Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 ноябрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Шоҳиста БОЗОРОВА

15.01.2021


АКСАРИЯТ АҲОЛИСИ ИШСИЗ ҚИШЛОҚ

Ниёзхон одамларини нима руҳий тушкунликка тушириб қўйган?

Муаммолар ечим кутмоқда

- Қиш ойлари биз учун жуда оғир кечади, - дейди Ниёзхон қишлоғида яшовчи Санам Рўзиева. - Ишлайлик десак иш йўқ. Аёлларимиз фақат пахта терими пайтида иш билан банд бўлади. Масалан, менинг 5 нафар фарзандим бор. Турмуш ўртоғим ёлланма ишчи сифатида бир ойда 750 минг сўм ойлик учун бошқа вилоятларга бориб чўпонлик қилиб келади. Топадиган даромадимиз шу. Энди ўйлаб кўринг, бу пул билан қорнимизни тўйдирамизми, уст-бош оламизми? Бундай ҳолат қишлоқдаги деярли барча хонадонларга бегона эмас. Ҳаттоки бир марта ҳафтада бир қозон қайнатолмайдиган хонадонлар бор. Шу сабабли жуда қийналиб яшаяпмиз.

Ниёзхон қишлоғи Муборак туманининг энг чекка ҳудуди ҳисобланиб, аҳолиси жуда тарқоқ жойлашган. Ушбу қишлоқ Муборак маҳалла фуқаролар йиғини тасарруфига кирса-да, ўзи маҳалла идорасидан 45-50 километр узоқликда. Айни пайтда бу ерда 183 та хонадонда 1290 киши истиқомат қилади. Қишлоқда яшовчи аҳолининг деярли 80 фоизи ишсиз. Бу эса қишлоқ одамларини руҳий тушкунликка тушириб қўйган. Натижада оила боқувчиларининг меҳнатга лаёқати сусайиб, халқ тилида айтганда, беҳафсала бўлиб, ишидан унум, оиласидан файз-барака кетган.

- Ишлайлик десак, қишлоқда иш йўқ. Деҳқончилик қилиш учун эса сув керак, - дейди Ғ.Янгибоев. - Оғриқли муаммоларимиздан бири маҳалла идораси қишлоғимиздан жуда узоқда жойлашган. У ерга бориб келиш учун йўл кирага 30 минг сўм керак. Бизда эса бу пул қадрли. Шу сабабли муаммомиз бўлса ҳам маҳалла идорасига боролмаймиз. Телефон қилиш учун эса худди қизиқчи айтганидек, томга чиқиш ёки телефонни кўтариб қаерда антенна бор экан, деб ўша ерга чопишимизга тўғри келади. Борига шукур қилиб яшаб келаяпмиз.

Маълумки, йиллар давомида йиғилиб қолган муаммоларни қисқа муддатда ҳал қилишнинг иложи йўқ. Масалан, ўнта муаммони "жойига чиқиб ўрганиб" кейин ташлаб кетгандан кўра битта катта муаммони ҳал қилган тузук, бизнингча. Ана шундай ечими долзарб бўлган муаммолардан бири бу тиббий хизмат сифати, қишлоқ аҳли бунга бир неча йиллардан буён дуч келмоқда.

- Қишлоғимиздаги тиббиёт пунктида битта фельдшер ишлайди, - дейди яна бир фуқаро. - Яқинда турмуш ўртоғимнинг қон босими кўтарилиб, тоби қочди, фельдшерни чақирдик. У келишга келдию, биринчи ёрдам кўрсатиш учун унда на бирор дори-дармон, на қон босимини ўлчайдиган асбоб бор экан. Ёрдам кўрсатиш имкони бўлмади. Қишлоғимизга "Кўҳнашаҳар" врачлик пункти хизмат кўрсатиши керак. Агар бирор сабаб билан ҚВП мудирига телефон қилсак, умуман телефонини кўтармайди.  Бир неча йилдан буён қишлоғимизда олий маълумотли шифокор ишлашини орзу қиламиз. Лекин бунинг имкони топилмаяпти.

Юқоридаги мулоҳазалардан шундай хулоса келиб чиқадики, Ниёзхон аҳолисининг катта қисми ижтимоий ҳимояга муҳтож.

- Ҳар ойда ҚВПдан талабнома асосида дори-дармон оламан, - дейди қишлоқ фельдшери Илҳом Асадов. - Олган дориларим бир ҳафтага ҳам етмайди. Шу сабабли аҳоли кўп сўрайдиган дориларни ўз ҳисобимдан сотиб оламан. Ойлик маошим етмаганлиги сабабли дориларда узилиш бўлаяпти.

Аччиқ бўлса ҳам айтиш керакки, шу пайтгача аксарият фуқароларимиз ҳақиқатан ҳам камбағал эканини кўриб-кўрмасликка, эшитиб-эшитмаганликка олдик. Агар ҳудуддаги оилаларнинг топаётган ойлик даромадини ҳисоб-китоб қиладиган бўлсак, аксариятининг ойлик маоши рўзғор тебратишга етмайди. Натижада кўпгина оилаларнинг электр таъминотидан, солиқдан қарздорлиги юқори. 

Қишлоқ айланар эканмиз, ҳудуддаги уйлар бундан 50-60 йил олдин қурилганлиги ва  бугунги кунга келиб ниҳоятда эскириб, кўпгина уй-жойлар яшаш учун яроқсиз аҳволга тушиб қолганини кўрдик. Айрим хонадонларнинг дераза ойналари ўрнида тунука қоплаб қўйилганини кўриб эса, тўғриси, қишлоқ аҳли қандай қилиб ушбу уйларда кўп йиллардан буён сабр-қаноат билан яшаб келаётганига ҳайрон қолдик.

2017 йилда қурилган мактабда иситиш тизими яхши ишламаганлиги боис синф хоналари совуқ. Табиийки, дарсда ўтирган болалар қалин кийимлар кийиб олишган. Мактабда спорт зали йўқлиги сабабли ўқувчилар жисмоний маданият дарсини синфда ўтириб ўтказишмоқда.

- Ҳар ёмоннинг бир яхшиси бор, деганларидек, Худога шукур, қишлоқда электр таъминотида муаммо йўқ, - дейди Муборак маҳалла фуқаролар йиғини раиси Толиб Авезов. - Газ баллони бир ойда бир марта тўлдириб берилади. Ичимлик суви эса муаммо. Қишлоқ яқинидан ичимлик суви қувури ўтган. Шундан қишлоққа тортиб келиш учун тегишли ташкилотларга бир неча марта мурожаат қилдик. Лекин натижаси бўлмаяпти.

Маълумотларга кўра, Қашқадарё вилояти   камбағаллик муаммоси бўйича энг оғир ҳудуд ҳисобланади. 700 минг киши камбағал. Бу жами аҳолининг қарийб 21 фоизини ташкил этмоқда. Президентимиз таъкидлаганидек, бу вазиятда Қашқадарёда раҳбарлар бир жойда ўтириши мумкин эмас. Одамларимизни бундай оғир шароитдан қандай чиқариб оламиз, деган саволни ўзига бериши лозим...

Биз Ниёзхонда бўлган кунимиз Ўзбекистон Республикаси Президентининг вилоят Халқ қабулхонаси мудири Фахриддин Жумаев мазкур қишлоқ аҳолиси билан учрашиб, уларни қийнаётган муаммолар бўйича суҳбатлашди. Мулоқот чоғида аҳоли томонидан бандлик, йўл, соғлиқни сақлаш, ичимлик ва суғориш суви таъминоти, ижтимоий ҳимоя масалалари, мактаб ва мактабгача таълим муассасалари, тадбиркорлик соҳаларидаги фаолият ривожи учун кўмак сўраб йигирмага яқин масала ўртага ташланди.

-  Маълумки, бугун мамлакатимизда аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш, айниқса, чекка ва олис ҳудудларда яшаётган фуқаролар ҳолидан хабар олиш, муаммоларини жойида ҳал этиш, одамларда адолатга, давлатга ишончни мустаҳкамлаш ва уларни ҳаётдан рози қилиш давлат идоралари, раҳбарлар олдидаги энг устувор вазифага айланди, - дейди Ф.Жумаев. - Шунга асосан биз ҳар бир тумандаги муаммолари кўп олис қишлоқларни суриштириб, уларни ўз оталиғимизга олаяпмиз. Насиб бўлса Ниёзхон қишлоғида биринчи навбатда ишсизликни камайтирамиз, йўлларга шағал тўктириб, тиббий хизматни яхшилаймиз.

Шу куни Фахриддин Жумаев уйда ётиб қолган ногиронлиги бор шахслар ҳолидан хабар олиб, уларга озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатди.

Шоҳиста БОЗОРОВА

Муаллиф олган суратлар.

 

 

Report typo