Тадбирда тарих фанлари доктори, профессор Убайдулла Уватов сўзга чиқиб, Абу-л-Муъин ан-Насафий калом илмининг буюк намояндаларидан бири бўлгани, Абу Мансур Мотуридий асос солган мотуридия таълимотининг дунёда кенг миқёсда тарқалишига катта ҳисса қўшган зот эканига тўхталди.
Унинг “Табсират ал-адилла”, “Ийзоҳ ал-манҳажжати фи кавн ал-ақли ҳужжатан”, “Ат-Тамҳийд ли қавоид ат-тавҳийд”, “Маноҳиж ал-аиммати фи-л-фуруъ”, “Шарҳ ал-Жомиъ ал-кабир ли-ш-Шайбоний фи фуруъ ал-ҳанафиййа” каби асарлари дунёда жуда машҳур бўлиб, дин масалаларида муҳим далил ҳисобланган. Аллома кўплаб асарларида аксар адашган фирқаларга ўринли раддиялар берган, яъни динда ғулувга кетган, нотўғри йўлдан бораётган таълимот ва оқимларнинг хатоларини кескин қоралаб, уларни чуқур таҳлил қилиб берган. Бинобарин, бундан қарийб ўн аср муқаддам яшаган буюк ватандошимиз Абу-л-Муъин ан-Насафий қолдирган бой илмий-маънавий мерос нафақат ўз замони учун, балки ҳозирги даврда ҳам амалий аҳамиятга эга таълимот сифатида ҳар томонлама чуқур ўрганишга лойиқ.
Мамлакатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 24-25 февраль кунлари Қашқадарё вилоятига қилган ташрифи давомида айтган фикрлари, хусусан, Абу-л-Муъин ан-Насафий абадий қўним топган манзилни ободонлаштириб, бу ерни катта зиёратгоҳга айлантириш ҳамда бу даргоҳда катта кутубхона ташкил қилиш ҳақидаги кўрсатмаси ҳам эътиборга молик. Эндиги вазифа – аллома асарларини тадқиқ қилиш ва буюк ғояларини ўрганиш, ўзлаштиришдан иборатдир.
Тадбирда Абу-л-Муъин ан-Насафий асарлари, дунёнинг турли кутубхоналарида сақланаётган нодир қўлёзмалари хусусида маълумотлар берилди. Талабаларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоблар қайтарилди.
Н.ХЎЖАЕВ