- Заиф кўрувчи ва эшитиш қобилияти паст ёшларга таълим бериш учун алоҳида метод ва қўлланмалар талаб этилади, - дейди у. - Шу нуқтаи назарда махсус мактаб-интернатларда кўзи ожиз болаларни ўқитиш тартиб-қоидалари бўйича "Мўлжал олиш ва ҳаракатланиш асослари" деб номланган методик қўлланмани ишлаб чиқдим. Шунингдек, халқаро ҳамкорлик асосида мактаб қошида кўзи ожизларга махсус китоб чиқариладиган босмахона ташкил этдик.
2010 йилда жамият раиси вазифасида иш бошлаган Ҳақназар Пўлатов Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан эълон қилинган грант лойиҳасида иштирок этди. У бошчилигида ёзилган "Катта ёшли кўзи ожизларни Брайль ёзувига ўқитиш" лойиҳаси бўйича грант ажратилди. 2012 йилда эса Германия халқаро ҳамкорлик ташкилоти орқали "Кўзи ожизларни компьютер саводхонлигига ўргатиш" лойиҳаси грант асосида молиялаштирилди.
- Бу жамиятимиз фаолиятини ривожлантириш учун жуда катта туртки бўлди, - дейди раис. - Айни пайтда ҳам ёшидан қатъи назар компьютерда ишлашни ўрганиш истагида бўлган жамиятимиз аъзолари ўқитилмоқда. 2013 йилда эса "Қарши шаҳрида кўзи ожизлар учун спорт клубини ташкил этиш" лойиҳаси доирасида 18-сонли кўриш бўйича имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган давлат таълим муассасаси қошида клуб ташкил этдик. Бу ерда коллеж, академик лицей ва олий ўқув юртларида таҳсил олаётган кўриш имконияти чекланган болаларга махсус тренер ёрдамида машғулотлар олиб борилаяпти. Энг қувонарлиси, республикада биринчилардан бўлиб 2011 йилда "Қўшиқла кўраман оламни", 2012 йилда кўзи ожизлар меҳнатини ташкил этиш бўйича "Меҳнат - обод турмуш асоси" телефоруми, 2013 йилда кўзи ожизлар ўртасида "Компьютер саводхонлиги" кўрик-танловини бошлаб бердик. Айни пайтда бу тадбирлар республика миқёсида кенг тарғиб этилмоқда.
Ҳозирги кунда вилоятимизнинг шаҳар ва барча туманларида жамиятнинг маҳаллий ташкилотлари, Қарши шаҳар, Шаҳрисабз, Чироқчи, Қамаши ва Косон туманларида корхоналари ишлаб турибди. Қарши шаҳрида кўзи ожиз болалар учун махсус таълим муассасаси, вилоят кўзи ожизлар махсус кутубхонаси, вилоят кўзи ожизлар маданий ишлар услубият маркази, 4 та туманда махсус кутубхона, 8 та туманда махсус клуб ташкил этилди.
13 ноябрь санаси Бутун дунё соғлиқни сақлаш ташкилоти қарорига асосан Халқаро кўзи ожизлар куни сифатида белгиланган. Бу санада кўриш бўйича имконияти чекланганлар ўртасида турли акция ва танловлар ўтказилиши анъана тусини олган. Мақсад эса уларни дунёни қалб кўзи билан идрок этишига кўмаклашишдан иборат.
- Дунёни қалб кўзи билан кўра олиш ҳам саодат, - дейди Ҳақназар Пўлатов. - Бунда имконияти чекланган инсонлар учун қайғураётган, уларни қўллаб-қувватлашга шай инсонлар орамизда кўплиги катта кўмак бўлаётир. Биз бундан мамнунмиз.
Шоҳиста БОЗОРОВА