Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

С.АЛЛАЁРОВА тайёрлади.

20.07.2017


ҲАДИС ИЛМИНИНГ СУЛТОНИ

Нишопурда яшаб, мадрасада ҳадис илмидан дарс бериб юрган йиллари яна бир муҳаддис ватандошимиз – Абу Исо ат-Термизий билан учрашади. Икки машҳур муҳаддис ўртасида унутилмас, қизғин илмий баҳслар, кўпдан-кўп ижодий, дўстона учрашувлар бўлиб ўтади. Ат-Термизийнинг ёзишича, у ўз асарлари учун кўп маълумотларни ал-Бухорий билан учрашувларидан олган. Шу билан бирга, ал-Бухорий ҳам ат-Термизийнинг билимини юқори баҳолаб: “Мен сендан кўрган фойда сен мендан кўрган фойдадан ортиқроқ”, деб унга нисбатан чуқур ҳурматини билдирган. Араб тарихчиси Шамсуддин аз-Заҳабий  “Тазкират ул-Ҳуфоз” номли асарида ёзишича, ат-Термизий ўз устозининг вафоти туфайли қаттиқ қайғуга ботиб, кўп йиғлаганидан ҳатто кўзлари кўр бўлиб қолиб, узоқ йиллар ожиз ҳолда яшайди.

Маълумки, Бухорий бутун умри давомида илм кишиларини маънавий ва моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаган. Тижорат билан шуғулланганда топган даромадидан ойига 500 дирҳамдан фақиру мискинларга, илм толибларига сарфлаган. Аммо шахсий ҳаётида ортиқча дабдаба, сарф-харажатларга йўл қўймаган. Ҳадис илмига ўта фидойилик, ақл-заковатини бахшида этиш Бухорийга шон-шараф келтирган.

Бухорий тўплаган ҳадисларини 20 дан ортиқ китобда тасниф этган. “Ал-жомиъ ас-саҳиҳ” (“Ишончли тўплам”) деб номланган 4 жилддан иборат ҳадислар китоби ислом оламидаги ҳадис тўпламлари орасида энг ишонарли ва мукаммалидир. Асар бир қанча хорижий тилларга таржима қилинган. 1991-1996 йилларда асар ўзбек тилида 4 жилдда нашр этилган. Унинг “Ал-адаб ал-Муфрад” (“Адаб дурдоналари”) асари катта тарбиявий аҳамиятга молик беназир тўплам. 1322 ҳадис ва хабарни жамлаган бу асар Туркия ва Мисрда бир неча марта чоп этилган. Унинг ўзбекча таржимаси 1990 йилда Тошкентда нашр қилинган. Шунингдек, “Китоб ал-Куна” (“Кунялар ҳақида китоб”) 1940 йили Ҳиндистонда чоп этилган. “Ат-тарих ал-кабир” (“Катта тарих”) китоби эса Туркияда 9 жилдда нашр этилган. Шунингдек, “Ат-тарих ас-сағийр” (“Кичик тарих”) ҳам ҳадис тарихига оид қимматли манба ҳисобланади.

Бухорий асарлари мусулмон дунёсининг барча мадраса ва дорилфунунларида пайғамбаримиз (с.а.в.) суннатлари бўйича асосий дарслик, қўлланма ҳисобланади. Жамоат арбоблари, олиму уламолар ва дин пешволари Бухорий асарларига таяниб иш тутадилар.
Эътиборлиси, мустақилликдан сўнг мамлакатимизда Имом ал-Бухорий хотирасига муносиб ҳурмат-эҳтиром кўрсатилди. Асарлари нашр этилиб, улкан тадқиқотларга йўл очилди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 29 апрелдаги “Имом ал-Бухорий таваллудининг ҳижрий-қамарий тақвим бўйича 1225 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарори асосида Бухорийнинг илмий меросини ўрганиш ва тарғиб қилиш, хотирасини абадийлаштириш борасида катта ишлар қилинди. 1998 йил 23 октябрда Самарқандда юбилей тантаналари бўлиб ўтди. Аллома абадий қўним топган Челак туманидаги Хартанг қишлоғида улкан ёдгорлик мажмуи очилди. Бухорийнинг бой маънавий меросини чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов ташаббуси билан Имом ал-Бухорий халқаро жамғармаси тузилди. 2000 йилдан бошлаб нашр этила бошланган “Имом ал-Бухорий сабоқлари” маънавий-маърифий, илмий-адабий журнали халқимизни миллий маънавий меросимиздан баҳраманд этиш, миллий, диний қадриятларнинг соғлом идрок этилишига ёрдам беришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2016 йил 18 октябрь куни Тошкентда ўтказилган Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 43-сессияси очилиш маросимида Имом Бухорий ёдгорлик мажмуи қошида ислом маданияти, умумбашарий цивилизация ривожига беназир ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг кўп қиррали бой меросини ўрганишга ихтисослашган халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш ташаббусини илгари сурган эди. Бугунги кунда Имом Бухорий мажмуаси ёнидан жой ажратилиб, марказни қуриш бўйича лойиҳа ишлаб чиқилган ва иш олиб борилмоқда. Ушбу марказ Имом Бухорий ва бошқа мутафаккир алломаларимизнинг бебаҳо илмий-маънавий меросини ўрганиш, улар яратган асарларнинг илмий-изоҳли таржима ва қиёсий матнларини нашр этиш, мамлакатимиз ва хорижий давлатлардаги кутубхоналар, архив фондларида сақланаётган қўлёзмаларнинг электрон нусхаларини тўплаш, уларни халқимиз ва жаҳон жамоатчилигига етказиш билан шуғулланади. 

Давлатимиз раҳбари мазкур иншоотда буюк алломаларимизнинг руҳи, маънавий куч-қудрати ва салоҳияти намоён бўлиб туриши, бунинг учун ҳар бир хонани муайян аллома номи билан аташ ва шунга яраша жиҳозлаш зарурлигини қайд этди. Янги марказда алломаларимизнинг бебаҳо меросини ўрганишда ўзига хос мактаб яратган буюк муҳаддислар Имом Бухорий, Имом Термизий, улуғ фақиҳлар Бурҳониддин Марғиноний, Абуллайс Самарқандий, калом илмининг буюк мутафаккирлари Абу Мансур Мотуридий, Абул Муин Насафий каби аждодларимиз бой меросини алоҳида-алоҳида ўрганиш ва илмнинг шу соҳалари бўйича мукаммал билимга эга бўлган етук мутахассислар тайёрлашни йўлга қўйиш кераклиги айтилди. 

Имом Бухорий мажмуаси атрофида жойлашган савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчаларини реконструкция қилиш, ҳудуд  инфратузилмасини янада ривожлантириш муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди. Махдуми Аъзам зиёратгоҳидан Имом Бухорий мажмуигача бўлган йўл бўйида икки қаватли замонавий уйлар ва ижтимоий объектлар қурилиши, ҳудуд ободонлаштирилиши ҳам эътибордан четда қолмади. Умуман, буларнинг барчаси буюк аждодимизга бўлган юксак ҳурмат-эҳтиромнинг ўзига хос намунасидир.

Манбалар асосида С.АЛЛАЁРОВА тайёрлади.

Report typo