Ўзбек тили ва адабиёти учун буюк Навоий қанчалик ҳисса қўшган бўлса, инглизлар ўз тилларининг жаҳондаги энг нуфузли тиллардан бирига айлангани учун Шекспир ҳамда Байрондан қанчалик қарздорлик сезсалар, рус тили, адабиётининг тараққиёти, ривожига Пушкин шунчалик улкан таъсир ўтказди. У яшаган давр рус тарихидаги энг мураккаб пайт эди, бу давр шоирнинг табиатан исёнкор, одам ва оламни юксак чўққиларда кўришни истаган руҳини кўп синовлардан ўтказди, неча-неча имтиҳонларга гирифтор қилди. Подшо Александр I билан ихтилофлар, декабристлар орасида дўстлари борлиги, қолаверса, ошкора норозилик сезилиб турган, замонасозликдан холи шеърлари туфайли тузум таъқибига дучорлик, оқибатда эса маълум муддат сургунда, яқинлари, она шаҳридан олисда яшаш – булар бари Пушкиннинг умр йўли, ҳаёт дафтарининг саҳифаларини тўлдирган чизиқлардир. Лекин у қисқагина долғали умрини адабиёт аталмиш гўзал хилқат билан ўтказдики, бу унинг номини тоабад машҳурлик чўққисига муҳрлади. Унинг беқиёс ижоди эса ҳанузгача сўз мухлисларини ҳайратга ошно этиб келади.
“ОҒИР КУНЛАРИМДА ЯГОНА ҲАМДАМ...”
Шоир ижоди хусусида сўз кетганида, мутахассислар унинг ижодкор сифатида шаклланишида муҳим роль ўйнаган икки ёрқин сиймо – шоирнинг она томондан бувиси – Мария Алексеевна Ганнибал ҳамда Пушкин энагаси – Арина Родионовнани алоҳида тилга олишади. Аслзодаларга хос равишда ўз оиласи тарихини ҳам, қадимги рус ҳаётини ҳам яхши билган Мария Алексеевнанинг неварасига таъсири жуда катта бўлган. У ўз аждоди – подшо Пётр I нинг яқин аъёни, халқ орасида “Пётрнинг араби” номи билан таниқли бўлган занжи Абрам Ганнибал ҳаёти, ўша давр рус турмуши ҳақидаги ҳикоялари билан ёш Пушкиннинг қалбида ижодга муҳаббат куртакларини уйғотади. Меҳрибон энага Арина Родионовна эса ўз тарбиясидаги болага қадимий эртак ва афсоналарни, ривоятлар, халқ қўшиқларини айтиб берар, бу билан унинг қувваи ҳофизасини тўлдириб, тасаввур оламини бойитарди. Кейинчалик ҳам оғир кунларида ёнида ҳамдам бўлган энагани Пушкин жуда қадрлаган.
Олис қишлоқ. Шовуллаган қарағайзор. Ёмғирли кеча. Мўъжазгина кулбада милтиллаб шам ёнади. Сочлари жингалак 20 ёшлардаги йигит эмандан ясалган столда сочилиб ётган қоғозларга мук тушган. Дераза ёнида эса кекса бир аёл нимадир тўқиб ўтирибди. У аҳён-аҳёнда бошини кўтариб, йигитга қараб қўяди: балки унга бирор нима керакдир? Йигит тамом ишга берилган, илҳом таъсирида кўзлари чақнаб, тўхтамай ёзади. Кейинроқ – 1826 йилда битилган шеър ана шу энагага бағишланган:
Оғир кунларимда ягона ҳамдам,
Эй менинг суюкли, кекса энагам!
Хилват қарағайзор гўшасидасан,
Кўпдан буён мени ёлғиз кутасан...
Пушкин ижодининг ихлосмандлари унинг бир қанча баркамол асарлари – тарихий мавзуда ёзилган “Борис Годунов” трагедияси, “Боғчасарой фонтани”, “Полтава”, “Кавказ асири” каби бетакрор дурдоналари, болалар учун ёзилган, бугунги кунда ҳам кўпчиликнинг севимли эртаклари саналган “Шоҳ Салтан ва шаҳзода Гвидон”, “Балиқчи ва олтин балиқ”, “Ўлик малика ва етти баҳодир”, “Олтин хўроз”, “Поп ва унинг хизматкори Балда” сингари шеърий эртаклар учун шоир ҳаётида ўчмас из қолдирган шу икки муштипар аёлдан миннатдор бўлсалар арзийди.
Албатта, шоирда кучли ташқи таъсирдан бўлак яна туғма табиий истеъдод ҳам бўлмоғи шарт. Пушкин эса шу истеъдод билан сийланган асл ижодкордир. Манбаларда келтирилишича, ижодни ҳар нарсадан устун қўйган шоир 1825 йил ноябрида ёзиб тамомланган “Борис Годунов” трагедиясига сўнгги нуқтани қўйиб, асарни овоз чиқариб ўқийди ва азбаройи завқи тошгани, ўзидан мамнун бўлганидан қарсак чалиб юборади-да, “Яшавор, Пушкин!” деб хитоб қилади...
ҲАМ НАСРДА, ҲАМ НАЗМДА
Пушкин ижодидан ўрин олган ҳам насрий, ҳам шеърий асарлар бирдай ўқишли, мазмуни теран, уларда шоирга хос романтизм, реализмни кўриш мумкин. “Дубровский”, “Капитан қизи”, “Марҳум Иван Петрович Белкин қиссалари” каби қиссалар, “Тош меҳмон”, “Хасис рицарь”, “Евгений Онегин”, “Моцарт ва Сальери”, “Вабо чоғидаги зиёфат” каби шеърий достонлар унга оламшумул шуҳрат келтирди. Ҳали лицей талабаси бўлган чоғларидаёқ дўстлари, танишлари, шеърият мухлислари орасида илк шеърлари қўлма-қўл бўлиб юрган шоирнинг мазкур асарларини одамлар севиб ўқиди, ўзининг мулкига айлантирди. Унинг шеърларида ўша давр рус тилининг бор фасоҳати, ички имкониятлари, маъно товланишлари бутун бўй-басти билан ўз ифодасини топди. Шу билан бирга, бу шеърият ўзининг теран фалсафаси, юксак инсоний ғояларни тараннум этгани билан аҳамиятли.
Агар сени қийнаса ҳаёт,
Сен ноумид бўлма ҳеч қачон.
Ғамли кунга қилгин итоат,
Хушнуд кунлар келади, ишон!
Бундай сатрлар ҳар қандай одамнинг дилидаги ғуборларни тарқатиб, унга куч, руҳий қувват бера олади. Ва бундай ҳаётбахш, умидворлик устун сатрлар унинг ижодида мўл.
Пушкиннинг кўплаб шеърларида у кўрган, қадам-бақадам кезган жойлар манзараси, ўша ҳудуд одамлари ҳаёти, кундалик яшаш тарзи, одатлари ўз аксини топган. Бир шеърида азим денгиз манзарасини ўзига хос усталик билан қаламга олган шоир бошқа шеърида юксакликка бўй чўзган тоғларни шундай маҳорат билан тасвирлайди. Ва бу тасвирлар тўлалигича унинг асл мақсадига уйғун келади: ўз изтироблари оғушида юрган лирик қаҳрамонга денгиз ёки тоғ манзараси таскин беради, гоҳида уларнинг азимлигидан, метинлигидан ибрат олади. Гоҳида эса денгиз пўртаналари орқали шоир ўз қалбидаги шиддатли тўлқинларни ифода этишга уринади.
Пушкин ҳассос шоир бўлиш билан бирга моҳир адиб ҳамдир. У яратган қиссаларни ўқиган киши рус ҳаётининг чуқур қатламларига кириб боргандай бўлади. Ўша давр одамларини кўз ўнгида яққол тасаввур қилади. Пушкин қаҳрамонлари ҳақиқат, адолат учун курашган, виждони амри билан яшайдиган кишилар. Шу билан бирга, давр романтикаси – севгида мард, таптортмас йигитлару нозикқалб қизларнинг ўзаро муносабати ҳам, жамиятнинг турли қатламларига хос турфа характерли одамларни ҳам адиб бирдай маҳорат билан қаламга олади. Бу эса унинг халқ ҳаётини теран ўргангани, ўз даврининг маънавий қиёфасини яхши билганидан далолат беради. Саргузашт асарларни севувчилар эса “Белкин қиссалари” ё “Дубровский”ни ўқиганда Дюма, Дефо, Свифт асарлари мутолаасидан кам завқ туйишмайди.
ПУШКИН ВА ШАРҚ
Шоир асарларида шундай сатрлар учрайдики, мутахассислар унинг Шарқ борасида ҳам яхшигина билим, тасаввурга эга бўлганини таъкидлашади. Ижодий меросида Ҳофиз Шерозийдан қилинган таржималар, “Қуръон”дан таъсирланиб ёзилган шеърлар учрайди. 1830 йилда эълон қилинган “Арзрумга саёҳат” насрий асарида “арава”, “арқон”, “арк”, “омонат” каби сўзлар келтирилган. Ўша даврда рус тилига бу каби туркий-арабий сўзлар фаол ўзлашмаганини эътиборга олсак, шоир форс ёхуд туркий тил билан таниш бўлган, деган хулосани айтиш мумкин. Асарнинг бир ўрнида муаллиф “дарял” деган сўзни келтириб, бу калом форсийда “дарвоза” маъносини ифодалашини айтади. Ёки бир киши уй ёнида тўхтаб, аввал русчада, кейин эса татар тилида сув сўраганини ёзади. Ҳатто асарда от сўралгани ҳақида туркча ибора ҳам айнан келтирилади: “Вер мана от!”
ШОИР ИЖОДИНИНГ ЎЗБЕК ТАРЖИМОНЛАРИ
Пушкин ижоди ўзбек шоир-ёзувчилари ижодига ҳам сезиларли таъсир кўрсатди. Чўлпон, Фитрат, Усмон Носир уни севиб ўқишган бўлса, дастлабки таржималар ҳам улар давридан бошланади. Кейинчалик эса Миртемир, Ойбек, Ҳамид Олимжон, Зулфия, Рамз Бобожон сингари забардаст таржимонлар Пушкин шеъриятини ўзбек ўқувчисига севимли қилди. Айниқса, Зулфиянинг бу борадаги ўзига хос маҳоратини тан олмасликнинг иложи йўқ. Шоирнинг бир талай шеърлари шоира таржимасида янада нафосат, жозиба касб этганини, фақат бугина эмас, сўзма-сўз маънонинг сақланганини ҳам эътироф этиш даркор. Бунинг исботини кўриш учун Зулфия таржима қилган Пушкиннинг “Узник” (“Тутқунликда”) шеъридаги дастлабки сатрларни қиёслаб кўриш кифоя:
Сижу за решёткой в темнице сырой,
Вскормлённый в неволе орёл молодой…
Таржима:
Ўлтирибман қоп-қоронғу тор зиндонда,
Тутқунликда жўжа бургут ҳам ҳижронда...
Зулфия таржимасидаги яна бошқа шеърлар ҳам бирдай жозибадор, уларда Пушкинга хос услуб усталик билан сақланади:
Мен сизни севардим, севгим, эҳтимол,
Қалбимда бутунлай сўнмаган ҳали.
Лек майли, сизга у келмасин малол,
Истамам сизни ҳеч хафа қилгали...
Бундай шеърларни ўқиган ўзбек ўқувчиси Пушкинни ўз шоири каби қабул қилади, у билан бирга севади, куйиб-ёнади, бирга азоб чекади. Шоирни эса ўзининг Навоийси, Огаҳийси, Миртемирини севган каби севади, ардоқлайди...
Хуршида АБДУЛЛАЕВА тайёрлади.