Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Азизбек НОРОВ

18.03.2017


Абдусаид УМАРОВ: “КУРАШ – ЎЗБЕКНИНГ ОР ТАЛАШГАН СПОРТИ”

ДУНЁ БЎЙЛАБ ЯНГРАЁТГАН ЎЗБЕКЧА КАЛОМ

- Кураш – миллий маънавий бойлигимиз. У нафақат беллашув, балки ор-номус ифодаси ҳамдир. У худди миллатимиз билан бирга шакллангандек, қон-қонимизгача сингиб кетган. Соҳибқирон Амир Темур ҳам ўз аскарларини кураштириб чиниқтирган, жангларга тайёрлаган. Йилдан-йилга, асрдан асрга ўтиб, кураш спорти сайқал топган, бойиб бораверган. Аммо собиқ тузум даврида ўзбек ўғлонлари  қадимий курашимиз билан шуғулланиб, расмий мусобақаларда фақатгина самбо бўйича беллашарди. Шунга мажбур эди. Уларни ҳеч ким курашчи номи билан айтмасди,  ўзбек кураши бўйича чемпион бўлиш имкони йўқ эди уларнинг. Юртимиз мустақилликка эришгач,  мамлакатимизнинг Биринчи Президенти  Ислом Каримов раҳнамолигида миллий қадриятларимизни тиклаш ва ривожлантиришга қаратилган эътибор натижасида миллий кураш спорти қайта туғилди. Истиқлолнинг илк йилларидан Термиз, Шаҳрисабз каби шаҳарларда миллий кураш бўйича халқаро турнирлар ташкил этилди, нуфузли халқаро спорт анжуманларида ўзбек кураши кенг тарғиб қилинди. Натижада Кураш халқаро ассоциациясига асос солинди. 1999 йилнинг май ойида Тошкент шаҳрида кураш бўйича биринчи жаҳон чемпионати ўтказилди. Бугун ўзбек кураши бўйича  ўзга юртларда ташкил этилаётган мусобақаларда “таъзим”, “кураш”, “тўхта”, “ёнбош”, “чала”, “дакки”, “ҳалол” каби сўзлар турли миллат вакиллари томонидан айтилмоқда.

“... - Мўмин муаллим, мана, сиз ўқимишли одамсиз, уйингизда китобингиз кўп, деб эшитаман. Сиз айтинг, нега энди бир ланж классик кураш бутун жаҳон спорти бўлади-ю, ўзимизнинг олишни фақат тўйда ё “Ҳосил байрами”да кўрамиз? Ё, олишимиз спорт эмасми?

- Спорт ҳам гапми, санъат! Кўряпсизми, Тиловбердининг ўйнаб олишувини. Буни ҳеч қайси тренер, секция ҳам ўргатолмайди.

- Бали! Узоқларга қараб яшаймизу, оёғимиз остидаги гавҳарни кўрмаймиз.

- Отангизга раҳмат! Яқинда Москвада ўқиётган Жаббор бир олим ошнасини олиб келди. Олишни томоша қилдирди. Ошнаси ҳайрон бўлиб, нима деди денг, булар жисмоний тарбия мактабини битирганми, деди...”

Тоғай Муроднинг  “Юлдузлар мангу ёнади” қиссасидан.

ПОЛВОН - ЭЛ-ЮРТ ВА МИЛЛАТ ҒУРУРИ

- Биласизми, полвонларда миллий ғурур, юрт шаънини ҳимоя қилиш каби фазилатлар кучлироқ бўлади. У курашга тушар экан, ўз ори, оиласи, қишлоғи мавқеи учун олишади. Келинг, бир ривоятни ёдга оламиз. Ватанимизнинг фарзанди, ҳам шоир, ҳам баҳодир Паҳлавон Маҳмуд Эрон юртига борганида, у ернинг энг кучли полвони билан кураш тушиб, уни мағлуб этади. Шунда Эрон ҳукмдори “ҳали ҳеч ким полвонимизнинг курагини ерга теккиза олмаганди, сен эса уни енгдинг, сенга молу давлат ҳадя этаман”, дейди. Бироқ Паҳлавон Маҳмуд молу давлатдан воз кечиб, ҳукмдордан асирга олинган юртдошларини озод этишини сўрайди...

Кўраяпсизми, ҳақиқатан, полвонлар юртнинг чин фарзанди бўлади.

Азал-азалдан ўзбек кураши тўйлар, сайиллар, миллий байрамлар ва бошқа умумхалқ тадбирларида оммавий тарзда ўтказиб келинган. Уни ёшу қари бирдек қизиқиш билан томоша қилган, давраларда ўз кучини синаб кўрган. Кураш кишида ор-номус, ҳалоллик, ватанпарварлик, олижаноблик, бағрикенглик каби фазилатларни ўзида мужассам этгани билан аҳамиятли. Энг муҳими, у - тарбия воситасидир. Эътибор берган бўлсангиз, кураш беллашувларида аввал кекса полвонлар даврага чиқиб, ўзаро куч синашади. Бу ўзига хос ўрнак мактабидир. Улар курашиб бўлгач, полвонларга оқ фотиҳа беради, сўнг ёш ва ўсмирлар ҳамда катталарга навбат берилади. Чиндан ҳам кураш ёш танламайди, у билан етти ёшдан етмиш ёшгача бўлган, билагида кучи, юрагида ўти бор йигит шуғулланаверади.

“Биз полвонлик мактабида ўқимадик. Полвонлик бизга отамерос. Пуштдан-пуштга, қондан-қонга ўтиб келяпти.

Полвонликнинг кўзга кўринмас, тил билан тушунтириб бўлмас шундай сирлари борки, буни фақат томирида полвонлик қони борларгина билади. Биз биламиз!

Бу сирлар ҳеч бир китобда йўқ!”

Тоғай Муроднинг  “Юлдузлар мангу ёнади” қиссасидан.

ХАЛҚ ОЛҚИШИ – ЮКСАК МАРТАБА

- Эътиборлиси, кураш беллашувларини нафақат ҳакам, яъни баковул, балки бутун халқ кузатади. Баҳо беради. Улар курашнинг тартибию қоидалари асосида ҳакамдан ҳам одил қарор чиқаради. Ёдимда, пойтахтимизда миллий курашимиз бўйича ўтказилган биринчи жаҳон чемпионатини кузатиш учун минг-минглаб томошабинлар келганди. Ўшанда  Селим Татар ўғли, Карлос Хонорато,  Василиос Илиадис каби хориждан келган полвонлар шунча мухлисни кўриб бироз ҳаяжонланишганди, халқимиз кураш спортини қанчалик севишининг гувоҳи бўлиб тан беришганди. Айниқса, Қашқадарё, Сурхондарё ва Бухоро вилоятларида бу спорт турига ўзгача меҳр қўйишган. Шу билан бирга, “фарғонача кураш” деб аталадиган бел олиш кураши водий, Тошкент, Сирдарё томонларда жуда машҳур. Яна бир муҳим жиҳати шундаки, расмий ўзбек кураши спортининг махсус кийимини яратишда давлатимиз байроғидаги ранглардан андаза олинган. Хусусан, желак, яъни яктак кўк-яшил, белбоғ қизил ва иштон оқ рангда.

“Ўзи улар мулойим халқ-да, - деди Бўри полвон ўзича. - Жуда мулойим. Олишлариям ўз табиатидан кеп чиқади. Мана, биз ўлгудай қўпол элмиз. Олишимиздаги мардоналик-да, ботирлик-да шундан. Ҳай, майли. Халқ турли-туман бўлса яхши. Бу - улканлик, улуғлик аломати бўлади. Мана, фарғонача кураш. Буям ўзимизники! Демак, иккита курашимиз бор экан! Қандай яхши! Бойлик, бойлик!”

Тоғай Муроднинг “Юлдузлар мангу ёнади” қиссасидан.

ЖАСОРАТ ВА ҲАЛОЛЛИК ТИМСОЛИ

- Айни кунларда юртимизнинг қай бир гўшасига борманг, албатта, кураш беллашувларининг устидан чиқасиз. Чунки бу халқимизнинг ўлмас анъанаси, удуми, одати. Яқинда Ғузор туманида бўлиб ўтган кураш беллашувларига баковуллик қилдим. Бу баҳсларни кўриш учун узоқ-яқиндан минг нафардан ортиқ томошабин келди. Кучли, забардаст полвонлар даврада ўзини кўрсатди, халқ олқишини олди. Ишонасизми, эртаси куниданоқ курашни кўриб таъсирланган, маҳоратли полвонларга ҳавас қилган кўплаб ёшлар миллий спортимиз билан шуғуллана бошлади. Ҳақиқатан, кураш - соғлом ҳаёт тарғиботчиси.

Бир сўз билан айтганда, ўзбек кураши ва унинг давралари авлоддан авлодга ўтиб, давом этаверади. Фарзандларимиз Ватанимиз шаъни, элимиз ор-номуси ва ғурури учун майдонга тушаверади.

Азизбек НОРОВ ёзиб олди.

Report typo