Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Азизбек НОРОВ

13.04.2017


АГАР АҚЛЛИ ЯШАСАНГ, ЯХШИЛИККА ИШОНИШИНГ МУМКИН

 

- Бошқаларнинг бахти эвазига қурилган ҳаёт, мана қандай бўларкан, - давом этди Филипп, унинг тепадан нима деяётганига эътибор бермай. Муҳими, юрагида борини айтиб қолмоқчи бўларди. - Ҳузур-ҳаловатда яшайман, деб ўйлаганмидинг. Йў-ўқ, унақа бўлмайди. Мана энди кўриб турибман, буларнинг ҳаммаси сенга қанчалик қимматга тушганини…

*   *   *

Ёшликда бахтнинг бир бўлагини ушатиб олгандинг, хурсанд бўлиб яшайвермайсанми? Аслида сен ҳам қувонч нималигини билмай ўтдинг. Сени у севмасди-да, мана, ичингдаги ғам бўғзингдан тошиб чиқди. Ўшанда тортиб олмаслик керак эди. Келдинг, олдинг, кетдинг!.. Хурсанд бўл.

*   *   *

Албатта, командир, орденлар… шақар-шуқур, ғарчиллайдиган этик… Буларнинг ҳаммаси таъсир кўрсатади. Лекин барибир бошни ҳеч қандай орден билан алмаштира олмайсан. Балки бош дегани бордир, балки… шундай - шапка киядиган бир нарсадир.

*   *   *

Тўғри яшаганингда, ҳеч кимдан қўрқмасдинг.

*   *   *

Ёз пайтлари ўткир ёвшан ҳиди гуркираб, одамнинг бошини айлантириб юборадиган ажиб кезлар бўлади. Айниқса, кечалари… Кўкда ой жимгина сузади, беором кўнгил ниманидир қўмсаб орзиқади. Кишини сархуш этувчи мастона, анвойи ҳидлар таратиб ётган хуморга тўлиқ, осуда, ойдин кечаларда тотли, ёруғ   хаёллардан энтикади. Йўқ, бу ҳатто хаёл ҳам эмас, бу зориқтириб-соғинтирган, кўнгилга интизорлик солувчи аллақандай бўлак нарса… Томорқа этагидами, отқулоқлар ичидами,   ўт-ўланларга кўмилиб ётсангиз, юрагингиз тотли, пинҳона шодумонлик билан тўлиб кетади. Афсуски, бундай соҳир тунлар ҳаётда кам бўлади.

*   *   *

Хонага эса ойнинг мўл, аммо совуқ ёғдуси ҳануз тўкилиб турарди. Ёғду!.. Қувончдан даракми бу, қайғуданми - ҳар қалай ёғду эди!

*   *   *

- Ахир у севади-ку! - Петька асабийлаша бошлайди.

- Хўш, севса нима бўпти?

- Шунга қўшиқ айтади-да!

- А?

- Шунга қўшиқ айтади-да, деяпман!

- Унақада бориб-бориб ҳаммага кулги бўлади. Кўз очирмай қўйишади уни. Севармиш… Севган одам сал ийманади. Бу эса бутун қишлоқни бошига кўтариб юрибди. Унга қайси аҳмоқ тегарди. Ахир бу ғирт енгилтак-ку. Эсимда, биз ёшлигимизда биронта ойимқизга хуштор бўлиб қолсак, икки маҳалла наридан айланиб ўтардик - дуч келишга юрак бетламасди. Севармиш… Э, севсанг севавер, лекин…

*   *   *

У кўзга ташланмайдиган бир одамгина эди, ҳеч қачон сафнинг олдига чиқмаган, бирор марта бўлсин, одамлар оғзига тушадиган аҳмоқлик қилмаган, лекин бир умр ақл талаб этиладиган фойдали ишни ҳам эпламаган.

*   *   *

Деразадан ташқарида катта бир ҳаёт кечаётганини ва унинг қўйнида ўзинг ҳам борлигини ҳис этаётгандай бўлардинг. Ва эртага яна бир кун бошланади, сен унда ҳам борсан ва балки бирон-бир яхши воқеа содир бўлади. Агар ақлли яшасанг, яхшиликка ишонишинг мумкин.

*   *   *

- Одамлар-чи, улар фақат бугунги кунни ўйлаб яшашади, - Баев мулоҳаза юритарди. - Ҳаётда эса ҳеч бир нарсани назардан қочирмаслик керак. Қатъий режа!.. - Баев қиёфасига маъноли тус берди, бунда унинг юқори лаби қаергадир, бурни томонга қараб тортилди, кўзи эса қисилди - гўёки ҳозир у “ним-ма” дейдигандай туюлди. - Режа! Қайси бир ақлли хўжайин олдиндан нимаси борлигини ва қанча туришини билмасдан уй бузишга тушади. Ҳисоб-китоб ишида буни режа дейдилар. Бирда яшаб турган кулбамизни бузишга шайландим – кўнгил    кенгроқ, каттароқ уйда яшашни тусаб қолди, лекин бундай каллани ишлатсам, ярмига кучим етадими-йўқми? Ўттиз ёшинггача оловдай яшайсан, ундан кейин - даминг чиқиб қолибди.

Азизбек НОРОВ тайёрлади.

Report typo