Сараланган сатрлар
Замонавий ўзбек насрида Назар Эшонқул, Абдуқаюм Йўлдошев, Зулфия Қуролбой қизи, Исажон Султон каби адиблар қаторида Улуғбек Ҳамдам ҳам алоҳида ўринга, катта қамровли ўқувчилар аудиториясига эга. Ёзувчининг "Ёлғизлик", "Мувозанат", "Исён ва итоат", "Узоқдаги Дилнура", "Сабо ва Самандар" каби асарлари қайта-қайта нашр этилаётгани муаллифнинг эскирмас ва умумбашарий мавзуларни қаламга олганини кўрсатади. Даставвал "Жаҳон адабиёти" журналида эълон қилиниб шов-шув ясаган "Мувозанат" романи қанчалик кўп ўқилган бўлса, "Ёлғизлик", "Исён ва итоат" асарлари сўз санъатида ўзига хос янгилик, воқеа сифатида эътироф этилганди.
Эътиборингизга "Исён ва итоат" романидан диққатга лойиқ лавҳаларни ҳавола этяпмиз. Асар ҳаёт маъноси, иймон ва эътиқод, инсоннинг бу фоний дунёдаги ўрни каби масалалардан сўз очади. Турли тақдирлар мисолида азалий саволга жавоб изланади.
Инсон қачон бахтли бўлади? Бахтнинг чегараси қаерда ўзи? Қачон одам иймон ҳаловатига эришади? Бу шунчалик мураккаб ва машаққатлими? Ҳақни таниш ҳаммагаям насиб қиладими? Таниган ва танимаганнинг тақдири қандай якун топади?
Мўъжаз роман мутолааси асносида шу ҳақда бафуржа ўйлай бошлайсиз...
* * *
Ичингдаги исёндан қутулиб, итоатга келмагунингча ҳаловат тополмайсан...
* * *
Ҳикматни уққанга гапиргин, йўқса, ҳар икки томонга ҳам жабр қиласан.
* * *
Йўқ, қамоқ инсонни тарбия қилмайди, уни тамоман маҳв этади.
* * *
Дунёда ҳеч бир нарса, ҳеч қандай мақсад инсоннинг бундай хор бўлишига арзимайди. Ахир ҳаёт қанча ширин бўлса, умр шунча қисқа, инсон шунча ожиз. Шундай экан, нега у ўз куч-қудратига кўра яшамайди. Мудом кўпроққа, каттароққа ошиқади, ҳеч қачон ўзиники бўлмаслигини билгани ҳолда дунёларни ўзига бўйсундирмоққа, ҳамма нарсага эга чиқмоққа талпинади? Умидли дунё экан, нимагадир умид қилар экансан. Бироқ, аксарият ҳолларда умид ва ҳаваснинг комига тортилиб кетганингни сезмасакансан киши. Аслида инсон ўз истаклари устидан ҳоким турмоғи керак эмасми?
* * *
Ҳар қандай улуғ иш бошламагин, ҳаммасининг охири қайғули ниҳоя, кимни, қандай гўзал қизни, аёлни севмагин, барининг сўнги айрилиқ, надомат, умринг узоқ бўлиб қанча яшамагин, барибир, ўлимни ҳатлаб ўтолмайсан. Инсонга тегишли неки бор, ҳаммаси кунпая-кун бўлишга, чанг зарраларидек тўзғиб кетишга маҳкум бўлса... додингни кимга айтасан?.. Худога!.. Бироқ, эй Худо, қани энди мен Сендан бир мисқол тушуна олсам, балки шундагина ҳаётнинг, инсон умрининг мазмуни, мантиғи деган нарсалар устида изтироб билан ўйлашларимни бас қилармидим?..
* * *
Тирик организм борки, барча-барчасининг ҳаёти омонат. Улар гўё энди-энди узиламан, деб турган қилнинг устида тургандек ва бундан - ўз қисматларидан бехабардек. Ахир "манаман" деган энг соғлом вужудда ҳам билимсиз равишда кечадиган қанча касаллик, қанча бошқа майда организмлар бўлмайди, дейсиз. Буларнинг барчасига қарамай, масалан, инсоннинг тик юриши ва кўпинча ўзини соғлом ҳис этиши - бу мўъжиза!
* * *
Ҳа, инсон ҳаёти аччиқ ва айни пайтда қизиқ экан, олдиндан сени нима, қандай тақдир кутаётганини ҳеч-да билмас экансан. Ёшлигингда - кўзинг нурга, белинг кучга тўла вақтингда юракларинг орзулар тўлқинидан ҳапқириб ётар, нигоҳинг фақат юлдузларни кўрар экан. Кейин-чи?.. Кейин йиллар... умр ўтиб кетар экану орзуларинг қандай бўлган эса ўшандайлигича қалбингда қолаверар экан. Энг ёмони - гоҳи-гоҳи улар ўзи ҳақда хабар бериб ё беихтиёр ёдингга қалқиб чиқиб ё бўлмаса, тушингга кириб сени адоқсиз изтиробларга солар экан...
* * *
Инсон ён-атрофида ўзига заррадек бўлсин ноқулайликни ёки ноқулайлик туғдириши мумкин бўлган омилни сезса, тамом, ўшани яқинига йўлатмасликка тиш-тирноғи билан курашадиган, ўтакетган худбин мавжудот экан. У ўз роҳатини йўқотиб қўймаслик учун ҳар қандай нарсага - бошқаларнинг хонавайрон бўлишигача рози. Бу йўлда унга ўз виждонига қарши бориш ўйинчоқдек гап. Етарки, ўзининг пичоғи мойнинг устида, жони фароғатда бўлсин...
* * *
Дунёда қанча одам бўлса, шунча тақдир, шунча пешона ёзиғи мавжуд. Ҳеч қачон бировнинг қисмати иккинчисиникига узукка кўз қўйгандек мос тушмайди; ёки буни бошқача рамзлаш керакдир: икки томчи сувдек бир-бирига ўхшаган инсонни ҳам, умрни ҳам топиш маҳол.
* * *
Аслида ҳамма бало ўша гулханда - Исён Гулханида!.. Ахир мени бир умр ўз дўзахида жизғанак қилмадими бу лаънати олов! Олтмишни қоралаб қолганимдагина гулханнинг шашти пасая бошлаганини ҳис этмадимми?.. Шунда мен ўзимнинг жаннатий бир ҳаловатга қовушаётганимни сезгандим ва қувончдан юрагим ёрилаёзганди. Ахир бу натижа эди, бир умрлик қийноқларим ҳосиласи, мукофоти эди!.. Мен, ниҳоят, исён азобидан фориғ бўлиб, озодликка чиққандим. Озодликнинг исми эса Итоат эди. Ва, мен ўзимни у ён - бу ёнга уришни бас қилиб... йўқ-йўқ, бундай эмас, қирқ-эллик йил давомида мени чирпирак қилиб учириб юрган куч секин-аста орқага чекинди-да, мен ўзимга ўзим тегишли бўлиб қолдим, десам тўғрироқ бўлади. Шунда қаршимда ҳаётнинг мазмуни, туғилиш ва ўлишнинг маъниси ярқ этиб намоён бўлгандай эди: у Итоатда, инсонлик қисматига кўникишда эди. Йўқ, бу шунчаки кўр-кўрона кўникма эмасди, балки англаш ва тушунишдан келадиган буюк Итоат - Яратганга тобелик эди.
* * *
Дунёда ўлимингнигина кутиб яшашдан даҳшатлироқ тақдир бўлмаса керак. Айниқса, қариликдан яшашга ҳолинг келмай буришиб-тиришиб қолганингда, на овқатнинг ва на уйқунинг таъмини билмай сўлганингда...
* * *
Фурсат деганлари шундай қудратлики, у ҳар қандай метин иродага эга бўлган кучли одамни ҳам аста-секин ҳолдан тойдириб, ахийри бир кун йиқитади, ўз измига солиб, эл қатори бир нусхага айлантириб қўяди.
* * *
Ғофил одамлар негадир фақат мудом бирга бўлишга уринишади.
* * *
Инсон улкан бир қудратнинг қўлида хомашё. Бу қудрат одамзодни хоҳлаган кўйига солади: истаса соғлиқ, чирой беради, истаса сўқир ё бадбашара қилади. Инсон улкан маънода, ўз қисматини заррача бўлсин, ўзгартира олмайди. У - (ҳақиқатан ҳам) камондан чиқиб учаётган ўқ. Инсонни ўқ мисол отган - бу дунёга келтирган куч бошқадир. Одамларнинг қўлидан ҳеч вақо келмайди: у қайси ёққа отилган, қандай куч билан отилган бўлса, худди шу томонга ва ўшандай тезлик билан учади. Ҳаёт, яшамоқ деганлари, аслида, шу!..
* * *
Ҳар қандай бошланган нарса қачондир, қайдадир якун топади. Лекин гап шундаки, сен шу икки нуқтани - ибтидо ва интиҳони ўз ҳаётинг давомида бирлаштира оласанми? Ундан ҳам муҳимроғи - сенинг бағрингга, сенинг дунёингга сиғадими шу икки нуқта?! Агар сиғса, сен яратган дунё шунга қобил чиқса, демак, сен улгурасан: ўлмасдан бурун ниҳояни топасан...
* * *
Биз бир-биримизга қанчалик ўхшамайлик, барибир, иккита одаммиз. Ҳар биримиз ўзимизча бетакрормиз. Ҳаётимизда ҳам, хулосаларимизда ҳам. Моҳиятда эса натижалар бир хил бўлиши мумкин. Кўринадики, биз битта нарса ҳақида ҳар хил овозларда - ўз овозимизда гапирамиз. Тафовут ана шунда - овозларда.
* * *
Кўзини юмиб "менинг ҳаётим" деб кўрилганда нафақат одамнинг ўзи, ёши, босиб ўтган ҳаёт йўли, балки шу йўлда унга ҳамроҳ бўлганлар ҳам: хоҳ у инсон бўлсин, хоҳ кучук ё дарахт, бундан қатъи назар, ҳамма-ҳаммаси ҳаётнинг бир парчаси бўларкан. Қизиғ-а, етти ёт бегона одам агар сен билан қачондир бир марта учрашган, гаплашган бўлса, у ҳаётингнинг бир бўлагига айланса. Демак, оддийгина шу мантиққа кўра ҳам инсон ўзига қандай нарсани раво кўрса, бошқага ҳам шуни тилаши керак экан.
* * *
Одам боласи хом сут эмган-да, ҳамиша шунақа: ёнидаги "жавоҳир"нинг қадрига етмайди-да, олисдаги - нима эканлиги-да ҳали билинмаган нарсаларга кўз тикади.
* * *
Одамларнинг чинакам боғлиқлиги - уларнинг маънавий-руҳий қариндошлиги, маънавий-руҳий қисматдошлигидир аслида.
* * *
Ҳа, мангу исён бу - ёшлик, исён бу - гўзаллик, исён бу - гўзал ёшликнинг давом этишини исташ ёки мангу давом этмаслигига қарши норозилик... Инсон ёшлиги ва гўзаллигидан айрилдими, у исён қилишдан ҳам тўхтайди. Чунки, ёшлик ва гўзалликсиз - гўзал вужуд, гўзал руҳ, умуман, гўзаллик туйғусисиз бу дунёнинг ҳам, унинг мангулигини ҳам қизиғи йўқ, қадри йўқ...
* * *
ИСЁН ва ИТОАТ, мана у - инсон бўлишнинг ғоят машаққатли йўли, мана у - одамзод пешонасига битилган қисмат.
* * *
Инсон ўз орзу-истакларига эришса, яъни ҳаётдан қониқиб яшаса, балки ўлим ҳам уни даҳшатга солмас ва вақти-соати келганда қийинчиликсиз дунё билан видолашар. Лекин бунинг учун қалбингдаги чалкашликлар йўлини, шубҳа-гумонлар йўлини - Исён йўлини, - агар у бор бўлса, - барибир босиб ўтиш керак.
Б.САЙФИЕВ тайёрлади.