Ўз навбатида, унинг бу хатти-ҳаракати қуйидаги ажойиб афоризмга тўла мос келарди: “Рус кишиси қандай яшай олса, шундай ўла олади ҳам”.
Ҳақиқатан шундай. Толстойнинг ҳаёт ва ўлим йўли шу қадар сир-синоатга тўла эдики, бу унинг бутун ҳаёти ва адабий фаолиятини қамраб олганди. Ҳарҳолда бу ҳодиса ўша даврда Россия ва дунё миқёсидаги долзарб воқеага айланганди. Айтиш мумкинки, бутун олам Толстойнинг ўлими билан яшаганди. У ҳақдаги ҳар қандай суҳбатда “нега у қочиб кетди?” “қаерга кетаётган эди?” “нимани истаганди?” каби саволларни четлаб ўтишнинг имкони йўқ эди. Саволлар эса жавобсиз қоларди.
Тўғрироғи, жавоблар ҳаддан зиёд кўп эди. Ўз ўрнида жамоатчилик назарида тасдиқланган энг машҳур жавоблардан бири шундай эди: “Толстойни черковдан ҳайдашди ва у бундан кучли қайғуга тушди. Шу боис у ўлими олдидан тавба қилиш учун Оптина саҳроси томон йўлга чиқди. Бироқ бунга улгурмади ва йўлда ҳалок бўлди”.
ЁЗУВЧИ ВА ДАВЛАТ ТЎҚНАШУВИ
Лев Николаевичнинг сўнгги хатти-ҳаракатлари ва уни кузатиб борган шахсларнинг гувоҳликлари полиция протоколига киритилган. Унга мувофиқ, Толстой ҳақиқатан ҳам Оптина саҳросида бўлади. Сўнг опаси яшайдиган Шамордино қишлоғига боради. У ердан кейин Козельск ва Белёв манзилларига ташриф буюради. Охирида Новочеркасскда умргузаронлик қилаётган жияниникига бориб, сўнг хорижга чиқувчи паспорт олмоқчи ва Болгария томон кетмоқчи бўлади. Агар нияти амалга ошмай, Болгарияга кета олмаса, Кавказга жўнашни кўзлайди. Демак, Оптина саҳросига бориш Толстойнинг хаёлида ҳам бўлмаган. У бу саҳродан худди Ясная Полянани тарк этгани каби ўтиб кетган.
Маълумки, Толстой покланишга эҳтиёж сезмаган. Бундай нотўғри талқинни унинг номидан қалбаки сана билан кейинчалик ёзиб қўйишади. Епископ (христианларда руҳонийларнинг олий унвони ва шу унвондаги руҳоний; архиерей) Тульский Парфений Толстой ўлимидан бироз аввал “ёзувчи черков билан яқинлашиш ниятида” дея бир қанча интервью беради. Бироқ ҳақиқат бутунлай бошқача эди. Мамлакат вазирлар маҳкамасининг раиси Пётр Столипин синодга (синод - Октябрь инқилобидан илгариги Россияда: православ черковининг бош идораси; патриарх ҳузуридаги кенгаш) расмий равишда Толстой атрофидаги миш-мишларга аниқ ечим топишни буюради. Негаки, Толстойнинг касаллиги ҳақидаги сўнгги хабарлар “юқори доира”дагиларда хавотир уйғотганди. Ўз навбатида, синод зудлик билан епархия раҳбариятига хабар беради ва Лев Толстой билан алоқа ўрнатишни ва уни черков олдида покланишга кўндиришга ҳаракат қилишни топширади. Аслида Толстойни тавба қилдиришдан фақат черков эмас, балки давлат ҳам манфаатдор эди.
Шундан сўнг “Толстой тавба қиладими ёки йўқми” деган масала давлат хавфсизлиги масаласига айланади. Бу бўрттириш эмасди. Ўша воқеаларнинг гувоҳи бўлган адабиётшунос Алексей Суворин шундай ёзади: “Бизда иккита подшоҳ бор - Николай II ва Лев Толстой. Улардан қайси бири кучли? Толстой, шубҳасиз, Николайнинг тожи ва сулоласини титратиб турибди. Унга ким ҳам тегина олиши мумкин? Мабодо кимдир шунга журъат қилса, бутун дунё бу борада жар солади ва шунда бизникилар тилини тийиб қолади”.
Сирасини айтганда, Лев Толстой билан ҳокимият ўртасидаги бундай кураш учун аввало ҳокимиятнинг ўзи айбдор эди. Чунки улар анчадан бери Толстойни черковдан четлаштириш масаласини кўришаётган эди. 1888 йили епископ Херсонский Никонор файласуф Николай Гратага шундай ёзганди: “Биз Толстойни ҳақиқатан ҳам четлаштирмоқчимиз”. Аммо, шунга қарамай, охирги қарорни подшоҳ айтарди. Александр III бундай даражадаги ёзувчининг черков билан муносабатларини ўта жиддий тарзда ҳал этиш кераклигини тушунарди. У шундай деганди: “Мен Толстойга поклик гулчамбарини тақишни истамайман”. Аммо унинг ўғли Николай II отасининг огоҳлантиришини инобатга олмади ва Толстойни черковдан четлаштириш 1901 йилда содир бўлди. Натижада бу ҳодисадан сўнг Толстойнинг обрўйи жуда ошиб кетади. Таъбир жоиз бўлса, “ёзувчи ва давлат тўқнашуви”да ёзувчи устун келганди.
Кейинги воқеалар ўртадаги қарама-қаршиликни ғоят жиддийлаштириб юборди. Айниқса, бу Толстойнинг нашриётга алоқадор лойиҳалари билан боғлиқ эди. Унинг халқ учун китоблар чоп этувчи “Посредник” фирмаси ҳамиша ўткир цензура таъқиби остида эди. 1885 йилдан то 1889 йилгача бу ерда чоп этилган китобларнинг умумий адади 12 миллионга етади. Бу рақамлар янада ортиши мумкин эди. Бироқ бунга йўл қўйишмади. Ўшанда ҳукуматнинг нашр этиш ишлари бўйича бош бошқармаси раҳбари Евгений Феоктистов тортинмасдан “Посредник”дан жирканчроқ ҳеч нарса йўқ ва бўлиши ҳам мумкинмас” деганди.
10 ЙИЛ ДАВОМ ЭТГАН ҲАҚОРАТЛАР
“Бу ерда қандай жирканч нарса бўлиши мумкин” деган савол кўпчиликни қийнарди. Оқибатда Фёдор Достоевскийнинг “Ака-ука Карамазовлар” асаридан парчани халққа тарқатишга йўл қўйишмади. Чунки асардаги “Қария Зосим ҳикоялари” “православ ғояларига зид” дея баҳоланди. Шундан кейин “Ҳар кунги мақоллар” китобини ҳам тақиқлашди. Унда ҳам “черков ғоялари ва подшоҳ хонадонидаги насл-насаб жадвалига мос ҳеч нарса йўқ” деб айтилди.
Лев Толстой эса буларнинг барчасидан бош олиб кетишни истади. Бироқ Толстой ўзига бўлган босим ва ҳақоратларга чидашга мажбур бўлади. Бу ҳам етмаганидек, Иоанн Кронштадтский Толстойнинг ўлимини оммавий тарзда сўради: “Эй Худо, илоҳим бу ер юзидан ёвуз ва дахрий Толстойни йўқот!” (“Кун янгиликлари” газетаси, Москва, 1908 йилнинг 14 июль сони). Кундаликларда эса Иоаннинг сўзлари шундай тарзда келтирилган: “Эй Худо, ўзига маҳлиё бу ёвузни ер юзидан даф қил”.
Бу каби ҳақоратлар 10 йил давомида Толстой бошига муттасил ёғилди. Бу ҳақда ҳатто оламшумул миш-мишлар, латифалар тўқилди. Улардан бирида шундай дейилади: “Москва ҳушёрлик жамияти Толстойни ўз сафидан четлаштирди. Чунки граф (Лев Толстой) жамиятнинг фахрий аъзоси ва фахрли рус ҳушёр кишиси саналарди, айнан мана шу ҳушёрлиги учун ҳам у художўй бўлолмасди”.
Толстой атрофдаги воқеаларга хотиржам қаради, у индамай ишлади, ўйлади, ер ҳайдади. Кутилмаганда ҳеч қандай режа ва сабабсиз уйидан бош олиб кетади. Кейинчалик маълум бўлдики, у тўғри ўлим томон йўл олганди. Ёки бунинг бошқа сабаби бўлганмикин?
Мазкур сирли хатти-ҳаракат бўйича билдирилган кўплаб фикр-мулоҳаза ва тахминлар ичида протоиерей (олий мартабали руҳоний) Сергей Булгаков энг мақбул таъриф беради: “Толстойнинг ўлими унинг ажойиб ҳаёт йўлини ёритди. У ҳақиқатга чанқоқ одам эди”. Чиндан ҳам Лев Толстой шунчаки олий ҳақиқатни излаш учун йўлга чиққанди. Негаки, у бу ҳақиқатни ўз уйида, ўз атрофида тополмаганди. Ёзувчи буни ўз ўлимида топган бўлса ажабмас.
Муаллиф: Константин Кудряшов.
Рус тилидан Азизбек НОРОВ таржимаси.
“Аргументы и факты” газетаси сайтидан олинди.