Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
13 май, пайшанба. 2021 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Жамият
  • Абдухолиқ бобо БОЙМИРОВ: УРУШ - БУЮК МУСИБАТ, ТИНЧЛИК ЭСА ЭНГ ОЛИЙ НЕЪМАТ!

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

30.04.2021


Абдухолиқ бобо БОЙМИРОВ: УРУШ - БУЮК МУСИБАТ, ТИНЧЛИК ЭСА ЭНГ ОЛИЙ НЕЪМАТ!

Эътибор ва ғамхўрлик - инсоний бурч

Чироқчи туманидаги Додиқ қишлоғининг бир томони гавжум аҳоли яшаш манзиллари, яна бир томони поёнсиз адирликларга туташиб кетган. Бу катта қишлоқда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Абдухолиқ бобо Боймиров ҳақида кимдан сўраманг, дарров у киши истиқомат қилаётган хонадонга қандай бориш йўлини тушунтиришга тушади. Зеро бу ерда ёшу қари Абдуҳолиқ бобони бирдек танийди.

Аввалига биз ҳам қишлоқ жой, ҳамма бир-бирини танийди, деб ўйлагандик, аммо оқсоқол билан кўришиб, суҳбатлашиш асносида унинг ҳақиқатан ҳам эл ичидаги одам эканлигига амин бўлдик.

Абдухолиқ бобо бу йил 97 ёшни қаршиламоқда. Аммо ҳаракатлари енгил, ҳали-ҳамон қишлоқдаги тўй-маракаларга ўзи бош-қош бўлиб, ёшларга йўл-йўриқ кўрсатиб туришдан чарчамайди. Суҳбати мароқли, ҳазил-ҳузулни ҳам ўрнига қўяди. Содда, самимий ва тўғрисўз инсон. Бобо билан исталган мавзуда маза қилиб суҳбатлашиш мумкин, фақат бир нарса ҳақида  гапиришни кўпам хўшламайди. Бу - уруш.

- Умримнинг асосий қисми тинч, осуда кунларда кечди, - дейди Абдухолиқ бобо. - Бунинг учун Яратганга шукрона айтишдан чарчамайман. Айниқса, бугунги даврларни айтмайсизми. Ҳар доим эъзозда, эътиборда эканлигингни ҳис этиб яшаш инсонга қанчалар қувонч улашишини таърифлашим қийин. Қўни-қўшнилар, меҳнат жамоалари тез-тез йўқлаб келишади. Шифокорлар доим ҳолимдан хабардор бўлиб туришибди. Ҳар йили Президентимиз биз - уруш қатнашчиларига катта эътибор кўрсатиб, пул мукофотлари бермоқда. Турли ташкилотлар совға-салом билан йўқлаб келишади. Бундай ҳурмат-эътибордан кўзимга ёш келади. Ўзимга ўзим фронтда қон кечиб юрган кунларим шундай даврларда яшашимни ўйлабмидим, деб савол бераман. Йўқ, ўйламаганман. У вақтларда урушдан соғ-омон қайтиш ҳақида ўйлаш ҳам ушалмас орзу бўлиб кўринарди.

Бобонинг ўзи шу ҳақда гап очганидан фойдаланиб секин Иккинчи жаҳон уруши, фронтда кўрган-кечирганлари ҳақида сўраймиз.

- Уруш бошланган йили 17 ёшда эдим, - дейди оқсоқол. - Ҳали 18 га тўлмаганим учун мени фронтга олишмаганди. Орадан бир йил ўтиб, 1942 йилнинг май ойида армияга жўнайдиган бўлдим. Биз жўнаётган сафда қишлоғимиздан, қўшни қишлоқлардан ҳам жуда кўп йигитлар бор эди. Ҳаммамизни аввалига Астрахань шаҳрига олиб бориб, бир муддат ҳарбий тайёргарликдан ўтказишди. Кейин алоҳида-алоҳида қисмларга қўшиб, жангга жўната бошлашди. Мен, адашмасам, 1942 йилнинг сентябрь ёки октябрь ойларида Сталинград шаҳри остонасидан жангга қўшилганман.

Пиёдалар қўшинида жангни бошлаган Абдухолиқ Боймиров ўша даҳшатли кунларни хотирлар экан, кўплаб сафдошлари кўз олдида ҳалок бўлгани, бирига ўқ, бирига снаряд парчаси тегиб, танаси титилиб кетганини кўриб, аввалига бу ваҳшийликдан ўзини йўқотиб қўйганини яширмайди. Кейин эса бутун вужудини душманга бўлган кучли нафрат эгаллаб, ҳамма нарсани унутгани ва ўртоқлари учун қасос олиш мақсадида фақат олдинга интилганини айтади. Ўнлаб оғир жангларда иштирок этиб, кўрсатган жасоратлари эвазига кўксини медаллар безай бошлади. Аммо...

Абдухолиқ бобо Сталинград шаҳри атрофидаги қишлоқлардан бири учун кечган шафқатсиз жангни ўкинч билан эслайди.

- Бу қишлоқдан душманни ҳайдаб чиқариш учун катта тайёргарлик кўрган эдик, - дейди у. - Аммо бу жой жуда муҳим бўлгани учун фашистлар тиш-тирноғи билан курашарди. Ҳар томондан ўқлар ёмғирдек ёғилар, снарядларнинг портлаши, танк, самолётлар овозидан қулоқларимиз битиб қолган эди. Душман томондан ҳам, биздан ҳам жуда кўп киши ҳалок бўлди. Мен ҳам елкамга ўқ тегиб, ҳушимдан кетган эканман. Ўзимга келганимда госпиталда ётардим.

Абдухолиқ Боймировнинг жароҳати  жуда жиддий эди. Узоқ вақт даволанганидан сўнг шифокорлар уни 1-гуруҳ ногирони сифатида рўйхатга олиб, уйга қайтариб юборишди.

Абдухолиқ бобонинг айтишича, уйга келиб ҳам изтироблари аримаган. Қишлоқда асосан қариялар, болалар ва аёллар қолган, ҳамма эрталабдан кечгача далада оғир меҳнат қилар, йўқчилик, очарчилик одамларнинг силласини қуритган эди. Пайдар-пай урушдаги яқинларидан қорахат олаётган оилалар ҳолинику тасаввур этиш ҳам қийин.

- Буни кўриб мен ҳам ногиронлигимни унутиб, аскар либосимни иш кийимига алмаштирдиму, меҳнатга киришдим, - дейди у.  - Колхозда "табелчи" бўлиб ишлай бошладим. Хуллас, урушда ҳам, урушдан кейин халқ хўжалигини қайта тиклашда ҳам кўп қийинчиликлар ўтди бошимиздан. Яна бир бор Яратганга шукур айтаманки, бугунгидек дориломон, инсон қадр топган кунларни кўриш ҳам насиб қилди.

Абдухолиқ бобо яна суҳбат мавзусини урушдан ўзи истаган, қайта-қайта айтиб бериб ҳам чарчамайдиган мавзуга буради.

- 2017 йилда Президентимиз ғамхўрлиги билан бир гуруҳ Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари Ҳаж зиёратига бориб келдик, - дейди у. - Маккаю Мадинадек табаррук жойларда юртимиз тинчлиги, муқаддас Ватанимиз равнақи,  халқимиз фаровонлигини тилаб дуойи хайрлар қилдик. Шу кунларга етказгани учун Аллоҳ таолога шукурлар айтдик.  2018 йилда эса   Президентимиз биз - уруш қатнашчиларини Кавказ тоғлари бағридаги сўлим дам олиш оромгоҳига юборди. У ерда бизга бўлган эътибор, дам олишимиз, даволанишимиз учун яратиб берилган шарт-шароитларни таърифлаб бериш қийин. Маза қилиб дам олиб, янада   соғлом, тетик бўлиб қайтдик. Хуллас, бизга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликларни айтаверсам адоғи йўқ.

Пиру бадавлат отахон Абдухолиқ бобо Боймиров бугун фарзандлари, невара-чеваралари ардоғида умргузаронлик қилмоқда. Ўзи айтганидек, ҳар бир дуосида бугунги тинч, фаровон кунларда яшаётганига шукрона келтиради. Ёшларга уруш буюк мусибат, тинчлик эса энг олий неъмат эканини уқтиришдан чарчамайди.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

Собир НАРЗИЕВ олган сурат

Report typo