Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Шоҳиста БОЗОРОВА

17.02.2017


ҲАЁТ УММОНИНИНГ МУСАФФО САРЧАШМАСИ

Ҳар йили 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни дунё мамлакатларида кенг нишонланади.

Хўш нега айнан шу куни? Бу борада бир қанча қарашлар мавжуд. Унга кўра, илк марта мазкур кунни нишонлаш ғояси 1925 йили Женевада болалар фаровонлигига бағишланган Бутунжаҳон конференциясида илгари сурилган. Ушбу конференция ўтказилиш санаси айнан 1 июнь кунига тўғри келган.

Яна бир қараш шундан иборатки, Иккинчи жаҳон урушидан сўнг болалар саломатлиги ва уларнинг ҳуқуқлари дунё ҳамжамияти олдидаги энг долзарб муаммолардан бирига айланган. 1949 йили Париж шаҳрида Халқаро аёллар демократик федерациясининг конгрессида болалар ҳуқуқларини камситишга қарши курашиш дунёнинг ҳар бир аҳолиси олдида турган бирламчи вазифалардан бири эканлиги таъкидланади ва йилнинг бир кунини айнан шу мавзуга  бағишлашга келишиб олинади.

Нима бўлганда ҳам Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни - бу жаҳон жамоатчилиги эътиборини болалар ҳуқуқини таъминлашга қаратиш, уруш хавфидан ҳимоялаш, болалар саломатлигини сақлаш, уларга демократик асосда тарбия ва таълим бериш учун курашишга жалб қилишга қаратилгани билан аҳамиятли. Шундай қилиб, илк марта “Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни” 1950 йилнинг 1 июнида  нишонланади.

Болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳақида гап кетганда энг аввало кўз олдимизга “Бола ҳуқуқлари тўғрисида”ги Конвенция келади. Ушбу Конвенция 54 моддадан иборат бўлиб, унинг бандлари болалар ҳуқуқларини таъминлаш, болаларни жисмоний ва руҳий қийноқлардан асраш, уларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш бўйича ягона ҳуқуқий кўрсатмаларни белгилаб беради. Конвенцияга БМТга аъзо давлатларнинг барчаси қўшилган. Табиийки, мамлакатимиз ҳам.

Маълумот учун айтиш жоизки, юртимизда мустақиллик йилларида бола ҳуқуқларига доир 100 дан ортиқ қонун ҳужжатлари қабул қилинди. Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси болалар ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга оид 38 та халқаро ҳужжатнинг иштирокчиси саналади.

- Ўзбеклар азал-азалдан болажон халқ, - деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дилфуза Жалилова. - Юртимиздаги ҳар бир ота-она фарзандим, деб яшайди, унинг баркамол авлод бўлиб вояга етишини, Ватан равнақига ҳисса қўшишини хоҳлайди. Энг муҳими, бундай орзу-истак мустақиллик йилларида мамлакатимизда соғлом  авлодни вояга етказиш борасида олиб борилаётган саъй-ҳаракатларда ҳам ўз ифодасини топган.

Дарҳақиқат, жорий йилнинг Соғлом она ва бола йили деб эълон қилингани ва бу борада ишлаб чиқилган Давлат дастурини амалга ошириш учун қарийб 7,5 триллион сўм ва 194 миллион АҚШ доллари эквивалентида маблағ сарфланиши кўзда тутилганининг ўзиёқ мамлакатимизда соғлом авлод камолоти йўлида мунтазам амалга оширилаётган ишлар ҳажмини ифодалаб турибди. Буни янада ёрқинроқ тасаввур этиш учун дунёга боқинг, нотинчликлар, иқтисодий қийинчиликлар сабаб қанчадан-қанча болалар бахтли яшаш, таълим олиш ҳуқуқидан мосуво.

Хуллас, дунёда болажонлар кулгисию шўх-шодон қийқириғидан-да беғубор нарса бўлмаса керак. Тиниқ нигоҳини сизга қадаганча, бийрон тилда тинмай савол бераётган, мурғак қалби билан оламдаги жамики ажойиботларни ўрганишга, мушоҳада қилишга уринаётган болакайнинг нурли чеҳрасига боққан ҳар қандай инсон ҳаёт ташвишларини унутади. Зотан, фарзандининг саодатли ва бахтиёр дамларини мудом кўриб яшаш ҳар бир инсон умрининг асосий мазмунидир.

Шоҳиста БОЗОРОВА

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Report typo