Россияда тарих-тилшунослик институтини Ўрта Осиё археологияси бўйича битирган Сергей 1934 йил қишида Шаҳрисабз тупроғига илк бор қадам қўйди. Ёш мутахассис бу қадим шаҳарга икки-уч кунлик сафарга эмас, доимий ишлаш учун келди. Ўша пайтда бу шаҳарда Ўзбекистон тарих ва санъат ёдгорликларини сақлаш қўмитасининг филиали ташкил этилган бўлиб, Сергей ана шу филиалда иш бошлади.
У Шаҳрисабздаги меъморий обидалар ҳақида ўзи ўқиган институт профессори, 1926 йилда кўҳна Кешда бўлиб қайтган устози, йирик олим А.Якубовскийдан эшитган лекциялари орқали анча маълумотга эга эди. Энди уларни ўз кўзи билан кўриш имконияти туғилди.
Биринчи иш кунини Сергей Оқсарой билан танишишдан бошлади. Ушбу муҳташам кошонага археолог кўзи билан назар ташлар экан, кўнглида ҳам ҳайрат, ҳам ғамгин ҳис-туйғулар ғужғон ўйнади. Саройнинг салобати, фусункорлиги, турли рангдаги кошин ва битиклари уни мафтун қилди. Аммо шундай улуғвор обиданинг хароб ҳолга келиб қолганидан афсусланди. Айниқса, шарқий ички аркнинг равоқлари ҳолати уни жуда ташвишлантирди, чунки равоқлар ўртасида кенг ёриқ пайдо бўлган, унинг қулаб тушиш хавфи бор эди. Бу масалада тажрибали мутахассиснинг маслаҳатини олишни кўнглига тугиб қўйди.
Ўша пайтда Самарқандда таниқли архитектор М.Мауэр ишларди, унинг меъморий обидаларни сақлашдаги хизматлари катта эди. Сергей Самар-қандга бориб, тажрибали меъмор билан гаплашди. Мауэр кексайиб қолганига қарамай у билан Шаҳрисабзга келиб, Оқсаройнинг ёш қадимшуносни безовта қилаётган жойини кўриб чиқди. Унинг раҳбарлигида ички арк равоғига йўғон ходалар тиргак қилиб қўйилди. Ўша давр шароитида – ўттизинчи йиллар бошида бундан ортиқ чора-тадбирларни амалга оширишнинг имкони йўқ эди.
Сергей Кузьмич раҳбарлигида Оқсаройда дастлабки қазишма ишлари ҳам ўтказилди. Ғарбий пештоқнинг шимоли-шарқий бурчагида шурф – тик қудуқ қазилди. Оқсаройнинг бу қисми пойдевори жуда мустаҳкамлиги аниқланди. 7 метр чуқурликкача ганч, кул ва кўмир аралаштирилган қоришма билан йирик тошлар ётқизилган экан. Аммо бу ердан сув чиққани учун пойдеворнинг ҳақиқий чуқурлигини аниқлаб бўлмади. Иккинчи қудуқ ички аркнинг оғиб кетган равоғи ёнида қазилди. Бу ерда пойдеворнинг чуқурлиги 2 метр бўлиб чиқди, бундан ташқари тошлар яхши терилмагани маълум бўлди, бу эса равоқнинг оғишига сабаб бўлган.
Кейин Мирзо Улуғбек даврида қурилган Кўкгумбаз масжиди кўздан кечирилди. Бу архитектура ёдгорлиги таъмирлашга муҳтож, ташқи гумбази қулаб тушган, ички гумбази аҳволи ҳам ачинарли эди. Ковил ва бошқа ўсимликлар ўсиб, бу ички гумбазнинг емирилишига олиб келиши мумкин эди.
Сергей Кузьмич Самарқанддан таниқли уста-таъмирловчи Қули Жалилов ва унинг ўғли Анварни олиб келди. Ички гумбаз ўт-ўланлардан тозаланди, сўнг ганч қоришмасида икки қават пишиқ ғишт билан қопланди.
Уч йилдан сўнг Сергей Кузьмични Шаҳрисабздан Бухорога ишга юборишди, шу ердан Иккинчи жаҳон урушига жўнади. Аммо жанггоҳларда ҳам уни урушни эсон-омон тугаллаб, археологик ёдгорликларни ўрганишни давом эттириш учун яна Қашқадарёга қайтиш фикр-хаёли тарк этмади.
1946 йил баҳорида Сергей Кузьмич Ўзбекистон Фанлар Академияси тарих ва археология институти илмий ходими сифатида археология экспедицияси иштирокчиси бўлиб, Қарши шаҳрига келди.
Экспедиция таянч базаси қилиб ўлкашунослик музейи белгиланди. Музей директори Г.Е.Степанов Мурманскдан Қаршига келиб, уруш даврида Қаршида ўлкашунослик музейи ташкил этишга эришганди. У Сергей Кузьмичнинг археологик ёдгорликларни ўрганиш бўйича олиб борган дастлабки тадқиқотларида иштирок этди. Касбитепа, Кўҳна Фазли, Пазда, Шулликтепа, Қорахабартепа номи билан машҳур шаҳарчалар ўрганилди. 1946-1948 йилларда археологлар кучи билан эрамизгача I асрлардан XIII аср бошигача мавжуд бўлган 100 дан ортиқ ёдгорлик – турли шаклдаги кишилик манзилгоҳлари текширилди. Булар ишнинг биринчи даври бўлиб, у ёки бу манзилгоҳнинг, яъни тепа ва шаҳарчалар мавжудлик вақтини аниқлаш учун археологик қазишмалар ўтказиш лозим эди.
Қашқадарё воҳасида биринчи археологик қазиш 1947 йилда Қаршидан 10 километр ғарбда жойлашган Кожортепада бошланди. Мазкур манзилгоҳ XI-XII аср манбаларида тилга олинган эди. Келаси йили археологлар ҳозирги Косон туманидаги Мўдинтепага ўтишди. Шу йилнинг ўзида Ерқўрғонда кичик қазиш ишлари ўтказилди. Навбатдаги археологик қазиш Шўртепа, Дағайтепа ва Қалъаи Заҳоки Марон номли йирик шаҳарчада давом эттирилди. Улардан шунчалик кўп сопол буюмлар, ҳунармандчилик устахоналари, қадимий тангалар ва бошқа осори атиқалар топилдики, уларни ўрганиб чиқиш Қарши воҳаси тарихини аниқлашда муҳим аҳамият касб этди.
Қашқадарё ҳудудида 1958-1960 йилларда Чимқўрғон сув омбори, сўнг Қарши қурилиш материаллари комбинати ва 60-йиллар охири – 70-йиллар бошида Қарши магистраль канали қурилди. Мазкур иншоотлар жойлашган ҳудудларда тепа ва қўрғонларнинг харобалари ҳам бор эди. Уларда археологик қазиш ишларини амалга ошириш учун Ўзбекистон ФА тарих ва археология институтининг археологик отрядлари жалб этилди. Бу муҳим археологик тадбирда С.К.Кабанов ҳам иштирок этди. Ёдгорликларда қазиш ишларини олиб борганда, ўзидаги зийраклик, синчков ақл, жиддий эътибор каби ноёб қобилиятларини ишга солди. Кекса тарихнинг энг қадимги саҳифаларини тиклашга ўз ҳиссасини қўшди.
С.К.Кабановнинг Мирзо Улуғбек кутубхонаси ва Муқанна қалъасини излаб топиш учун ташкил этилган экспедициялар фаолияти ҳақида ёзиб қолдирган хотиралари ҳам диққатга сазовордир.
- ХХ асрнинг 60-йиллари бошларида, - деб хотирлайди таниқли қадимшунос, - маҳаллий газеталарда Ҳазрати Башир қишлоғи атрофида Мирзо Улуғбек кутубхонаси яширилган ертўла мавжудлиги эҳтимоли борлиги ҳақида ҳаваскор ўлкашуносларнинг мақола ва хабарлари эълон қилинди. Уларнинг фикрича, 1449 йилда Улуғбек ўлдирилгандан сўнг бу кутубхонани Али Қушчи гўёки Ҳазрати Башир қишлоғи яқинида яшириб қўйган. Бунинг қандай далилий асослари бор?
Ҳазрати Башир қишлоғи билан ёнма-ён Қутчи қишлоғи жойлашган. Олим – этнограф ва шарқшунос А.Л.Куннинг асарида мазкур қишлоқ ҳақида маълумот берилган, аммо номи эски ўзбек тили ёзиш қоидалари (орфографияси)га кўра (“Ш” ҳарфи “Т”га ўхшаш) ёзилган, шунинг учун “Қушчи” деб ҳам ўқилиши мумкин. “Қушчи” номи дарҳол ҳаваскор ўлкашунослар диққатини ўзига тортди, бунга Ҳазрати Башир қишлоғидаги ертўла ҳақидаги халқ ривояти ҳам қўшилди. Тўғри, бу қишлоқда ертўла бор, аммо у бошқа мақсадга хизмат қилиб, ислом шариати бўйича қирқ кун ибодат қилинадиган чиллахона дейилади.
Ўлкашуносларнинг тахминлари бўйича Мирзо Улуғбек ўлимидан сўнг Али Қушчи шу қишлоққа келиб яшаган, китобларни эса шу атрофда қандайдир ертўлага яшириб қўйган эмиш. Уларга Али Қушчининг устози ўлимидан сўнг ҳам Самарқандда 21 йил яшагани, ўз уйи борлиги, Табризда икки йил турганидан сўнг Истанбулга кетиб, шу ерда 1474 йилда вафот этгани ҳақида тарихий манбаларда ёзилган далиллар маълум эмас эди. Мирзо Улуғбек кутубхонаси расадхона ёки саройларидан бирида сақланганми, бу ҳақда манбаларда ҳеч нарса ёзилмаган. Агар Али Қушчи кутубхонага эгалик қилган, деб тахмин қилсак, уни Табриз ёки Истанбулга олиб кетиши мумкин эди. Ҳарҳолда Али Қушчи китобларни ертўлада сақлаб бўлмаслиги, улар қаровсиз узоқ вақт турмаслигини яхши биларди.
Кутубхонанинг ертўлага кўмилганлиги ҳақиқатдан йироқ эканини археологлар ва шарқшунослар жуда яхши билишса-да, жамоатчилик бу масалага катта қизиқиш билан қараётгани учун, 1963 йил баҳорида бу қишлоққа Ўзбекистон ФА тарих ва санъат институтининг экспедициясини юборишга қарор қилинди. Экспедицияга Ўзбекистон халқлари тарихи музейи илмий ходими, археолог К.А.Шахурин ва камина жалб этилди.
Кутубхона ҳақидаги миш-мишлар Ҳазрати Башир қишлоғи яқинидаги Ниёзтепа билан боғлиқ эди, шунинг учун у ишларимизнинг асосий объекти бўлди. Биз келишимизгача бу ерда бир ҳаваскор ўлкашунос томонидан қазиш бошланган экан. Унинг розилиги билан қазиш доирасини кенгайтирдик. Аммо ундан арзийдиган бирор осори атиқа чиқмади. Шунингдек, тепаликнинг ўзида ўтказилган қазув ишлари ҳам бирор натижа бермади. Шундай қилиб, Мирзо Улуғбек кутубхонасининг бу жойларда, ертўлада сақланаётгани ҳақидаги фикрлар ўз тасдиғини топмади. Аммо экспедиция натижасида Ўзбекистон археология харитасидаги яна бир оқ доғ ўчириб ташланди.
Муқанна қалъаси ўрнини топиш бўйича экспедиция С.К.Кабанов Шаҳрисабзга келишининг иккинчи йили – 1935 йилда уюштирилганди. Унда М.Саиджонов, И.Сухарев каби тажрибали археологлар қатнашади, С.К.Кабанов ҳам ҳамкасблари сафига қўшилади.
Ёзма манбалар бўйича Муқанна қалъаси Қашқадарё воҳасининг жануби-шарқий қисмидаги Ҳисор тоғи тизмаларида жойлашган. Муқанна оқ кўйлаклиларга бош бўлиб, 776-783 йилларда араб фотиҳларига қарши қўзғолон кўтарган, бу халқ ҳаракати Қашқадарё ва Зарафшон воҳаларида кенг миқёсли бўлган.
Археологлар катта машаққат билан Шаҳрисабздан тоғ ёнбағирларига етиб бориб, тезоқар Танхоз дарёсидан эсон-омон кечиб ўтишди. Улар тоғлар бўйлаб юриб, чор атрофни кечгача синчиклаб текширдилар. Аммо Муқанна қалъаси излари кўзга ташланмади.
С.К.Кабанов Қашқадарёдаги қадимий ёдгорликларни ўрганиш натижалари бўйича элликка яқин мақолалар ва ҳисоботлар эълон қилди, бир нечта китоблар чиқарди. “Қашқадарё тарихи”, “Қарши тарихи”, “Шаҳрисабз тарихи” ва бошқа китобларда унинг номи тез-тез учраши тажрибали қадимшуноснинг воҳамиз тарихини, аждодларимиз қолдирган бебаҳо меросни ўрганишда жонбозлик кўрсатганидан далолат беради.
1984 йил баҳорида Сергей Кузьмич эллик йил муқаддам илк қадам қўйган Шаҳрисабзга яна келди. Археолог қадимшунослик фаолиятининг 50 йиллигини шу қадимий шаҳарга сафар қилиш билан нишонлашга аҳд қилди. Яна ўша Китоб бекатида поезддан тушди. Шаҳрисабз ва Китобни бирлаштирувчи катта йўлга чиқди. Бу йўлдан у ўзининг асосий ишидан ташқари, собиқ Гоголь номли мактабда болаларга тарих фанидан дарс бериш учун юрганди.
Шаҳрисабздаги барча ёдгорликларга иккинчи умр бағишлаш, уларнинг аввалги қиёфасини тиклаш Сергей Кузьмич учун армон бўлиб қолди. Унинг бу эзгу ниятлари Ўзбекистон мустақил давлат бўлганидан кейин амалга ошди.
Археолог агар Шаҳрисабзга айни кунларда келганида Оқсарой қаршисида унинг бунёдкори Соҳибқирон Амир Темур ҳайкали қад ростлагани, бу ерда мафтункор хиёбон ташкил этилгани, барча меъморий ёдгорликлар тўлиқ таъмирланганининг, гумбази зумраддек товланиб турувчи Кўкгумбаз масжидининг бугунги гўзал қиёфасини кўриб завқланар, беҳад мамнун бўларди. Ўз навбатида янги тадқиқотларга улкан шавқ ва шижоат билан отланарди.
Мўмин АЗИЗОВ,
тарихчи-журналист