Пахта-2020
Қашқадарёда пахта етиштирувчилардан хом ашёни қабул қилишда намлик ва ифлослик кўрсаткичлари ошириб кўрсатилган ҳолатлар аниқланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси хабарида сўз боради.
Унга кўра, агроинспекция томонидан 2020 йилда етиштирилган пахта ҳосилини сифатли қабул қилиш, топширувчи ва қабул қилувчилар ўртасида юзага келадиган низоли ҳолатларни адолатли ҳал этиш юзасидан бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 8 сентябрдаги "2020 йил пахта ҳосилини йиғиб-териб олиш ишларини уюшқоқлик билан ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, "Ўзтўқимачиликсаноат" уюшмаси, "Ўзстандарт" агентлиги Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши билан биргаликда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги 387 та тайёрлов масканида пахта хом ашёсини қабул қилишда низоли ҳолатларни адолатли ҳал этиш учун арбитраж гуруҳлари ташкил этилди.
Жорий йилнинг 7 октябрь ҳолатида тайёрлов масканларида қабул қилинаётган пахта хом ашёсининг намлиги ва ифлослигини аниқлаш юзасидан арбитраж гуруҳларига 246 та мурожаат келиб тушган бўлиб, шундан 42 таси Қашқадарё пахта етиштирувчилари томонидан йўлланган. Ўтказилган ўрганишлар натижасида унинг 23 тасида фермерларнинг норозиликларига асос борлиги аён бўлган.
Мисол учун, жорий йилнинг 5 октябрь куни Муборак туманида ташкил этилган арбитраж гуруҳига "Озода Абдиқодир қизи", "Руфат Жумаев", "Эштурди Хўжаев", "Асилбек Нарзуллаев", "Дилшод Элшод" фермер хўжаликлари раҳбарлари томонидан қабулдаги "ўйинлар" юзасидан мурожаатлар бўлган. Шунга асосан ўша куннинг ўзида улар томонидан "MT Amir tex" ҚКга қарашли Хитой пахта тайёрлов масканига топширилган пахта хом ашёсидан олинган намуна бўйича маскан лабораториясида арбитраж гуруҳи иштирокида қайта синов ўтказилган. Ушбу жараёнда намлик ва ифлослик кўрсаткичлари бўйича топширилган пахта хом ашёсининг кондицион вазни қайта ҳисоб-китоб қилиниб, барча мурожаатлар фермер хўжаликлари фойдасига ҳал этилган ва шу юзасидан далолатномалар тузилган.