Бироқ, афсуски, ўтган асрнинг охирларига келиб, тўй-томоша, маърака-йиғинларни ўтказиш гўё кимўзар пойгасига айланди. Айниқса, тўйлар исрофгарчилик ва каттазанглик билан ўтказила бошландики, бунинг оқибатида анъаналаримизнинг асл мазмунига путур етди. Тўйдаги ортиқча дабдаба – шовқин-суронли базм, овоз кучайтиргичлар орқали айтиладиган маза-матрасиз қўшиқлар, исрофгарчилик, ичкиликбозлик, ўнлаб машиналарда йўл қоидаларига хилоф равишда кўчаларда юриш, олди-берди можаролари қанча диққатпазлигу ташвиш чекишларга сабаб бўлаяпти. Дафн-таъзия маросимлари-чи? Улардаги қачонлардир ўйлаб топилиб, жорий этилган ношаръий удумлар – етти, йигирма, қирқ, йил, ҳайит ва бошқа маросимларни ўтказиш ҳар қандай рўзғор учун алоҳида ташвиш, муаммо келтира бошлади.
Албатта, истиқлол йилларида барча соҳалар каби маънавий-маданий соҳада ҳам катта ўзгаришлар қилинди. Халқимиз менталитетига зид одатлардан воз кечилди, миллий ўзлигимиз тикланди. Тўй ва бошқа маросимларни ихчам, ортиқча исрофгарчиликларсиз ўтказишга алоҳида аҳамият қаратилди. Қадриятларимизни турли хурофий таъсирлардан асраш, уларни асл ҳолида сақлаш ва келажак авлодга етказиш масалаларига жиддий эътибор берилиб, 1998 йил 28 октябрда Президентимизнинг “Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумлар хотираларига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисида”ги фармони эълон қилинди. Унга кўра, маҳалла ва қишлоқ фуқаролар йиғинлари ҳузурида тўй ва маъракаларни ўтказиш бўйича комиссиялар тузилди. Бу комиссиялар дастлабки даврда оилавий маросимларни халқ билан маслаҳатлашган ҳолда ихчам ва исрофгарчиликсиз ўтказишга бошчилик қилди, аммо ҳозирга келиб бу соҳада олиб борилаётган ишлар яна сустлашгандек кўринади. Чунки ҳалигача тўй-ҳашамларни-ку қўяверинг, ҳатто дафн ва таъзия маросимларини ҳам дабдабали, анъаналаримизга хилоф равишда ўтказиш ҳоллари учраб турибди. Тўғри, олиб борилган тарғибот-тушунтириш ишлари натижасида айрим ношаръий амаллар ўз аҳамиятини йўқотиб бормоқда. Масалан, ҳозир аза маросимларида дод солиб йиғлаш, нон-майиз бериш каби одатлар йўқ бўлган. Аммо таъзияга келганларга пул бериш одати баъзи жойларда ҳамон сақланиб қолган. Яқинда бир нуроний танишим куйиниб гапирди:
- Кеча тоғли туманга таъзияга боргандим. Кўнгил сўраб келганларга 10 минг сўмдан пул тарқатишди, ноннинг устига пишган гўшт қўйиб бериларкан. Қаердан чиққан бу расм-русумлар? Мусибатхонада шундай ишлар қилиниши тўғрими? Бундай одатимизга хилоф ишларга чек қўйиш лозим эмасми?
Албатта, бу ҳақли талаб. Ахир, бундай ортиқча дабдабани бир хонадон қила олар, имкони бордир, аммо бошқасига бу “одат”, бу “русум” жуда катта харажат, ортиқча чиқим бўлади. Қолаверса, бундай ортиқча одатларга сарфланадиган пулни бундайроқ рўзғорнинг бир-икки ойлик сарф-харажатига бемалол ишлатса бўлади. Демак, шу нуқтада тарғибот-ташвиқот ишларини янада кучайтириш лозимлиги аён бўлади.
Маълумки, халқимизнинг анъанавий маросимлари асрлар оша, минглаб йиллар мобайнида шаклланган. Уни чуқур ва ҳар томонлама ўрганиш асосидаги фойдали, мақбул жиҳатларини тарғиб қилиш, хурофий, эл наздига тўғри келмаётган, кенг жамоатчиликнинг танқидига учраётган томонларини шошмасдан, узоқни ўйлаб, асрий анъаналаримиз, миллийлигимиз хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда аста-секин бартараф этишга киришган маъқул. Бу тадбирда нафақат шу ишга масъул бўлган маҳалла, қишлоқ фуқаролар йиғини фаоллари, балки кенг жамоатчилик, зиёлилар фаол қатнашсагина кўзланган натижага эришиш мумкин.
Тўй ҳам, аза ҳам инкор этиб бўлмайдиган, одам ва унинг ҳаёти билан боғлиқ ижтимоий ҳодиса. Аммо ҳар бир нарсанинг ўз ўрни, чегараси бор. Бу чегарадан ошиш тўйни ҳам, азани ҳам муаммога айлантириб қўяди. Бу муаммони бартараф этиш учун маросимларнинг ихчам ва тежамкорлиги сари юз буриш, бизга ёт ёки ўйлаб топилган удумларга чек қўйиш лозим. Бунинг учун, биринчи навбатда, ота-боболар амалидан, муборак диний манба - ҳадиси шарифлардан фойдаланиш мақсадга мувофиқ.
Жумладан, Имом ал-Бухорий тўпламларига киритилган ҳадислар фақат исломга оид умумий қоидаларни акс эттириш билан чекланиб қолмайди. Улар меҳр-муҳаббат, сахийлик, очиқ кўнгиллик, ота-она, аёллар ва катталарга ҳурмат, етим-есирларга мурувват, меҳнатсеварлик, ҳалолликка даъват этиш каби ҳақиқий инсоний фазилатлар ва намунали тартиботлар мажмуасидир. Уларда нима яхши, нима ёмон, нимани амалга ошириш шарту нимадан ўзини тийиш лозимлиги ҳақида барчамиз, айниқса, ёш авлод учун катта тарбиявий аҳамиятга эга йўл-йўриқлар, панд-насиҳат ва ўгитлар акс эттирилган. Масалан, бир ҳадисда “Аллоҳнинг неъматларидан хоҳлаганча еб-ичинглар, кийиниб ясанинглар, лекин исрофгарчиликка ва манманликка йўл қўйманглар!” дейилган. Ёки “Ал-жомеъ ас-саҳиҳ” тўпламида аза уч кун экани, ундан ортиғи макруҳ ва майит учун азоблиги таъкидланади.
Давлатчилик тарихига назар солсак, Шарқ мамлакатларида, жумладан, бизнинг ўлкамизда ҳам маросимлар қадимдан бошқариб келинган. Бу ишнинг бошида юрт улуғлари турган. Жумладан, улуғ соҳибқирон Амир Темур салтанатида мамлакат урф-одат ва маросимларини адолат амири бошқарган. Исрофгарчилик, дабдабага йўл қўйилмаган. Аксинча, ўз эҳтиёжидан ортиғини хайру эҳсон қилишга, камбағал-ночорларга мурувват кўрсатишга катта аҳамият қаратилган.
Шундан келиб чиқиб, халқ маросимларини миллий-маданий ва маънавий қадриятларимиз, улуғ бобокалонимиз тузукларидан фойдаланиб, ҳуқуқий жиҳатдан асослаш зарур, деб ўйлайман. Бу ишни маҳалла оқсоқоллари, давлат ва дин, фан ва маданият арбоблари, соҳа мутахассислари, хуллас, кенг жамоатчилик билан баҳамжиҳат, “кенгашли тўй тарқамас” мақолига амал қилган ҳолда бамаслаҳат амалга ошириш мақсадга мувофиқ бўлади.
Қамбар НАСРИДДИНОВ,
тарих фанлари номзоди.