Бувижоним менга ясаб берган қўғирчоқларнинг эса ҳар бири ўзимизга, қишлоғимиздаги қизлару келинчаклар, дугоналаримга жуда ўхшарди: сочлари майда кокилли, атлас кўйлакли, қошларига ўсма тортилган. Шу сабаб, яхши кўрган миллий қўғирчоқларим ўйин учун ясатилган уйимнинг тўридан жой оларди.
Қамашилик Фарида Жабборова ҳам ана шундай момомерос, миллий қадриятларимиз акс этган ажойиб қўғирчоқларни ясайдиган чеварлардан. Болалигидан тиниб-тинчимас бўлган Фарида момоларининг ҳунарини қунт билан ўрганди.
- Менинг чеварчиликда омадлилигимнинг сири момоларимнинг ўзига хос ҳунар соҳибалари эканлигидадир, - дейди Фарида. - Онамнинг оналари асли шаҳрисабзлик бўлиб, ироқи каштани тикишга уста, қўли гул чевар эди. Отамнинг оналари эса Қамашидаги энг моҳир гилам тўқувчилардан бўлганлар. Момоларимнинг ҳунарини кўриб ўсдим, болалигимдан ўзимга яхши таниш бўлган бу ажиб ҳунарларни пухта ўрганишга ҳаракат қилдим. Кейинчалик ҳар иккала ҳунарни уйғунлаштирган ҳолда ўзимнинг услубимни яратишга иштиёқ уйғонди.
Бундан ташқари, болалигида онаси ясаб берган қўғирчоқлар Фариданинг бу ишга қизиқишини янада оширди. Шу сабабли моҳир қўғирчоқ устаси Зийнат Назаровадан қўғирчоқ ясашни ўрганди. Бугунги кунда қўғирчоқ тикиш унинг асосий фаолиятини ташкил этади.
Фариданинг ижодига оид қўғирчоқларни кузатганимизда, у бу ишда ўзига хос гўзал услуб ярата олганига гувоҳ бўлдик. Бунинг сирини сўраганимизда у: "Ҳеч қандай сир йўқ, шунчаки, атрофга бир назар ташласангиз, ҳамма нарса оддийлигини кўрасиз, булар аслида бизга мураккаб туюлади, холос", дея жавоб берди.
- Қўғирчоқларимнинг қиёфасини яратишда кўпроқ жажжи болакай, қизалоқларни кузатаман, - дейди уста. - Кулганида, йиғлаганида, маъюс тортиб қолганида ёки қувонганида чақнаган кўзларига боқиб, олам-олам тасаввурга эга бўламан. Ва буларнинг барчасини ўз ишларимда акс эттиришга ҳаракат қиламан. Сабаби, болаларни ҳаммамиз севамиз, уларни ардоқлаймиз, болажонларнинг ҳар бир ҳаракати бизларга қувонч, завқ бағишламай қолмайди.
Дарҳақиқат, бугун чет мамлакатлардан кириб келаётган ажабтовур қўғирчоқлар ўзининг бўёқдорлиги, ҳашамати билан эътиборни тортаётган бир пайтда, жимжимадорлик ёки юз қиёфасидаги бўрттирилиш орқали болажонлар эътиборини жалб қилиш қийин. Шу боис Фарида каби ўз ишининг устаси бўлган ҳунармандлар изланиш ва кузатувчанлиги билан қўғирчоқчилик санъатига миллийликка асосланган янгилик олиб кираётгани қувонарли ҳол. Чеварнинг қўғирчоқлари болажонлар учун яхшигина тарбиявий аҳамиятга эга. Шу билан бирга, бу қўғирчоқлар бола саломатлиги учун фойдали жиҳатлари билан ажралиб туради.
- Қўғирчоқларнинг кийимига эътибор қаратаман, - дейди у. - Кийимнинг бола тарбиясидаги ўрни катта. Шу боис шарқона услуб бизга анча қулай. Узун атлас либос, кенг енгли, бўғма ёқали кўйлак, ироқи услубида кашта билан безатилган кийим қўғирчоқларимнинг чиройига чирой қўшиб туради. Маҳсулот учун хомашёни одатда табиий бўёқлар, ипак матолар, тол дарахти ёғочидан тайёрлаганим сабабли қўғирчоқларнинг бола саломатлигига ҳеч қандай зарари бўлмайди. Қўл билан ҳаракатлантириб ўйнаш учун мўлжалланган ўйинчоқлар кичкинтойларнинг диққатини ошириб, фикрлашга ундайди, уларга ўз нутқини баён эта олиш имконини яратади.
Миллий қўғирчоқларини замонавий ўйинчоқлар каби мустақил ҳаракатланадиган, гапириб, миллий қўшиқларимизни куйлай оладиган, рақсга туша оладиган қилиб ясаш, фаолиятини янада такоммилаштириш Фарида Жабборованинг келажак режаси. Ҳозирда у ҳунармандчиликнинг гиламчилик, каштачилик, қуроқ тикиш, сарполар учун кўрпа-тўшаклар, каштали либослар тайёрлашни ҳам йўлга қўйган. Ана шу интилишлари ортидан 2015 йилда Республика ҳунармандлар уюшмаси томонидан ташкил қилинган "Тадбиркор аёлнинг энг яхши лойиҳаси" танловида "Қишлоқ жойларида энг кўп ишчи ўрни яратган тадбиркор аёл" номинацияси ғолиби бўлди. Бу орқали имтиёзли кредит олиш имконини қўлга киритди. Бугун Фарида "Дилобар Паризод" хусусий корхонаси фаолиятини бошқараяпти. 40 дан ортиқ шогирди бор. Миллий ҳунармандчилик буюмларини тайёрлайдиган цехда ўқув маркази ташкил қилган. Шунингдек, тикув устахонасида кўргазма хонасини, савдо дўконини ишга туширди.
Мамлакатимизда аёллар тадбиркорлигига кенг йўл очилгани ва бу борада яратилган имкониятлардан унумли фойдаланган Фаридага эгаллаган ҳунари ҳам қизиқишини амалга ошириш, ҳам оилавий даромадини кўпайтириш учун имконият бўлиб хизмат қилмоқда.
Соҳиба СУЮНОВА
Собир НАРЗИЕВ олган сурат.