Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Дилбар ҲАЛИМОВА

24.02.2017


“ҲАР КИМДАН СЎЗ ОЛИБ КЕНГАШ СЎРАР ЭДИМ”

Шундан келиб чиққан ҳолда давлатни бошқаришда кенгашларнинг аҳамиятига алоҳида эътибор берган ва пири Зайниддин Тойбодийнинг қуйидаги пурҳикмат сўзларига доимо амал қилган: “Кенгаш ва машваратсиз салтанатни барча қилган ишлари ва айтган гаплари нотўғри бўлган жоҳил одамга қиёс қилиш мумкин; унинг айтган сўзлари ва қилган ишлари бошга пушаймонлик ва надомат келтиргай. Шундай экан, салтанат бошқаришда машварату маслаҳат ва тадбиркорлик билан иш юргизгин, токи оқибатда надомат чекиб пушаймон бўлмагайсан”. Соҳибқирон ўз “Тузуклар”ида ҳам бу маслаҳатларга риоя қилганини билдириб, “Бу мактуб менга йўл бошловчи янглиғ раҳнамолик қилди. У менга салтанат ишларининг тўққиз улушини машварат, тадбир ва кенгаш, қолган бир улушини эса қилич билан бажо келтиришни англатади”, дея ифода этади.

Шуни назарда тутган ҳолда “Тузуклар”да юз минг отлиқ аскар қила олмаган ишни бир тўғри кенгаш билан амалга ошириш мумкинлиги алоҳида таъкидланади.

Буюк Соҳибқирон салтанатни барпо этиш ва мустаҳкамлаш ишларини қурултой чақиришдан бошлайди. Аҳамиятлиси, бу каби тадбирларда Соҳибқирон ҳар бир жиҳатга алоҳида эътибор берган. Хусусан, “Тузуклар”да айтилишича, махсус салтанат саройида ўтириш тузуги ҳам мавжуд бўлган ва унда барча мансабдор шахслар ва табақаларнинг мажлис вақтида ўтириш жойи белгилаб қўйилган.

Ушбу қоидага кўра, сайидлар, қозилар, уламо, фузало, машойих ва бошқа олий табақага мансуб кишилар амир тахтининг ўнг томонидан, амирул умаро, беклар беги, амирлар, сардорлар, шунингдек, ўнбоши, юзбоши ва мингбошилар мансаб даражаларига қараб тахтнинг сўл томонидан, девонбеги, вазирлар ва уларнинг ортидан баҳодирлар – тахт орқасидан ўрин олишган. Бундай тартиб-интизомни тўрт амир назорат қилган. Уларни “салтанат қўрғонлари” деб аташган.

Кенгаш икки кўринишда – катта ва кичик кенгашдан иборат бўлган. Катта кенгаш тинчлик пайтида Самарқандда амир саройида чақирилган. Кичик кенгаш эса ҳарбий юришлар вақтида чақирилиб, унда фақат Амир Темурнинг яқин кишилари иштирок этган.

Яна бир эътиборли жиҳати, Амир Темур ўзига хайрихоҳ беклар, амирлар, улус бошлиқлари билан бирга, душман кўзи билан қараган амирларни ҳам қурултойга чорлайди.  Соҳибқирон шу тариқа кучдан кўра ақл ва тадбир билан иш кўришни, муросаю мадора орқали душманни дўстга айлантиришни маъқул кўради. Бу ҳақда “Тузуклар”да шундай дейилади: “Гарчи ишнинг қандай якунланиши тақдир пардаси ортида яширин бўлса ҳам, ақли расо ва ҳушёр кишилардан кенгашу тадбир истаб, фикрларини билмоқ лозимдир”.

Соҳибқирон ҳарбий юришларни ҳам кенгаш билан бошлаган, аввал сулҳ йўлларини излаган, бу борада дипломатик алоқалардан унумли фойдаланган, маслаҳатчиларининг гапларига қулоқ тутган. “Тузуклар”да айтилишича, “Амирларим агар ярашдан сўз очсалар, бунинг фойдасини уруш зиёнига солиштириб кўрардим, агар урушга мойил бўлсалар, унинг наф ва фойдасини яраш зиёнига таққослаб кўрардим, қайси бири фойдалироқ бўлса, шуни ихтиёр қилардим. Сипоҳни иккилантирадиган (турумсиз) кенгашни эшитишдан сақланардим. Қайси киши ақлга сиғган бир ишни куйиниб гапирса, суйиб эшитар эдим. Кимки оқилона гапларни эрларча кескинлик билан сўзласа, унга ҳам қулоқ солардим. Ҳар кимдан сўз олиб   кенгаш сўрар эдим. Лекин айтилган ҳар бир маслаҳатнинг яхши ва ёмон томонлари ҳақида ўйлаб кўргач, тўғри ва савоблироғини танлаб олардим”.

Бу сўзлардан улуғ Соҳибқироннинг нақадар кучли шахс, донишманд, оқил саркарда, етук давлат арбоби эканини англаш қийин эмас. Эътиборлиси, бу ҳикматли сўзлар бугун ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган, яна минг йиллар  дунёнинг барча давлатлари етакчилари учун дастуриламал бўлишга арзигулик.

Манбаларда айтилишича, Амир Темур ўз салтанатини асосий тўрт вазир ва сарҳадларда ушбу вазифаларни бажариш учун тайинланган уч вазир, жами етти вазир орқали бошқарган. Ҳар бир вазирнинг вазифаси аниқ кўрсатиб берилган.

Вазирлар тизимининг ўзига хос томонларидан бири шу эдики, вазирлардан иккитасига ўта масъулиятли вазифалар юклатилган бўлиб, улар ҳар қандай шароитда ҳам Соҳибқироннинг хатти-ҳаракатларини кузатиб бориши, уни доим тўғриликка даъват этиши, ҳар қандай шароитларда адолат мезонларидан четга чиқишига йўл қўймаслиги лозим эди. Улар Темур фаолиятини муттасил равишда синчковлик билан кузатиб, унга ҳақ гапни айтишдан асло чўчимас эдилар. Чунки Амир Темур доно вазирларни энг тўғри чораю тадбирлар қўллаб, давлатни тартиб-интизомга келтирувчи шахс сифатида қадрларди.

“Тузуклар”да Соҳибқирон донишмандлигидан ҳикоя қилувчи ҳикматлар кўп. Масалан,  Соҳибқирон ҳаётга реал кўз билан қараган ҳолда, кун келиб ўғилларидан бирортаси тахтга даъвогарлик қилиши мумкинлигини англаган ва бу хусусда “Агар ўғилларимдан қайси бирови салтанат мартабасига даъвогарлик қилиб бош кўтарар экан, уни уриб-сўкиб, ўлдиришга ёки мучасидан бирон жойини камайтиришга ҳеч ким журъат қилмасин, лекин уни кўз тагида сақласинларки, токи ўз даъвосидан қайтсин ва Тангри таолонинг мулкида фасод чиқмасин”, дея фикрларини баён қилади.

Мазкур сўзларни таҳлил қиладиган бўлсак, Соҳибқирон агар шаҳзодалар ҳукмдорликка даъво билан чиқадиган бўлса ҳам, ҳеч ким уларни ўлдиришга ёки бирор шикаст етказишга уринмаслигини айтади. Чунки у ҳам ота – болаларини яхши кўради, уларнинг тарбиясига ҳам ўзи масъуллигини яхши англайди. Шунинг учун шаҳзодаларни тўғри йўлга бошқаришга даъват қилади. Шу билан бирга, Соҳибқироннинг ўғли экан, дея эътиборсиз қарашдан ҳам қайтаради. Бунда Соҳибқирон энг асосий мақсадни – салтанатдаги тинчлик-осойишталикни кўзлайди. Шунда ҳам “менинг давлатимда” деб эмас,    “Тангри таолонинг мулкида фасод чиқмасин”, дея ғоят маънили сўзларни келтиради.

Шунингдек, ҳарбий юриш вақтида ҳам қатъий тартиб-қоидалар мавжуд бўлиб, унга кўра, ўнбоши, юзбоши, мингбоши бир-бирига бўйсуниши шарт эди. Мабодо, бу тартиб бузилса, яъни юзбоши мингбошига бўйсунмаса ёки ўнбоши юзбошига итоат этмаса, албатта уларга нисбатан тегишли жазо қўлланилган. Бу орқали Амир Темур ҳарбийларга бўлган эҳтиромини ифодалаган. “Тузуклар”да айтиладики, “Агар навкарлардан бири қилич чопишиб, ғанимни синдирар экан, ғаразгўй одамларнинг унинг ҳақида айтган гапларига қулоқ солмасинлар. Унинг қилган хизматларини яширмаслик лозим, аксинча, бир хизматини ўнга йўйсинлар, мартабасини оширсинлар, токи бошқа навкарлар буни кўриб жонбозлик қилишга рағбатлансинлар”.

Соҳибқирон фаолиятига назар ташларкансиз, у кўз олдингизда етук давлат арбоби, моҳир саркарда, олиму фузалолар ҳомийси, бунёдкор, адолат ва тинчлик тарафдори, дунё тамаддуни ривожига улкан ҳисса қўшган йирик шахс сифатида гавдаланади. Унинг “Тузуклар”га жо бўлган ҳикматлари эса ҳар қандай одамга йўлчи юлдуз янглиғ таъсир қилади, инсонни юксалтиради, улуғ ишларга ундайди...

Дилбар ҲАЛИМОВА,

Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти қошидаги “Нуристон” академик лицейи ўқитувчиси.

Report typo