Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 ноябрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Бекмурод САҲРИЕВ

13.11.2020


ҲАМЖИҲАТЛИК АСОСИ

16 ноябрь - Халқаро бағрикенглик куни

Диний бағрикенглик - хилма-хил динга эътиқоди бўлган кишиларнинг бир замин, бир ватанда олижаноб ғоя ва ниятлар йўлида ҳамкор ва ҳамжиҳат бўлиб яшашини англатади. Қадим-қадимдан дин аксарият миллий қадриятларни ўзида мужассам этиб келади. Дунёдаги динларнинг барчаси эзгу ғояларга асосланади, яхшилик, тинчлик, дўстлик каби фазилатларга таянади. Одамларни ҳалоллик, поклик, меҳр-оқибат ва бағрикенгликка чорлайди.

Аллоҳ таоло бандаларини тинч-тотув, аҳилликда, бир-бирларига меҳр-мурувват кўрсатиб ҳаёт кечиришга буюрган ва буни ҳидоятга эришишнинг асосий йўлларидан бири деб зикр этган. "Ҳужурот" сурасининг 13-ояти каримасида шундай дейилган: "Эй инсонлар, дарҳақиқат Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишинглар (дўст-биродар бўлишинглар) учун сизларни (турли-туман)   халқлар ва қабила-элатлар қилиб қўйдик. Албатта сизларнинг Аллоҳ наздидаги энг ҳурматлироғингиз тақводорроғингиздир. Албатта Аллоҳ билгувчи ва огоҳдир".

Ислом дини азалдан инсониятга асл мурувватни, диндошларига, ҳатто ғайримуслимларга эҳтиром ҳамда бағрикенглик билан муносабатда бўлишни ўргатиб келган ва келмоқда.

Маълумки, ислом ўзидан олдинги самовий динларни (яҳудийлик, насронийлик) шунчаки ҳурмат қилиш билан чекланмай, ўша дин аҳлларига чексиз мурувватлар кўрсатган. Уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини қонун билан мустаҳкамлаб қўйган. Маданият ва анъаналарига эҳтиром билан қараган. Асрлар давомида бу қоидаларга амал қилиб яшаган мусулмонлар бир-бирларига ва ҳатто ораларида яшайдиган ажнабийларга, аҳли зимма (мусулмонлар диёрида яшайдиган ўзга дин вакиллари)га ҳам мурувватнинг мислсиз намуналарини кўрсатиб, бутун инсониятга ибрат бўлишди.

"Диний бағрикенглик" деганда мусулмонлар истилоҳида "мурувват" дейилади. Бу тушунча кенг маънода чиркин нарсалар ва воқеалар қаршисида гўзалликни устун қўйиб, меҳрибонлик қилиш ҳамда ҳар бир воқеликка гўзаллик нуқтаи назаридан ёндашиш, эътиқод, маданият, анъаналарга нисбатан ҳурмат ва эҳтиром билан муносабатда бўлиш демакдир. Шунга биноан мусулмонлар бутун тарих давомида бошқа динларга ва уларнинг вакилларига бағрикенглик, мурувватнинг буюк намуналарини кўрсатиб келишди.

Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом бағрикенглик борасида ислом умматигагина эмас, бутун инсониятга ҳақиқий ибрат-намуна эдилар. У зот Мадинага ҳижрат қилганларида давлат ишларидаги биринчи амаллари ўша ерлик яҳудийлар билан уларнинг ақидаларини ҳурмат қилишга асосланган аҳднома тузиш бўлди. Жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аҳли китобдан бўлган қўшнилари билан яхши муносабатда бўлар, ҳадя бериб, улардан ҳам қабул қилардилар. Мадинага Ҳабашистон насронийлари вакиллари келганида, уларни масжидга тушириб, зиёфат бердилар ва хизматларини қилдилар. Ҳаттоки Нажрон насронийлари келганида, уларга масжиднинг бир томонида ибодат қилишга ижозат бердилар.

Динимизнинг боқий асоси Қуръони карим ва ҳазрат Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўчмас таълимотларида қўни-қўшничилик, жамиятдаги барча инсонлар билан бўладиган ўзаро муомалаларда ҳам бағрикенглик тарғиб қилинган. Ҳазрат Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларидан бирида ғайридин бўлган қўшнига ҳам инсонийлик юзасидан яхши ва чиройли муомалада бўлишга буюрганлар. Бу ўринда саҳобаи киром ва тобеинлар ҳаммамизга ўрнак ва намуна кўрсатишган. Жумладан, бир куни Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳунинг уйларида қўй сўйилиб, қўни-қўшниларга ҳадя тариқасида улашилди. Шунда Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу: "Яҳудий қўшнимизга ҳам ҳадядан бердингизларми?", деб қайта-қайта сўраб: "Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан қўшнилар ҳаққини адо этиш зарурлигини эшитганман", деганлар.

 Диёримиздан етишиб чиққан алломаларнинг асарларида ҳам диний бағрикенглик тарғиб қилинганини учратамиз. Жумладан, аллома Абу Мансур Мотуридий "Таъвилот аҳли сунна" асарида Қуръони карим оятларидан бирини тафсир этиб: "Черков ва синагогларни вайрон этиш ман этилади. Шунинг учун ҳам мусулмон ўлкаларда шу давргача улар сақланиб қолган. Бу масалада илм аҳли орасида ихтилоф йўқдир", деган фикрни билдиради.

Миллий қадриятлар диний бағрикенгликни ривожлантиришда муҳим ўрин тутади. Толерантлик - ўзлигини англаган миллат вакилларини бошқа миллат вакиллари камситишига йўл қўймаслик, улар билан тинч-тотув ҳаёт кечиришдир. Толерантлик туйғуси инсоннинг хулқ- атвори, одоб-ахлоқи, сиёсий-маънавий поклиги, ўз халқига ва миллий-тарихий қадриятларига муносабатини белгилаб беради. Бу хусусиятлар эса ҳар бир инсонда бағрикенглик, байналмилаллик туйғуларини уйғотади.

Дарвоқе, ЮНЕСКОнинг 1995 йил    16 ноябрда бўлиб ўтган Бош конференциясида ушбу сана "Халқаро бағрикенглик куни" деб эълон қилинди ва бағрикенглик тамойиллари тўғрисида декларация қабул қилинди. Мамлакатимизда миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик асосида 130 дан ортиқ миллат ҳамда элатлар вакиллари тинч-тотув ва аҳил-иноқ истиқомат қилмоқдалар. 1990 йилда 200 дан ортиқ диний ташкилотлар бўлган бўлса, бугун давлат рўйхатидан ўтган 16 та конфессияга мансуб 2224 диний ташкилот фаолият кўрсатиб турганини кўришимиз мумкин.

Ўзбекистонда том маънода диний бағрикенгликнинг юксак анъаналарига амал қилинаётгани жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этиб келинмоқда.

Бекмурод САҲРИЕВ,

Ўзбекистон мусулмонлар идорасининг вилоят вакиллиги масъул котиби

 

Report typo