Goldikka компанияси Ҳиндистоннинг Ҳайдаробод шаҳрида тилло тангалар сотишга мўлжалланган дунёдаги биринчи банкоматни ўрнатди. Маҳаллий аҳоли пластик карталари орқали пулларини олтинга алмаштириб олиш имконига эга бўлди, дея хабар тарқатган РИА “Новости” манбаси.
“Биз олтин сотувчи банкомат муваффақиятли ишга туширилганини мамнуният билан эълон қиламиз. Умид қиламизки, ушбу янгилик ортидан Ҳиндистон яна тилло қанотли қушчага айланади”, дейилади ҳинд компанияси хабарида.
Шунингдек, Goldikka қимматбаҳо металлдан ишланган чақалар сотувчи дунёдаги илк қурилмани ўрнатиш билан чекланиб қолмоқчи эмас. Компания яқин келажакда Ҳайдарободда яна тўртта шундай қурилмани ишга туширишни режалаштирган.
“Биз кейинги тўртта автоматни ҳам шаҳарда, жумладан, аэропортда ўрнатишни режалаштирганмиз. Сўнг бутун мамлакатни, ундан кейин дунёни қамраб оламиз”, деб ёзган Goldikka вице-президенти Ритик Митра ўзининг Twitter саҳифасида.
Дунёдаги илк олтин сотиш қурилмаси ҳар томонидан камера ва овозли сигнал тизими билан жиҳозланган. Маҳаллий аҳоли ундан 0,5 граммдан 100 граммгача бўлган оғирликдаги тилло тангаларни сотиб олиши мумкин.