“ТАМАМ ШУД” СИРИ
1948 йил охирларида Аделаида (Австралия) даги Сомертон пляжида ўрта ёшлардаги яхши кийинган бир кимсанинг жасади топилди. Австралиялик криминалистлар унинг ўлими сабабини, худди унинг шахсини билиб бўлмагани каби, ўша пайтда ҳам, ярим аср кейин ҳам аниқлашнинг уддасидан чиқа олмадилар. Унинг костюмидаги яширин чўнтакдан топилган қоғоз парчаси эса ўлим сабабидан ҳам сирлироқ эди. Парчада шундай ёзув бор эди: “Tamam Shud”. Изқуварлар бу бир парча қоғоз қачонлардир ноёб нашр саналган Умар Хайём “Рубоийёт”ининг бир қисми бўлганини аниқлашга муваффақ бўлдилар. Тез орада бу нодир китобнинг соҳиби ҳам топилди. Ўша одамнинг тушунтиришига кўра, у китобни ўз машинасининг орқа ўриндиғидан топиб олган, бу эса, кейинроқ маълум бўлишича, Сомертон пляжида жасад топилган кундан бир кун олдин юз берган. “Рубоийёт”нинг орқа саҳифасида қўлда ёзилган тушунарсиз ёзувлар бор эди. Уларни ўқишнинг уддасидан на урушдан кейинги йилларнинг энг зўр мутахассислари чиқа олишди, на замонавий криптография соҳасининг мутахассислари. Кўплаб тахминлар илгари сурилди. Шулардан бири - сирли жасад номаълум давлатнинг айғоқчиси бўлганмиш. Шуниси қизиқки, “Tamam Shud” жумласи “охир”, “сўнг” маъноларини англатади, Австарлия воқеаси эса матбуотда “Таман Шуд иши” номи билан машҳур. Ўша даврдан ҳозиргача ҳам жумбоқ: “Tamam” сўзидаги охирги “м” ҳарфи қандай қилиб “н” билан ўрин алмашиб қолган?
Нима ҳам дердик, бу ҳолатда ғалати бир жавоб бор: махсус хизматлардан сирли жасад ҳақидаги хабарни олган биринчи журналист ўз мақоласини австралиялик агент сўзларига асосланиб ёзган, у мазкур ёзув туширилган қоғоз парчасини кўрмаган. Бошқа мухбирлар ҳам адабий манбаларга қараб кўрмасдан, фақатгина воқеага уйдирмаларни қўшиб ёзишган.
“МАККЕНИ ОЛТИНИ” ҲАМОН ИЗЛАНАДИ
Кам сонли кишиларгагина маълумки, “Маккени олтини” фильми – тагзамирида шама, ишора ётган эртаклар сирасига киради. Бу ерда гап Виргиния штатидаги Бедфорд округининг хилват жойларига яширилган Америка тарихидаги энг йирик ва то ҳануз топилмаган хазина – юз, балки минглаб килограммга тенг олтин, кумуш ва бошқа қимматбаҳо ашёлар ҳақида бораяпти. Қачонлардир ҳиндуларга тегишли бўлган беҳисоб бойлик ва у яширилган тахминий жой ҳақида хазина изловчилар ҳозирча фақат учдан бир қисмигина ўқишга муваффақ бўлинган Бейл криптограммаси орқали хабар топган. Агар расмий хулосага ишонилса, бу жумбоқли рўйхатни аллақандай Томас Джефферсон Бейл исм-шарифли сирли бир одам тузган: у мавҳум бир суратда маҳаллий ҳиндулар қабиласига тегишли бўлган хазинани “мерос” сифатида олган ва уни беркитган, 1818 йилда эса сирли белгилар ёрдамида ўз авлодлари учун эслатма ёзган, аммо, афсуски, унда бу авлодларнинг ўзи йўқ эди. Бу ишда фақатгина учта сирли матндаги рақамлар эмас, балки эслатма учун калит вазифасини ҳиндулар хазинаси “меросхўри”нинг адаши яратган Мустақиллик декларацияси ўташи ҳақидаги далил ҳам бир жумбоқдир. Сирли жаноб Бейл ҳақидаги расмий хабарда ўзаро боғланмаган жиҳатлар мўл: масалан, қандай қилиб, бугунга қадар бирорта сурати ҳам етиб келмаган бу профессионал изловчи шундай беҳисоб бойликка ёлғиз ўзи эгалик қилгани, ҳеч кимнинг ёрдамисиз, биронтанинг кўзига чалинмасдан туриб, уни бошқа бир ерга келтиргани ва яширгани тушунарсиз бир ҳол.
Яна бир тахмин бу воқеа аслида ҳиндуларнинг миллий бойлигини тортиб олишга қаратилган ҳукумат операцияси ҳам бўлиши мумкинлигини илгари суради. Бу операцияга эса Мустақиллик декларациясини тузганлар ҳам алоқадор бўлишлари мумкин. Агар шундай бўлса, сирли криптограмма тузилган 1818 йил санаси сохта сана бўлиб чиқади, зероки, АҚШнинг Мустақиллик декларацияси 1776 йилда қабул қилинган. Бейл криптограммасининг учдан икки қисмини очиш ишлари ҳозирга қадар ҳам тезлатилмаган – бу ҳолат ҳам ғалати ва демак, кимгадир бу сирнинг очқичи маълум бўлиши мумкин.
Айримларнинг таъкидлашларича, бир журнал саҳифасидан бошқасига сакраб ўтаётган бу сирли белгилар “Американинг яширин ҳукумати” томонидан сохталаштирилган, илк манба эса аллақачон ўқиб бўлинган. Бу тахминга Бедфордда ҳали-ҳамон “Маккени олтини”ни қидириб юрган аксарият хазина изловчилар ишонишмайди. Ва шу ўринда ҳам XXI асрнинг жумбоқларидан бири бўй кўрсатади: 2012-2014 йиллар давомида қидириш ишлари учун тегишли рухсатга эга бўлган 32 нафар хазина изловчининг 11 таси изсиз ғойиб бўлган. Уларни қидириш ишларидан наф чиқмади…
Хуллас, ўқувчиларимиз амин бўлишдики, бу ҳодисаларнинг ҳар бири замирида фақат махфий сирлар эмас, балки “Да Винчи жумбоғи” каби асарларга асос бўладиган сюжет ҳам бор.
Муаллиф: Виктор СИНОБИН
Рус тилидан Хуршида АБДУЛЛАЕВА таржимаси.