Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Ўролбой ҚОБИЛ

18.01.2017


АЁЛ ҚАЛБИНИНГ КУЙЧИСИ

Йиллар ўтди. Гоҳ туман газетаси таҳририятида, баъзида жойлардаги турли учрашувларда Момохол опа билан тез-тез кўришиб турардик. Опанинг ўзи ўта камтар ва камсуқум кўринса-да, адабиётга, айниқса, шеъриятга нисбатан одил ва қаттиққўл эканлигига кўп эътибор берганман.

Чекка бир қишлоқда ўтган учрашув ёдимда. Шоира ўзбек хотин-қизларига бағишланган содда ва самимий шеърларини ўқиди. Қишлоқ аёллари учрашувдан сўнг ҳам уни қўйиб юбормас, ўзларининг ҳали ҳеч кимга айтмаган дардларини,  сирларини сўзлаб беришарди. Момохол опа аёл қалбининг куйчиси эканлигига ўшанда амин бўлганман.

***

Бундан бир неча йил муқаддам, Момохол опанинг 60 йиллик тўйида шоир Худойберди Чоршанбиев жўшиб шеър ўқиганди:

Мусичадай беозор, сўзи меҳригиёли,

Бўй етишган қизлардай боқишлари иболи,

Тонг юзидан нур олган туйғулари  сафоли,

Кўнгли ҳур мисол опам -

Менинг Момохол опам...

“Устоз, сизнинг дилбар ашъорларингиз, ҳақиқий аёл нафаси уфуриб турадиган мисраларингиз нафақат вилоят, балки республикадаям маълуму машҳур. Ҳажвчи адиб Турсунбой акамиз “Момохол ҳақида энг чиройли шеър ёзганга мукофотим бор”, деб танлов эълон қилибди. Сиз каби фидойи, файзиёб қалб эгаларининг таърифига сўзлар ҳам ожиз...” дея ёзади опанинг шогирди, ижодкор Лола Саодатова устозининг ижод йўлига назар ташлаб.

Яхши ва бахтли яшамоқ ҳам бир гўзалликдир.  Момохол Элмуродованинг юзларидан балқиб турган нур, кўзларидаги завқ-шавқ жилваси кўнглидаги сўнмас баҳордан нишонадир. Бу баҳор нафаси унинг шеърларида, бир қатор тўпламларида ўз аксини топди. Момохол Элмуродованинг шу кунгача  “Қалдирғоч”, “Аёл муҳаббати”, “Орзуларнинг узун йўли”, “Юракка санчилган игналар”, “Онамга мактублар”, “Отландим қалбингиз зиёратига”, “Энг гўзал имкон”, “Куз хаёллари” каби  назмий китоблари чоп этилди. Шоира ижод билан ўқитувчилик фаолиятини баравар олиб борди. Унинг меҳнатлари муносиб баҳоланиб, “Ўзбекистон халқ таълими аълочиси” унвонига сазовор бўлди. Шоира ижоди билан яқиндан таниш ижодкорлар унинг шеърий тўпламларидаги ижод маҳсулларини ҳозирги адабиётимизнинг жавоҳирлари бўлиб ҳисобланишга лойиқ деб эътироф этса, таниқли адабиётшунос олим ва таржимон Иброҳим Ғафуров эса “Гулчеҳралар” газетасида шоиранинг шеърларини ўқиб: “Чинакам шеърият мана шундай сокин ва майин, гўзал бўлади”, деб таъриф этганди. Бу таърифларнинг бари шоира ижодига берилган, берилаётган юксак унвон, ҳақиқий баҳодир...

Мамлакатимиз мустақиллигининг 25 йиллик тўйи арафасида  укамиз Темирпўлат Тиллаевдан хушхабар эшитдим. Шоира Момохол Элмуродова “Шуҳрат” медали билан тақдирланибди. Камтарин шоиранинг ижоди яна бир рағбатга муносиб кўрилгани у кишининг шеърияти ихлосманди сифатида мени ҳам шод этди.

 Ўролбой ҚОБИЛ, Қамаши тумани.

Report typo