Мамлакатимизда ташқи иқтисодий фаолиятни қўллаб-қувватлаш ва қулай ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш мақсадида тадбиркорлик субъектларига фаолиятини жадал ривожлантириш, шунингдек, унинг самарадорлигини ошириш учун асқатадиган божхона, солиқ ва бошқа тўловлар бўйича қўшимча имтиёз ҳамда преференциялар тақдим этилмоқда.
Божхона тўловларидан қўлланилаётган имтиёзларнинг биринчи тури божхона тўловларидан озод қилиш бўйича бўлса, кейингиси божхона тўловларини тўлаш муддатини кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш ҳисобланади.
- Имтиёзлар Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган товарларга амалда бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга асосан қўлланилади, - дейди вилоят божхона бошқармаси масъул ходими Собир Холмуродов. – Рақамларга мурожаат қилсак, вилоят божхона бошқармаси томонидан жорий йилнинг ўтган даврида 680 миллиард 550 миллион сўмлик божхона имтиёзлари қўлланилди. Имтиёзлар ташқи иқтисодий фаолият субъектлари томонидан импорт асосида олиб келинган асбоб-ускуналар, хомашё ва бутловчи буюмларга, янгидан қурилиб, ишга туширилаётган ҳамда фаолият кўрсатаётган корхоналарни иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида қўлланилди.
Айтиш ўринли, имтиёзнинг иккинчи тури кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш бўлиб, бунда божхона органининг қарорига асосан божхона тўловларининг тўланиши таъминланган, яъни кафолатланган тақдирда тўловчига тўловларни кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилиши мумкин.
Божхона тўловларини тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш божхона декларацияси қабул қилинган кундан бошлаб икки ойдан ошмаслиги лозим.
Божхона тўловларини тўлашдан бўйин товлаган шахсларга божхона тўловларини кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилмайди.
Маълумотларга кўра, жорий йилнинг ўтган даврида 14 миллиард 969 миллион сўмлик божхона тўловларини кечиктириб тўлаш имконияти яратилди.
Умуман олганда, яратилаётган бу каби имконият ва имтиёзлар, қонунчилик базасини янада кучайтириш ва такомиллаштириш тадбиркорликнинг жадал ривожланишига хизмат қилиши билан аҳамиятли.
Н.ХЎЖАЕВ