Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Жараён
  • Қарши ва Новочебоксарк шаҳарлари ўртасида биродарлик муносабатлари ўрнатилди

27.04.2023


Қарши ва Новочебоксарк шаҳарлари ўртасида биродарлик муносабатлари ўрнатилди

24-26 апрель кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган “Иннопром - Марказий Осиё” халқаро саноат кўргазмаси доирасида Қарши шаҳри ва Россия Федерациясининг Чувашия Республикаси ўртасида ҳамкорлик битими имзоланди.

Унга кўра, томонлар ўртасида иқтисодиёт, инвестиция ва туризм соҳаларини ривожлантириш ҳамда экспорт ва импорт айланмасини ошириш, ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш юзасидан бир қатор фикр ва таклифлар белгилаб олинди, дея маълум қилинади вилоят инвестициялар ва ташқи савдо бошқармасининг расмий Telegram-каналида.

Ўз навбатида Чувашия Республикаси раҳбари администрациясининг матбуот хизмати кўргазмада мазкур ҳудуддаги Новочебоксарк шаҳри ва Қашқадарё вилоятининг маъмурий маркази – Қарши шаҳри ўртасида биродарлик муносабатлари ўрнатилгани ҳақида хабар тарқатди.

-  Биродар-шаҳар мавқеининг мустаҳкамланиши кенг инвестицион ҳамкорликни ҳамда Новочебоксарск ва Қаршида рўйхатдан ўтган хўжалик юритувчи субъектлар ўртасида тўғридан-тўғри муносабатлар ўрнатилишини, шунингдек, туристик алоқаларни назарда тутади, - дейилади матбуот хизмати хабарида.

Россиядаги кўплаб оммавий ахборот воситалари Чувашия раҳбари Олег Николаевнинг Қашқадарё билан келишув ҳақидаги гапларига асосланар экан, томонлар савдо-иқтисодий ва ижтимоий жабҳаларда ҳамда агросаноат ва тракторсозлик соҳаларида ҳамкорлик қилишга аҳдлашганини ёзишмоқда. Айни пайтда чувашияликлар Ўзбекистонга нўш пиёз (лук-севок) етказиб беришга тайёрлиги, қашқадарёликлар эса картошка импорт қилиш ва Қаршида Чувашия тракторлари йиғишни йўлга қўйишдан манфаатдорлиги ҳақида билдирилмоқда.    

Report typo