Бузиш осон, қуриш қийин, дейдилар. Ҳокимликлар учун эса бузиш писта чақишдай осону, пулини тўлашга келганда пайсалга солиш, овораю сарсон этиш жуда кучли. Яккабоғда содир бўлган, ўзига тегишли нотурар жой биноси бузиб ташлангани учун ҳокимият амалдорига ўт қўйган тадбиркор воқеаси ҳали кўпчиликнинг эсидан чиқиб улгурмаган бўлса керак.
Шу туманлик бир гуруҳ тадбиркорлар адлия бўлимига мурожаат қилишган. Унда айтилишича, Эски Яккабоғ қишлоғи ҳудудидан ўтувчи умумфойдаланув давлат аҳамиятидаги 4R84 “Яккабоғ-Чироқчи-Шўрбозор” автомобиль йўли қайта реконструкция қилиниши муносабати Яккабоғ тумани ҳокимининг қарорига асосан тадбиркорларга тегишли бўлган нотурар бинолар бузиб ташланган бўлса-да, туман ҳокимлиги томонидан белгиланган компенсация пуллари тўлаб берилмаган.
Шунга кўра, туман адлия бўлими томонидан ўтказилган ўрганиш натижасида аниқланган ҳолатлар бўйича Ибн Сино маҳалласида яшовчи О.Р., Гулистон МФЙ Эдилбек қишлоғида яшовчи Э.У., Татаргузар қишлоғилик Т.Г., Мустақиллик маҳалласида яшовчи Т.Ш., Ш.Н., Эски Яккабоғ маҳалласилик Қ.Ю. манфаатларини кўзлаган ҳолда фуқаролик ишлари бўйича Яккабоғ туманлараро судига даъво аризалари киритилди.
Адлия бошқармасидан хабар беришларича, суд фуқаролик ишларини мазмунан кўриб чиқиб, фуқароларга жами 587 миллион 233 минг сўм компенсация пулларини ундириш юзасидан ҳал қилув қарори чиқарган.