Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

11.08.2022


ҚАШҚАДАРЁ - ЭКСПОРТ ҲАЖМИНИНГ ЎСИШИ БЎЙИЧА ЕТАКЧИ

Долзарб статистика

Жорий йилнинг биринчи ярмида вилоятимиздан  156 миллион 958,7 минг АҚШ доллари ҳажмидаги товарлар ва хизматлар экспорти амалга оширилди. Ўтган йилнинг мос давридаги тегишли рақамга нисбатан ўсиш суръати 144,2 фоизни ташкил қилди ва бу республикамизнинг барча ҳудудлари орасидаги энг юқори кўрсаткич ҳисобланади.

Давлат статистика қўмитаси ташқи иқтисодий фаолият ва савдо статистикаси бошқармаси томонидан эълон қилинган дастлабки маълумотларга қараганда, шу йил январь-июнь ойларида экспорт ҳажмининг ўсиш суръати бўйича Қашқадарё вилояти биринчи, Самарқанд вилояти (142 фоиз) иккинчи, Андижон вилояти (140,4 фоиз) учинчи ўринни эгаллаган. Республика бўйича тегишли кўрсаткич 140,5 фоизни ташкил этган.

Яна бир эътиборли томони, шу йилнинг  дастлабки олти ойида қайд этилган натижаларга кўра, Қашқадарё ташқи савдо балансининг ижобий сальдосига (яъни экспорт ҳажмининг импортдан ошишига) эришган республиканинг жуда кам сонли ҳудудларидан бири бўлган. Ҳудуднинг шу даврдаги импорти ҳажми 135 миллион 409,2 минг долларга тенг бўлгани боис, ташқи савдо балансининг ижобий сальдоси 21,5 миллион доллардан ошди. Ваҳоланки, шу йилнинг биринчи ярмида импортдан кўра экспорт ҳажмининг кўплиги, Қашқадарёдан ташқари, фақат Қорақалпоғистон Республикаси ва Сурхондарё вилоятида кузатилди.

Ўзбекистон бўйича жорий йил январь-июнь ойларида экспорт ҳажми 9 миллиард 924,6 миллион доллар (ўсиш суръати - 140,5 фоиз), импорт ҳажми эса 14 миллиард 566,4 миллион долларга (ўсиш суръати - 127,4 фоиз) етиб, ташқи савдонинг пассив баланси (манфий сальдо) қиймати 4 миллиард 641,8 миллион долларни ташкил этди.

Биродар АЗИЗОВ

Report typo