Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 ноябрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

22.09.2020


Қашқадарёда 502 аёлга ҳимоя ордери берилган

Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси аъзолари айни кунларда Қашқадарёда “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ижросини ўрганишмоқда.

 

Ўрганиш мобайнида хотин-қизлар муаммоларини ўз вақтида аниқлаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож, шу жумладан, ногиронлиги бўлган аёлларга манзилли ёрдам кўрсатиш, айниқса, хотин-қизларнинг маълум бир тоифаси билан якка тартибда ишлаш каби масалалар атрофлича таҳлил қилинаётир.

Вилоятда зўрлик ишлатишдан азият чеккан аёлларга кўрсатилаётган ёрдам, амалий ишлар ҳам эътибор марказида. Маълумотларга кўра, ҳудудда бугунги кунга қадар 502 та ҳимоя ордери расмийлаштириб берилган.

Маълумки, ҳимоя ордери тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларга ички ишлар органлари томонидан берилади. Бунда тазйиқ ва зўравонликка учраган кишининг мурожаати; жисмоний ёки юридик шахсларнинг хабарлари, шу жумладан, оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар орқали тарқалган хабарлар; тазйиқ ёки зўравонлик содир этиш ёхуд уларни содир этишга уриниш ҳолатларининг ваколатли органлар ва ташкилотлар ходимлари томонидан бевосита аниқланиши; давлат органларидан ва бошқа ташкилотлардан олинган материаллар ҳимоя ордери беришга асос бўлади. Ҳимоя ордери берилгач, зўравонга нисбатан турли чекловлар ва мажбуриятлар юкланади.

Ишчи гуруҳ Қарши шаҳри, Косон ва Қарши туманларида мазкур соҳада амалга оширилаётган ишлар билан танишди.

Шунингдек, хотин-қизларнинг давлат ва жамият ишларини бошқаришдаги иштирокини кенгайтириш, маҳаллаларда қийин ижтимоий вазиятга тушиб қолган, турмуш шароити оғир хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар ҳолати ҳам таҳлил қилинмоқда.

Report typo