Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Азизбек НОРОВ.

28.02.2017


БАҲОР КЕЛДИ, БАҲОР!

Баҳор - фасллар келинчаги, табиатнинг энг сулув, энг эрка қизи. Тириклик бахш этувчи сеҳргар у. Қўлидаги яшил новдани ҳар силкиганида еру осмон яшнаб кетади, кўкдан барака ёмғири ёғади, заминнинг ҳар томони гулу чечакка, майсага тўлади. Биз буни баҳор келди, деб қўя қоламиз.

Йўқ. Баҳор шунчаки келмайди. Баҳор бутун еру осмонни тўлдириб, барча тирик жонни уйғотиб, ҳамма-ҳаммани яшнатиб, яшартириб келади. Унинг ҳар қадами қутлуғ, ҳар одими барокатли...

  Ёшликни баҳорга менгзаймиз. Нега айнан унга? Кишининг ёши ҳам баҳор билан ўлчанади: “Фалон баҳорни қаршилабди”, деймиз ҳавас билан. Чунки баҳор бизга шу қадар яқин, шу қадар севимли ва шу қадар мусаффо фасл...

Ҳеч эътибор қилганмисиз, ёш болалар баҳор фаслини тасвирлаб, сурат чизмоқчи бўлишса, қўллари энг аввал яшил қаламга боради. Яшиллик – баҳор рамзи. У келганида чашмалар чўлларга бинафша элтади, боғлар сепини ёяди, яшиллик заминга, ҳатто кексайиб, қуриб бораётган оғочга ҳам югуради. Қалдирғочлар қайтиб, хонадонларда ин қура бошлайди. Бўтана сувлар юзида гул барглари сузади, қирларда лола юз очади.

Кўча-кўйда юрганингизда энди-энди куртак ёзиб, гул очаётган беҳи, ўрик ва жийда дарахтидан тарқаган анбар ва хушбўй ифорни туйиб, кўнглингизга ажиб ҳислар ўрмалайди.

Баҳор – шўх дилбарга ўхшайди. У об-ҳаво билан ҳазиллашишни хуш кўради. Гоҳ кўкда қуёш нур сочиб турган бўлса, сал ўтмай ёмғир челаклаб қуя бошлайди. Гоҳида момақалдироқ гумбури оламни ларзага соладию, дам ўтмай яна қуёш булутлар орасидан жилмайиб чиқиб, ўз меҳрини бутун оламга сочади...

Майин шабада эса... далаю даштлар, қир – адирларда кезиб, жонзотлар,  дарахтлар қулоғига: “Баҳор келди, баҳор!” деб шивирлашда давом этади... 

Азизбек НОРОВ.

Report typo