Ривоятларда келтирилишича, Одам алайҳиссаломнинг икки ўғли - Ҳобил ва Қобил Аллоҳ учун қурбонлик қиладилар. Ҳобил ўзининг энг яхши молини қурбонлик қилди ва у қабул қилинди. Бунга ҳасад қилган Қобил ўз инисини ўлдиришни истади. Ҳасад орқали туғилган истак охир-оқибат амалга ошди. Ҳасад шундай катта жиноятни юзага чиқарганининг ўзи ҳам унинг нақадар ёмон ва хатарли иллат эканлигини кўрсатади.
Агар ҳасад бўлмаганида, маънавият дунёси қанчалаб мўъжизалар билан бойиган бўларди. Кўплаб истеъдодли одамлар унинг қурбони бўлиб кетишди. “Олис ва яқин тарихимизда не-не буюк зотлар ҳасад ва бахиллик, кўролмаслик туфайли қандай азоб-уқубатларни бошидан кечирган, соғлиғи, ҳатто ҳаётидан жудо бўлганини аччиқ мисолларда кўриш мумкин”, дея қайд қилинади мамлакатимизнинг Биринчи Президенти И.А.Каримовнинг “Юксак маънавият – енгилмас куч” номли асарининг “Маънавиятга таҳдид – ўзлигимизга ва келажагимизга таҳдид” номли бўлимида.
Агар одамлар ўзида борига шукур қилиб, ўзида йўқ нарсага эътибор қилмаса, озгина нарса ҳам уларни қониқтиради. Носамимийлик, шуҳратпарастлик каби иллатлар айнан ҳасаднинг доясидир. Кимнинг феълида шундай қусурлар бўлсаю, уларни бартараф этмаса, бир кун бориб ҳасадгўйга айланиб қолади. Ҳасаднинг дастлабки аломатларидан бири эса ғийбатдир.
Афсус, айримлар шахсий камолоти йўлида ишлатилиши мумкин бўлган куч-қувватни инсонни емирувчи ҳиссиётга сарфламоқда. Олимлар бир кунлик ҳасад уч кунлик оч яшашга ўхшаш таъсир қилишини аниқлашган. Ҳасаддан одам кўкариб кетиши, ошқозон ярасини орттириб олиши, ундан тақдир юз буриши, истиқболида омад эшиклари тақа-тақ бекилиши мумкин.
Баъзида ҳасад атрофингиздаги кимнидир ёқтирмай қолишда ҳам намоён бўлади. Касбдошингиз ёки ҳамхонангизнинг кийиниши, ютуқлари, фаровон ҳаёти сизда уни кўра олмаслик ҳиссини уйғотиб, муносабатлар совуқлашишига олиб келиши мумкин. Шунда ички иқрор билан мардона: “Ҳа, мен бу одамга ҳасад қилаяпман, бироқ унинг ҳеч ёмонлиги йўқ, фақат яхши фазилатлари кўп экан”, деб тан олинг. Ана шундай эътироф бошланган пайтдан ҳасаднинг емирувчи кучи ўтмаслашиб, ўз-ўзингизни танқид қилиш босқичи бошланади.
Ҳаётнинг энг майда икир-чикирларидан тортиб энг баланд чўққиларигача ҳар нарсада ҳасад яширин. Агар инсон бошқа бир кишига етган неъматдан севиниб, ўша неъматни ўз эгасида барқарор бўлишини хоҳлагани ҳолда, ўзига ҳам берилишини тиласа, ҳавас қилган бўлади. Зеро, ҳасад катта гуноҳдир. Ҳавас эса гуноҳ саналмайди. Чунки ҳасадчи бировга ёмонликни раво кўради, ҳавасчи эса бировга етган яхшиликдан хурсанд бўлади ва ўзига ҳам шу каби неъматнинг берилишини орзу қилади.
Аллоҳ таоло бир қанча оятларда ҳасадни қоралаган ва ҳасадчининг ҳасадидан паноҳ сўрашга чақирган. Аллоҳ таоло “Нисо” сурасида: “Ёки Аллоҳ одамларга Ўз фазлидан берган нарсаларга ҳасад қилмоқдаларми?”, деган. Яна бир оятда эса: “Ва ҳасад қилган ҳасадчининг ёмонлигидан паноҳ сўрайман”, деб айтгин”, деб марҳамат қилинади.
Ҳадиси шарифларда ҳам бу мавзуга урғу берилган. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Мўмин банданинг ичида иймон билан ҳасад жамъ бўлмайди”, дедилар”. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган яна бир ҳадисда шундай келтирилади: “Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳасаддан сақланинг! Чунки ҳасад яхшиликларни худди олов ўтинни егандек еб юборади”, дедилар”.
Зомрата ибн Саълабата розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда эса “Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Модомики ҳасад қилишмаса, одамлар яхшиликда бардавом бўладилар”, дедилар”, дейилади. Демак, инсонлар бир-бирига ҳасад қилишса, ораларидан яхшилик кўтарилар экан.
Сиз ҳасад қилаётган одамдаги неъмат сизнинг ҳасадингиз туфайли заволга учрамайди. Чунки унга бу неъматни Аллоҳ таоло берган ва Ўзи белгилаган муддатгача давом этади. Бировнинг ҳасади туфайли неъмат тугаб қолмайди. Охиратда унга зарар етмаслиги аниқ. Чунки неъмат етгани ёки сизнинг ҳасадингиз унга гуноҳ бўлиб ёзилмайди. Балки сизнинг ҳасадингиз сабабли мазлум бўлгани учун фойда олиши аниқ. Бу дунёда унинг фойда олиши сизнинг жизғанак бўлишингиздандир.
Ислом уламолари ҳасаднинг зарарларини қуйидагича санаб ўтганлар: ҳасад Аллоҳ таолонинг ғазабига сабаб бўлади, ҳасадгўйнинг қалби ҳасратга тўла бўлади, ҳасад эгасининг обрўсини пасайтиради, ҳасадчини одамлар ёмон кўради, ҳасад катта ёмонликларнинг ўчоғи ҳисобланади ва ҳасад ахлоқсизлик аломатидир.
Тарихимизда ўтган фозиллардан бири Асмаъий айтади: “Бир юз йигирма ёшга кирган бир кишини кўриб ундан сўрадим: узоқ умр кўришингизга сабаб нима? У киши: “Ҳасад, кинчиликдан парҳез қилдим. Мана шу хислатим узоқ умр кўришимга сабаб бўлди”, деб жавоб берди”.
Пайғамбаримиз (с.а.в.) ўз ҳадисларидан бирида икки тоифа кишиларга ҳасад қилиб, уларга ўхшашга ҳаракат қилиш кераклиги ҳақида шундай мар-ҳамат қиладилар: “Икки кишидан бошқаларга ҳасад қилинмайди. Улардан бири Аллоҳ таоло унга мол бериб, уни яхшилик йўлида сарфлашга муяссар қилган кишидир. Иккинчиси, Аллоҳ унга илм (ҳикмат) бериб, у ўша илми билан амал қиладиган ва уни бошқаларга ўргатадиган кишидир”.
Хулоса шуки, айтилганларни чуқур англаган ҳар бир инсон ўз қалбига назар ташлаб, унда бош кўтарган ҳасад каби ёмон ҳисларни ўлдиради ва яхшиларини ривожлантиради.
Музаффар ҚОСИМОВ,
Хожа Бухорий номли ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси