Шу йилнинг 23 август куни соат 19:30 ларда Китоб тумани Сарой қишлоғи ички йўлида 1979 йилда туғилган С.И. “Дамас” русумли автомобилни бошқараётиб, йўлдаги нотекисликдан қочиб қарама-қарши йўналишга ўтиб кетган ва қаршисидан келаётган, 1996 йилда туғилган Ж.Ж. бошқарувидаги “Камаз 5511” русумли юк автомашинаси билан тўқнашган. Натижада “Дамас” ҳайдовчиси С.И. оғир тан жароҳатлари билан шифохонада вафот этган.
Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси маълум қилган.
Ушбу хабарга Китоб тумани ҳокимлиги ахборот хизмати ҳам ўз муносабатини билдирди. Унда айтилишича, йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган Сарой МФЙ Янгиобод қишлоғидан ўтадиган ички йўл жойига бориб кўрилган. Бироқ хабарда айтилган гап тасдиғини топмаган, асфальт йўлнинг текис экани ойдинлашган.
Йўл равонми, носозми, кенгми, торми, нима бўлганда ҳам бир инсоннинг ҳаётига шу ерда нуқта қўйилди. Қолганига терговчилар аниқлик киритади. Ҳолат бўйича Китоб тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси Жиноят кодекси 266-моддаси 2-қисми (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш одам ўлишига сабаб бўлиши) билан жиноят иши қўзғатган.