Кўрилган чораларга қарамасдан вилоятда почта, кадастр, ички ишлар, прокуратура, Қарши ва Қамаши туманлари ҳокимликлари вакиллари вирус юқтириб олган.
Бу ҳақда вилоят ҳокими иштирокидаги брифингда маълумот берилди. Қайд этилишича, уларнинг аксарияти даволаниб ҳам чиққан.
“Ҳеч ким касалликка чалинмайди деб бўлмайди, ҳеч ким бундан кафолатланмаган. Юқоридаги ҳолатлар вилоятда коронавирус пандемияси бўйича ҳолат жиддийлигини кўрсатмоқда. Хабарингиз бор, шу пайтгача вилоятда 3 та ўлим ҳолати қайд этилди. Шундай бўлишига қарамасдан фуқаролар томонидан карантин талабларига риоя қилмаслик, сабабсиз кўчада юриш, ниқоб тақмаслик, 3 нафардан кўп киши тўпланиш ҳоллари кўпаймоқда”, дея таъкидлади Зойир Мирзаев.
Маълумотларга кўра, вилоятда шу вақтгача 22 минг 239 киши карантинга олинган бўлса, уларнинг 19 минг 869 нафари (89,3 фоизи) карантин муддатини ўтаб бўлди. Айни пайтда эса 2370 киши карантинда қолмоқда.
Коронавирусга чалинган беморларнинг 35 нафари уйда даволанаяпти.
Масофадан даволашни ташкил қилиш мақсадида тиббиёт муассасаларига 160 та телефон аппаратлари бепул етказиб берилди. 15 июлдан Call марказ фаолияти йўлга қўйилди. Ушбу марказга ҳозиргача 735 фуқаро иссиғи кўтарилганидан шикоят қилиб мурожат қилган.