Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Хуршида АБДУЛЛАЕВА

03.04.2017


АФАНДИ ВА УНИНГ ДЎСТЛАРИ

Бу сингари кўплаб латифаларни эшитган ё ўқиган одамнинг юзига дарров табассум югуради. “Бир куни Афанди...” деб бошланадиган, одамни қотиб-қотиб кулишга, сўнг эса маъносини чақишга мажбур қиладиган ҳажман кичик, аммо мазмуни уммон қадар теран асарлар - ўзбек халқ латифалари номоддий маданий меросимизнинг қимматли манбаси: уларда биргина образ орқали халқ характерига хос зукколик, ҳозиржавоблик, соддалик аксини топган. Латифаларнинг бош қаҳрамони етти ёшдан етмиш ёшгача ҳар бир ўзбекка яхши таниш ва қадрдон бўлган Хўжа Насриддин.

- Бу умри узоқ қаҳрамоннинг халқ орасидаги номлари хилма-хил, - дейди Қарши давлат университети ўзбек филологияси факультети катта ўқитувчиси, фольклоршунос Шаҳноза Қаҳҳорова. – Уни айрим жойларда “мулла Насриддин”, “Хўжа Насриддин” деб аташса, яна бошқа ҳудудларда “Насриддин Афанди” ёки “Афанди” деган ном билан юритишади. Улар орасида айниқса “Афанди” деган сўз халқимизнинг шуурига шу қадар сингиб  кетганки, латифаларни баъзида “афанди” деб атайди ва ҳаётда учрайдиган соддароқ ё қувноқ, гапга чечан кишига шу ном билан таъриф беради.

Дарҳақиқат, латифа айтишув бошланса, кўпчилик ёши улуғларимиз “энди афанди айтиб бераман”, дея гап бошлашади ва мангу тирик Хўжа   Насриддиннинг қизиқарли саргузаштларидан парчаларни эшитишга чоғланамиз. Бу ҳикояларнинг таъсири шундаки, гоҳ содда-баёв, гоҳ ўта муғамбир ва айёр, гоҳида эса ҳозиржавоб шахс қиёфасида гавдаланадиган Насриддин Афандини сира енгиб, мот қилиб бўлмайди. Аксинча, у ҳамиша ғолиб келаверади: хоҳ шоҳ бўлсин, хоҳ гадо – ҳамманинг табиатидаги қусурларини усталик билан фош этади, жамиятдаги иллатларга қарши ўткир сўзи, зукко ақли билан зарба беради. Унга халқ ўз донишмандлигини, ўткир заковатини бахш этганки, бундай теран маънавият ҳар қандай вазиятда ҳам бу ўлмас қаҳрамонга тўғри йўлни кўрсатади. Афандининг ягона қуроли – кулги. Атрофидагиларнинг тийнатига ойна тутиш учун у шу қуролидан ғоятда самарали фойдаланади. Уни мот қилиш учун айтилган ҳар қандай ўткир маъноли гапга зукколик билан айтилган жавоб эса рақибни гўё ер  билан яксон қилади, нафсига қул, кўнгил кўзи берк одамларнинг асл башараси шу биргина жавоб орқали ҳам яққол очиб берилади.  Мана, шундай латифалардан бири:

Кунлардан бир куни Афанди катта бир амалдорни “Сиз аҳмоқсиз!” деб ранжитибди. Амалдор уни қозига бошлаб борибди. Қози амалдорнинг хизматларини Афандига яхшилаб тушунтирибди. Насиҳат қилибди. Сўзининг охирида Афандига амалдорга қараб “Сиз аҳмоқ одам эмассиз”, - дейишни буюрибди. Афанди шу заҳоти қозининг буйруғини бажариб: “Сиз, аҳмоқ, одам эмассиз!” – деган экан...

Бу латифада Афандининг биргина оҳанг билан бутун бир гап маъносини ўз мақсади сари бура олиши кишида кулги уйғотади. Шу билан бирга, сўз қудратини англатади. Яна бошқа бир латифада эса ўзини даврада шарманда қилмоқчи бўлган подшонинг гапини маъқуллай туриб, Афанди усталик билан уни мот қилади. Буларни ўқиш ё тинглаш жараёнида киши кулги  деган сеҳрли кучнинг таъсирига борган сари амин бўлаверади. Дарҳақиқат, кулги – енгиб бўлмас бир куч, у дардларга даво, озор бермай тузатадиган шифобахш восита.

Афанди образининг ҳаётдаги прототипи бор-йўқлиги олимларни азалдан ниҳоятда қизиқтириб келган. Баъзи манбаларда Насриддин исмли шахс Туркиянинг Акшеҳир шаҳрида яшагани, 1208 йилда вафот этгани,  унинг қабрига ҳижрий йил ҳисоби билан “386 йилда туғилган” деб ёзилгани, йил рақамларининг ўрни атайин тескари тартибда берилгани ҳақида маълумотлар бор. Албатта, номи Марказий Осиёдан тортиб, Болқон яримороли, Кавказорти, Ўрта Ер денгизи ҳавзаси, Қрим, Ҳиндистонгача маълуму машҳур бўлган бу қаҳрамоннинг шахсияти барчани қизиқтириши тайин. Бироқ олимлар унинг ҳаётий шахс ёки бутунлай тўқима образ экани ҳақида бир тўхтамга келишмаган. Халқ яратган кўпгина қаҳрамонлар  сингари Афанди ҳам умумлашма бир тимсол бўлиб, кулгисеварлар кўнглини асрлар оша хушнуд қилиб келаётгани эса бор гап.

Энг қизиғи, Афандига ўхшаш комик қаҳрамон деярли барча халқлар оғзаки ижодида учрайди. Европа ва Америка халқлари кулги қаҳрамонларидан фарқли равишда шарқона образлар ўзининг маъно ичида маъно яширган гап-сўзи, “қоғозга ўралган”, одоб доирасидан ташқарига кўпам чиқавермайдиган хатти-ҳаракатлари ва албатта, Шарқ халқларига хос вазминлик, чуқур мушоҳада, гўзал муомала йўсини билан ажралиб туради. Зеро, бизда азалдан ҳатто кулгида ҳам чегара, меъёр бўлган. Айниқса, шарқона кулги ўткир, аммо ниҳоятда закийлик билан ҳосил қилинади. Буни Афанди каби образлар мисолида кўриш, кузатиш мумкин.

Қозоқлар Алдаркўсани, туркманлар Миралини, қорақалпоқлар Умирбек лаққини, тожиклар Мушфиқийни, турклар Карагўзни, озарбайжонлар эса Баҳлулни биз Насриддин афандини эъзозлаганимиз қадар севади, ардоқлайди. Афандининг бу биродарлари ҳам унинг ўзи каби ниҳоятда ҳозиржавоб, зукко, топқир ва сўзга чечан. Гоҳ соддадиллик, гоҳ киноя ва истеҳзо билан, яна бошқа вазиятда зукколик билан қаршисидагини мот қилиб кетадиган бу қаҳрамонларни халқлар шунчалик меҳру муҳаббат билан яратганки, уларни сира мағлуб ҳолда кўрмайсиз. Ҳатто ўз ҳол-аҳволини ҳам енгил кулги, сезилмасгина мазах билан ифодалай биладиган Умирбек лаққи ҳақидаги латифаларни ўқир эканмиз, унинг кўп жиҳатдан Насриддинга “хеш”лигини сезамиз:

Бир куни очлик-бечораликдан тўйган хотини Умирбек лаққидан сўрабди:

- Айт-чи, хўжам, сен жуда ақлли одамсан, бу камбағаллик бизни бирон кун тарк этармикин ўзи?

- Э! – дебди Умирбек лаққи. – У бундай яхши уйни яна қаерданам топарди? Қарагин, уй бекаси ювош, мен ҳам унақа жанжалкаш ё очкўз одам эмасман, тинч-тотув яшаймиз, уйда бақир-чақир бўлмаса. У бу ердан қандай қилиб кетсин?

Туркманларнинг севимли афандиси Мирали латифаларига эътибор қаратган киши эса дарҳол халқимиз орасида кенг тарқалган Алишер Навоий тўғрисидаги ибратли ҳикояларни эслайди. Мутахассислар ҳам Мирали образи учун буюк шоир шахси прототип вазифасини ўтаган, деган фикрда. Айниқса, Мирали ва Султон Суюн ҳақидаги кўплаб латифалар буни тасдиқлайди:

Бир куни Султон Суюн ўринга ётиб, вазирларига буюрибди:

- Кўрпани устимга шундай ёпингларки, бошим ҳам, оёғим ҳам очилиб қолмасин!

Вазирлар роса уринишибди, аммо ҳар гал султоннинг ё боши, ё оёғи очилиб қолаверибди. Шунда султон Миралидан бу ишни бажаришни сўрабди. Шоҳдан ғазабланмаслик тўғрисида қатъий ваъда олган Мирали гаврон келтирибди-да, кутилмаганда султоннинг оёғига тушириб қолибди. Оғриқдан беихтиёр тиззасини буккан султоннинг боши ҳам, оёғи ҳам кўрпа тагида қолибди.

Шунда Мирали:

- Мана, султоним, буйруғингиз бажо бўлди! – дея уни мот қилган экан.

Бу латифадаги воқеа Султон Ҳусайн Бойқаро ва Навоий ўртасида ҳам бўлгани, сўнгида улуғ шоир дўстига:

- Шоҳим, кўрпангизга қараб оёқ узатинг-да, - дея дакки бергани манбаларда ёзиб қолдирилганини ҳисобга олсак, Мирали ва Навоий ўртасидаги ўхшашлик ўз тасдиғини топади.

Қозоқ халқ қаҳрамони Алдаркўса табиатида кўпроқ айёрлик, муғомбирлик устунлигини кўриш мумкин. Аммо у ҳам худди Насриддин каби ўз нафсидан озод, дунё ташвишларидан юксакда тургувчи шахс. Унинг алдамчилиги эса атрофидаги нафс бандалари бўлган, димоғи шишган, ўз манфаатидан бошқасини ўйламайдиган кишиларнинг таъзирини бериш учунгина ишлатилади. Гоҳ бир бечоранинг ҳақига кўз олайтирган қозини боплаб лақиллатиб кетса, гоҳида бойликдан кўзи кўр бўлган бойни девор суятиб қочадиган Алдаркўса Афандининг заковати инисидир.

Хуллас, бу қаҳрамонлар кулги ва ҳазил нишони сифатида жамиятдаги иллатларни мўлжалга олгани, асрлар оша халқ орасида юриб, ҳақиқат, адолат тантанасига ҳисса қўшгани билан қадрли. Улар туфайли юзага келадиган самимий кулги эса тухум қувватини бахш этиб, сизу бизни мудом соз ва кўтаринки кайфиятда юришга ундайверади.

Хуршида АБДУЛЛАЕВА

Report typo