Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 ноябрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Жамият
  • Қарши тумани ҳокими огоҳлантирилиб, унинг биринчи ўринбосарига ҳайфсан берилди

18.09.2020


Қарши тумани ҳокими огоҳлантирилиб, унинг биринчи ўринбосарига ҳайфсан берилди

Ҳукуматнинг 17 сентябрдаги тегишли фармойиши билан 2020 йилнинг биринчи ярим йиллигида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг ўсиш суръатларини таъминлагани учун қатор ҳокимлар ва уларнинг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосарлари бир марталик пул мукофотлари билан рағбатлантирилди.

 Улар орасида Андижон вилоятининг Избоскан ва Қўрғонтепа туманлари, Бухоро вилоятининг Ромитан, Наманганнинг Норин, Сурхондарёнинг Музработ ва Қумқўрғон, Хоразмнинг Янгибозор тумани раҳбарлари ва ўринбосарлари бор.

Айтиш жоиз, мазкур туманлар ҳокимлари 10 миллион сўм миқдорида, биринчи ўринбосарлари эса 8 миллион сўм миқдорида пул мукофоти оладиган бўлди.

Шунингдек, мазкур фармойиш билан бир нечта туманлар ҳокими огоҳлантирилди, уларнинг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосарларига эса ҳайфсан берилди.

Булар қаторида Бухоро вилоятининг Бухоро ва Жондор, Наманганнинг Янгиқўрғон, Самарқанднинг Булунғур, Самарқанд ва Жомбой туманлари, Тошкент вилоятининг Чиноз ва Ўрта Чирчиқ, Фарғонанинг Данғара, Риштон ва Ёзёвон туманлари қаторида Қашқадарё вилоятининг Қарши тумани ҳокими ва унинг биринчи ўринбосари ҳам бор.

 

Қайд этиш лозим, 2020 йилнинг январь-сентябрь ойлари якунларига кўра саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш кўрсаткичлари асосида юқорида қайд этилган туман ҳокимлари ҳамда уларнинг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосарлари фаолиятига баҳо бериш ёки эгаллаб турган лавозимидан озод этишгача бўлган жазо чоралари қўлланиши белгиланган.

Report typo