Бир неча кун олдин шаҳар ҳокимлигининг ижтимоий тармоқдаги каналида "Қарши - фавворалар шаҳри" сарлавҳали фотолавҳалар жойлаштирилиб, вилоят марказининг турли нуқталаридаги гўзал манзаралар фойдаланувчилар эътиборига ҳавола қилинди.
Албатта, жазирама кунларда камалак ҳосил қилиб, мавжланиб-жилоланаётган сув зарралари ҳар қандай киши кўнглига завқ, мароқ улашиши тайин. Фавворалар ёнида бир муддат бўлган кишининг чарчоғи арийди, кўнгли ёришади, янги ишларга ўзида куч топади, ҳаётга некбинлик билан қарай бошлайди.
Шунча фойдаси бўла туриб, нега асосий хиёбонлардаги фавворалар қаровсиз ётгани, айримлари бузиб олинаётгани кишини таажжубга солади. Мисол учун, Наврўз хиёбонидаги фавворалар барпо этилганига унча кўп бўлгани йўқ. Улар тузук-қуруқ қачон ишлаган, билмадигу, айни дамда қувурлари занглаб ишдан чиқиб, ён-атрофи кўлмакка айланиб, бадбўй бурқситиб ётибди. Бу ердан кесиб ташланган улкан дарахтлар-ку унут бўлди, энди фавворалар ҳам унутиладиганга ўхшаяпти...
Вилоят мусиқали драма театри ёнидаги хиёбон фаввораси катта асъасалар билан бунёд этилган, кўп катта тадбирлар шу ерда ўтгани учун фаввора ушбу хиёбонга жуда боп тушганди. Энди унинг бир бошдан бузиб олинаётганига нима дейсиз? Ё бизда эгамлаб ётган маблағ шунча кўпми бир қуриб-бир бузаверадиган?
- Фонтанлар вилоят ҳокимининг топшириғи билан реконструкция қилинаяпти, - дейди Қарши шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи Тоҳир Чўпонов. - Шу пайтгача моторлар турадиган жой захлаб, қувурлар ачинарли аҳволга келиб қолганди. Энди сув ўтмайдиган қилиб изоляция қилинади. Бизнинг сув қумли, лойқа бўлгани учун фонтанлар тез бузилади.
Табиийки, ушбу фаввораларни аввал фойдаланишга топширган қурувчию тегишли масъуллар қандай ҳолатда сув ўтиб, зах босишию, сувимиз лойқами, қумлими, фонтанни бузадими, бузмайдими, яхши билишарди. Билиб туриб, уни ишлатишга топширишган экан, улар шаънига бир нарса айтишга ожиз қоласан киши. Демак, бу гал фойдаланишга қабул қилиб олишдан аввал кейин кутиладиган муаммолар ҳақида сўраб-суриштириб олганимиз маъқул. Бўлмаса, яна бир сабаб билан 4-5 йил ўтар-ўтмас "реконструкция"га киришиб кетишлари ҳеч гапмас.
Модомики шаҳарга "фавворалар шаҳри" деб таъриф берилаётган экан, бу объектлардан вақтида фойдаланиш керак. Мавсум маҳали таъмирлаб-бузиб, қишнинг қаҳратонида осмонга отилиб турадиган сувнинг кимга кераги бор?!
НАСРИДДИН
БОБУРБЕК олган суратлар.