Муносабат
"Qashqadaryo" газетасида бир муддат аввал "Ҳаммом хавф остидами?" сарлавҳали мақола эълон қилинган, унда Қарши шаҳридаги, Абдуллахон II даврида - 1592-1593 йилларда қурилган қадимий ҳаммом биносининг бугунги ҳолати, қаровсиз қолгани, кераксиз чиқиндилар улоқтириладиган масканга айланиб қолгани, қаровсизлик шу кетишда давом этса, ноёб тарихий обида йўқолиб кетиши хавфи мавжудлиги баён қилинганди.
Ушбу мақола юзасидан вилоят маданият бошқармаси бошлиғи Салим Сайимов номидан келган жавоб хатида шундай дейилади:
"Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги маданий мерос департаментининг манзилли дастурига асосан Қарши шаҳридаги ўзбек ҳаммомини таъмирлаш 2021 йилга режалаштирилган.
Шунингдек, давлат раҳбарининг 2018 йил 28 ноябрдаги қарори билан тасдиқланган 2019-2020 йилларда Ўзбекистон Республикасида миллий маданиятни янада ривожлантириш концепциясини Қашқадарё вилоятида амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар дастурида 1311 та объект бўйича муҳофаза қилиш ва сақлаш шартномасини тузиш ҳамда уларга жамоатчи инспекторларни бириктириш белгиланган.
Қарши шаҳар Наврўз маҳалласи Насаф кўчасида жойлашган ўзбек ҳаммоми архитектура ёдгорлигини тўлиғича сақлаш, ҳудудни ободонлаштириш ҳамда муҳофаза этиш бўйича Қарлиқхона МФЙ тавсиясига асосан жамоатчи инспектор этиб тайинланган Шермат Саттаров ўз вазифасига эътиборсизлиги туфайли у билан тузилган муҳофаза шартномаси бекор қилинди ҳамда унинг ўрнига тавсия асосида Садафжон Азизов тайинланди.
Келгусида бундай салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида шартномага мувофиқ жамоатчи инспекторнинг фаолияти вилоят маданий мерос бошқармаси томонидан назорат қилиб борилиши белгиланди".