎЗИЕВА тайёрлади.