Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
4 октябрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

29.08.2024


Қамров даражаси ва қўшма лойиҳалар

Мактабгача таълим

 Вилоятимизда жорий йилнинг бошидан 632 та мактабгача таълим ташкилоти, шу жумладан, 23 та давлат, 11 та давлат-хусусий шериклик асосидаги ва 598 та оилавий МТТ очилиб, ушбу боғчаларда 24,5 минг нафардан ортиқ бола учун янги ўринлар яратилди.

Воҳамизда яқинда ўтказилган III Устозлар миллий форумида ошкор қилинган рақамларга қараганда, Қашқадарёда боғчаларнинг умумий сони 4 минг 200 тадан ошди, болаларнинг мактабгача таълим билан қамров даражаси эса қарийиб 65 фоизни ташкил этмоқда. Ваҳоланки ўтган йилнинг айнан шу даврида вилоятда МТТлар умумий сони 3 минг 170 та, қамров даражаси эса 58 фоизга тенг эди.

Форумда йил якунига қадар вилоятимизда болаларнинг мактабгача таълим билан қамров даражасини 70 фоизга етказиш мақсад қилингани билдирилиб, бунинг учун янги нодавлат мактабгача таълим муассасалари сонини кўпайтириш ва кам қувватда ишлайдиган боғчаларнинг тўла қувватда ишлашига эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланди.

Айни пайтда воҳамизда мактабгача таълим соҳасида янги қўшма лойиҳани амалга ошириш бошлангани ҳам маълум қилинди. Унинг доирасида дунёнинг 30 дан ортиқ мамлакатларида таълим муассасалари тармоғига эга Германиянинг "Klett Group" компанияси вилоятимизда ўз филиалларини очиш ниятида.

Хабарларга кўра, шу йилнинг апрель ойида вилоят ҳокимлигининг тегишли ишчи гуруҳи аъзолари ва "Klett Group" компанияси бошқарув директори Филипп Ҳаусман иштирокида икки томонлама музокаралар ўтказилган эди. Шу жараёнда эришилган келишувларга асосан германиялик мутахассислар бир неча бор вилоятимизга ташриф буюриб, қатор мактабгача таълим муассасалари фаолияти билан танишиш асносида вилоятда давлат-хусусий шериклик асосида мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини йўлга қўйиш, хусусан, маҳаллий тадбиркорлар билан ҳамкорликда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича мавжуд имкониятларни ўрганишди.

Report typo