Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
10 ноябрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Нафас ШОДМОНОВ

03.10.2024


АЛИШЕР НАВОИЙНИНГ НАСАФЛИК УСТОЗИ

Буюклар камолоти

Ҳар қандай буюк шахс камолот пиллапояларида, турли давр ва муҳитда устоз тарбияси, сабоқларини олади. Жумладан, сўз мулкининг султони Алишер Навоий сиймоси шаклланишида бевосита дарс ўтган, сабоқ берган устозлари баробарида, асарлари орқали маънавий раҳнамолик қилган зотлар таъсири ҳам беқиёс.

Улардан бири "Зубдату-л-ҳақойиқ" ва "Инсони комил" рисолалари муаллифи Азизиддин ибн Муҳаммад Насафийдир. Маълумки, Азизиддин Насафий тахминан 1240-1300 йилларда яшаб ижод қилган, Эроннинг Абркуҳ деган жойида вафот этган.

Алишер Навоий фаолиятига бу алломанинг сезиларли таъсири бор. Гарчи улуғ мутафаккир Навоий аллома исмини кўп такрорламаса-да, унинг асарларида Азизиддин Насафий таълимотининг бадиий талқинларини кўп учратиш мумкин. Аллома исми "Ҳолоти Саййид Ҳасан Ардашер" асарида у кўп ўқиган асарлар қаторида тилга олинади:

"...Батахсис "Кимиёи саодат"дин (Имом Ғаззолий асари) ва Шайх Азиз Насафий (қуддиса сирриҳу) расоилин (рисолаларини) ҳам таъриф қилурлар эрди ва андин сўзлар нақл қилурлар эрди". Навоий Саййид Ҳасанга кўп эътиқод қилгани, уни азиз ва мукаррам тутгани маълум. Ўзи учун бундай ҳурматли шахснинг мутолаасида ва комиллик касб этишида Шайх Азизиддиннинг ҳам ўрни борлиги эътироф қилиниши, қолаверса, унинг "Шайх" рутбаси билан зикр этилиши буюк мутафаккирнинг унга муносабатини ойдинлаштиради.

Кўпчиликнинг эътирофича, олимнинг таълимоти Шайх Нажмиддин Кубро ва Шайх Муҳийуддин ибн Арабий назарий қарашларининг синтези эди ва асарлари оммабоп услубда, содда тилда яратилганлиги  учун  ҳам халқ  орасида  кенг тарқалган. Алишер Навоий эса бу икки шайх ижодини жуда мўътабар тутар эди. Унинг ижодий ақидаси ваҳдату-л-вужуд назариясига асосланган бўлиб, бу назариянинг асосчиси ибн Арабий эди. Насафий ўз асарларида Ҳақ, олам ва инсон ҳақида билдирилган фикрларни таснифлар экан, шариат аҳли, ҳикмат аҳли (файласуфлар) ва ваҳдат аҳли сўзларига ажратиб баён қилади. Бунда ҳикмат аҳли дейилганда кўпроқ Афлотун ва Арасту фалсафасига таянган Ибн Арабийни, ваҳдат аҳли дейилганда Нажмиддин Куброни назарда тутиши ғарблик тадқиқотчилар томонидан ўрганилган. Бизнинг мақсадимиз бу масала эмас, Навоий фаолиятида олим қарашлари бадиий талқинларидан баъзи намуналар келтириб, буюк ижод фонида Азизиддин Насафий каби олимлар ғоялари ҳам борлигига диққат қаратишдир.

Маълумки, Навоий девонларида биринчи бўлиб "Ашрақат мин акси шамси-л-каъси анвору-л-ҳудо" (Жом қуёши [ўз] аксидан ҳидоят нурларини порлатади) деб бошланувчи ғазал келтирилади. Бу ерда "жом қуёши"нинг бўлишига сабаб "ҳидоят нурлари" порлаши ҳақидаги сатрнинг ҳамдона ғазал бошланишида келиши Насафий томонидан келтирилган ҳикмат аҳли тамсилига жуда ўхшаш: "Ҳикмат аҳли фикрича, вожибу-л-вужуд моҳиятан сабаб ҳамдир. Худди Қуёшдан чиққан нурдай ёки натижа сабабдан ҳосил бўлгандай олам унинг моҳиятидан пайдо бўлган". Навоийнинг

Ҳар қаён боқсам кўзумга ул қуёшдин нур эрур,

Ҳар сори солсам назар ул ой менга манзур эрур,

деб бошланувчи ғазалида ҳам олам борлиғининг мавжудлигида сабаб-натижа муносабатлари берилишини юқоридаги фикрлар талқини сифатида кўриш мумкин.

Бундан ташқари, ғазалда келтирилган айрим тасвир воситалари ва усуллари ҳам "Зубдату-л-ҳақойиқ"да ўзига хос тарзда мавжуд. Масалан, ғазалнинг 3-байти шундай:

Эй хуш ул майким, анга зарф ўлса бир синган сафол,

Жом ўлур гетинамо, Жамшид - ани ичган гадо.

Насафий ёзади: "Дарахтнинг барча даражаларидан кўра меваси нафис ва қадрли эканига шубҳа йўқ. Мавжудотнинг меваси эса инсондир. Иксири аъзам,   малҳами аъзам, жоми жаҳоннамо, оинаи гетинамо - ҳамма-ҳаммаси ориф инсондир". Бинобарин, байтни тушуниш ва шарҳлашда бу фикрнинг алоҳида ўрни бор.

Навоий ижодида "нур" концепти шоирнинг фалсафий, тасаввуфий қарашлари ифодаси сифатида алоҳида аҳамият касб этади. Ундан баъзи мисоллар келтирамиз. Жумладан, "Ҳайрату-л-аброр" достонида нур яратувчи зотга далолат қилувчи ўринлар мавжуд:

Эй қилибон ламъаи нурунг зуҳур,

Андаки не соя бор эрди, не нур.

Нурунга тоб икки жаҳондин бурун,

Ҳарне йўқ андин бурун, андин бурун.

Бу нури пок эди. Ундан Ҳақ таолонинг Азал ва  Аввал сифатларини ҳам англаш мумкин. Навоий "нур" билан бирга "тажалло", "тажалли" "зуҳур", "мазҳар", шунингдек, нурга маънодош бўлган "ламаъ", "ломиа" ҳамда нурнинг натижаси бўлган "соя", "зилл" каби бир қанча мутлақ борлиқ ва нисбий борлиқ муносабатларини ифодаловчи сўзлардан фойдаланади. Нур фақат мутлақ борлиқда мутлақ, нисбий борлиқда нисбий мавжуд бўлади. Нури Муҳаммадий Навоийда ҳам, Насафийда ҳам нисбий нурнинг энг олийси саналади:

Айлади чун одами хокий зуҳур,

Солди анга партавин ул пок нур.

Нур дема, бориқаи сармадий,

Бориқа йўқ, шаъшаи Аҳмадий.

"Лисону-т-тайр"да ошиқлик даъво қилган бир қушнинг саволига Ҳудҳуд жавоб бериб шундай дейди:

Дурри яктодин қилиб ғофил кўнгул,

Жола сори айлаган мойил кўнгул.

Меҳри ҳовар нуридин қилған удул,

Шамъу машъал партавин, этган қабул.

Сурати зоҳир била топқан фириб,

Топмаған маъни жамолидин насиб.

Нурнинг Ҳақ таолонинг тажаллисига нисбати бу ерда ҳам аён бўлади. Шунингдек, "сурати зоҳир"га алданиб, "маъни жамоли"дан бенасиблик таъкидида ҳам ўша нисбатга далолат бор. Насафийда ҳам нурга жиддий диққат қаратилади: "Руҳда нур бор ва олам бу нурдан лиммо-лим. Бу нур ҳаракатга келтирувчидир. Яъни у (руҳ) ўсимлик даражасида - табиат, ҳайвон даражасида - ҳаракат, одам даражасида - фаолият кўринишида зуҳур этади... Эй дарвеш, бу нурни вужуд даражасида, руҳ даражасида, ақл даражасида, мутлақ зиё даражасида ҳам топадилар. Аммо барча кишилар бу нурни излаб талпинади, (улар) бу нурни ўзларидан ташқаридан излайдилар ва қанча изласалар шунча ундан узоқлашадилар". "Инсони комил" асарида бу талқинда ҳадислардан фойдаланилади: "Агар биров  охирида Аллоҳнинг нури пайдо бўлди, деб айтса, тўғри айтибди: "Имонли кишининг фаросатидан қўрқинглар, чунки у Аллоҳнинг нури билан назар солади".

Шариат аҳли ер, осмон ва ҳоказо тушунчаларда ўз ақидаларига эга. Улар, масалан, осмонни етти қат деб ишонадилар. Бунга Қуръони Каримдан жуда кўп далиллар келтирадилар. Тасаввуф аҳли эса, кўпинча, осмонни тўққиз қат деб талқин қиладилар. Жумладан, Навоийда ҳам шундай.

"Ҳайрату-л-аброр"дан:

Ҳам тўқуз афлокни чектинг рафиъ,

Ҳам кураи хокни ёйдинг васиъ.

"Бадойиъу-л-бидоя"дан:

Зиҳи жавлонгаҳинг афлок уза майдони "ав адно",

Буроқингға тўқуз гунбаз бу тўққуз гунбази хазро.

Осмоннинг тўққиз қаватлиги Насафийда шундай таъкидланади: "...Арш - пайғамбари Хотам руҳининг мақоми, Курси - улулъазм пайғамбарлар руҳининг мақоми, манзили ва ҳужраси, еттинчи осмон - мурсал пайғамбарлар руҳининг мақоми, манзили ва ҳужраси, олтинчи осмон - анбиё руҳи мақоми, бешинчи осмон - авлиё руҳи мақоми, тўртинчи осмон - ҳакимлар руҳи мақоми, учинчи осмон - зоҳидлар руҳи мақоми, иккинчи осмон - тақво аҳли руҳи мақоми, биринчи осмон - имонлилар руҳи мақоми, шу тариқа осмоннинг тўққиз даражаси тугал якун топди".

Тўғри, тўққиз фалак ҳақидаги қарашлар Навоийдан олдин яшаган ижодкорлар асарларида ҳам бор. Бу қарашнинг асосчиси Насафий ҳам эмас. Лекин шоир ижодий тафаккурига фалакнинг тўққиз қатлиги талқини кириб қолишига Насафий ва унинг маслагидаги олимларнинг катта таъсири бўлганини инкор қилиб бўлмайди.

Умуман, Навоий ва Насафий тасаввуфий қарашларида уйғунлик бор. Буни биргина мисол орқали кўрсатишга ҳаракат қиламиз. Бу ваҳдат, тавҳид борасидаги ўхшашликдир. Насафий ёзади: "Икки оламни инъом этувчи Унинг ўзи ва Унинг икки оламининг ҳам моҳияти битта - ҳудудсизлик ва бу моҳият ғайб олами (асрор олами) ва бу моҳият ваҳдатдир... У оламда асал билан ҳанзал (аччиқ тарвуз)нинг мазаси бир хил, заҳар билан тарёкнинг таъсири ҳам бир хил, товуқ билан лочин бирга яшайди, бўри билан қўй бирга юради, тун ва куннинг ранги бир бўлади, у ерда ўлим ва абадиятга ўрин йўқ, унда юз минг йил деган гап йўқ, унда зиддият ва тафовутлар бўлмайди, Фиръавн Мусо билан, Намруд Иброҳим билан келишиб кетади".

Энди "Лисону-т-тайр"даги қуйидаги сатрларга диққат қаратамиз:

Ихтилофи жузв ила кул мундадур

Ким, тараққию таназзул мундадур.

Юз туман раҳрав кўрарсен беқарор,

Ҳар бири бир йўлни айлаб ихтиёр.

Ўз борур йўлиға ҳар бир муфтахир,

Йўлни айлаб ўз йўлиға мунҳасир.

Бу они тутмай мусаллам, ул муни,

Ҳар бир ўздин ўзга кўрмай ул буни.

Пашша онда раҳнаварду пил ҳам,

Пашша анда тойиру Жибрил ҳам.

Мусию Фиръавн онда роҳрав,

Бил яқинким бирдек эрмас бу икав.

Маҳдию Дажжолға йўл мазҳаби,

Лек тенг бўлмай Масиҳу маркаби.

Аҳмаду Бу Жаҳл этиб онда зуҳур,

Бу тушуб зулматқау ул ғарқи нур.

Даъб анда сайр этиб яхши ямон,

Мўъмин онда солику кофир ҳамон...

Бундай ўхшашликлар ва мисолларни жуда кўплаб келтириш мумкин. Уларни фақат мазкур икки шахс мисолида эмас, бошқа олим ва ижодкорлар асарлари қиёси орқали ҳам кузатиш мумкин. Умуман, Насафийларнинг илм-фан, маънавият ва маърифат, маданият ва санъат соҳалари ривожида ўйнаган ролини тарихийлик ва тадрижийлик тамойиллари асосида ўрганиш галдаги долзарб вазифалардан эканини ҳам таъкидлаш жоиз.

Нафас ШОДМОНОВ,

филология фанлари доктори, профессор

Report typo