Қарши шаҳридаги жазони ижро этиш муассасаларидан бирида жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар судининг очиқ сайёр суд мажлиси бўлиб ўтди.
Суд мажлисида мазкур муассасада жазо муддатини ўтаётган ҳамда қилмишидан пушаймонлик билдириб, масъул идораларга мурожаат йўллаган бир неча маҳкумларга нисбатан тўпланган ҳужжатлар ўрганилиб, иш судда кўриб чиқилди.
- Натижада айни вақтда жазони ижро этиш колониясида жазо муддатини ўтаб келаётган 3 нафар маҳкум Жиноят кодексининг 73-моддаси 3-қисми “в” бандига асосан жазонинг қолган қисмидан шартли озод қилинди, - дейди жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар суди судьяси Нодир Ишмуродов. – Шунингдек, яна 14 нафар озодликдан маҳрум этилган маҳкумнинг ўталмай қолган жазо муддатлари ахлоқ тузатиш ишлари жазосига алмаштирилди.
Бир сўз билан айтганда, ушбу маҳкумларга қонунларимиздаги инсонпарварлик, кечиримлилик тамойиллари асосида ўталмай қолган жазоларини ҳалол меҳнат орқали адо этиб, келажак ҳаётларини яхшиланиши учун имконият берилди. Қолгани эса энди уларнинг ўзига боғлиқ.
Ж.БОЙМУРОДОВ