Қишлоқда ўсган бошқа тенгқурларим қатори менинг ҳам ёшлик хотираларим урчуқ йигириш, пахта чигитлаш, кигиз бостириш, гилам тўқиш каби иш-юмушлар билан боғлиқ. Қишнинг узун кечаларида қўшни аёл ва қизларнинг тугун кўтариб бир-бириникига гурунгга бориши одат эди. Бир уйда асосан 7-8 нафар аёл тўпланиб, алламаҳалгача гурунглашиб ўтиришар, шу аснода ишларини ҳам бажаришарди. Кимдир пахта чигитлар, кимдир жун титарди, бошқа биров эса урчуқ йигирарди. Бу меҳнат маҳсуллари йиғилиб, кўрса, кўз қувнайдиган чиройли гиламга айланарди.
Одатда, гилам тўқиладиган қолип, халқона айтганда, дўкон икки усулда қўйилади: тик устунларга ўрнатилганида араби гилам, ерга ётқизиб қўйилганида эса турли жойларда турлича – қоқма, яъни шолча гилам тўқилади. Бу жараёнда ишлатиладиган жиҳоз-ускуналар номлари ҳам қизиқ: араби гилам кичикроқ тароққа ўхшаган тишли асбоб - тўқмоқ билан тўқилса, шол гилам тўқишда қўлланадиган узун, эни бир қаричча келадиган, сирти ясси тахта қилич деб аталади. Гиламга асос бўладиган, бўйига тортилган иплар орасидан кўндалангига ўтказилиб тўқиладиган ип шардоз дейилади.
Айниқса, ерқолипга қўйилган гилам тўқиш учун анча қулай бўларди. Гиламга гул танлашда катталардан маслаҳат олинар, шунга қараб нусха солинарди. Ишни ёши улуғлар бошлаб беришар, тўқилаётган гиламга энг аввал уларнинг қўли тегарди. Эсимда, момом ниятларини айтиб-айтиб гиламга қилич урарди: “Илоҳим, уйларига буюрсин, ташвишларини аритсин, болалари, набиралари устида ўйнаб-кулсин...”
Уйимизда араби гилам асосан қишда қўйилар, яқинлар, қўшнилар ёрдамга келарди. Улар қуруқ қўл билан келишмас, бирор тансиқроқ таом тугилган дастурхонлари бўларди. Қатор ўтириб, араби гилам тўқиётган опаларимиз ҳангомаю лапарлар айтишар, ора-сирада турли айтишувлар ҳам бўларди. Топишмоқ-жумбоқ ўйини ҳам шу жараёнда жуда қизиқарли тус оларди. “Зар гилам, зар-зар гилам, кўтарай десам оғир гилам”, деган топишмоқнинг жавобини роса ўйлаганмиз.
Опаларимизнинг иши бизга жуда қизиқ туюлар, диққат билан улар бажараётган ишни кузатардик, бирор бўш жой қолса, тўқишга уринардик. Ёки четда ўтириб ипларни тахлаб берардик. Галалашиб 3-4 кунда гиламни битказишарди.
- Болам, ҳар бир уйда қўй жунидан тўқилган битта ер гилам бўлиши шарт, - дерди Хадича момом. - У уйга барака келтиради.
Азалдан бизда гиламнинг араби, ғажари, терма, еттиипли, сатранж, чархпалак, қоқма, бахмали, буғжама, бурама, сил-сила, арча гулли, мапраж, жулхурс, қиз гиламлари каби турлари, пойандоз, жойнамоз, яктак нимча кабиларни тикишни ўргатишган. Ҳозирда ҳам қишлоқларимизда қизларга гилам тўқиш ўргатилади. Бу эса мазкур кўҳна ҳунарни кейинги авлодларга етказишда қўл келади.
Кигизга гул бостириш ундан ҳам мароқли ва тез битадиган иш. Уни тайёрлаш жараёни қизиқарли. Гулкигиз бошқа гиламлар сингари кўп вақт тўқилмайди, аввал жун титилади, сўнг эса табиий рангларга бўялади. Бўёқлар анор пўчоғи, ўрик томири, ёнғоқ, пиёз пўстлоқлари сингари турли ўсимлик, дарахт ва ўт-ўланлардан олинади. Шу жараёнда янги ранглар кашф этилади. Турли рангларга бўялган жун калавалар қўлда енгилгина эшилиб, улар ёрдамида шундай чиройли нақшлар ясаладики, кўриб ҳайратланасиз. Худди мўъжизага ўхшайди. Бир-икки соатда кигиз тайёр бўлади.
Бугун табиий жун ва пахтадан тўқилган гиламлар ва кигизларимизга чет элликларда ҳам қизиқиш уйғонмоқда. Сўраб-суриштирсам, қўл меҳнатимиз маҳсулларини хорижликлар ардоқлаб, айтилган нархда сотиб олишаётган экан. Сабабини шифокор, терапевт Шоира Абдуллаеванинг гиламларимизнинг саломатлик учун фойдаси ҳақида айтган гапларидан сўнг англадим. Қиш бошланиши билан уйимдаги қолин гиламларни йиғиштириб, ўзимизнинг қишлоқча жун гиламларни тўшадим.
- Жун гиламлар қишда намни ўтказмайди, тўшалган ерни иссиқ тутади, - дейди Шоира Абдуллаева. - Организмдаги шамоллашларни ўзига тортиб олади. Кигиз устида мунтазам ялангоёқ юриш тизза ва бўғимларда туз йиғилишининг олдини олади.
Энг муҳими, момоларимиз қадрлаган бу гиламларнинг қиймати бугун янада ошиб бораяпти. Ўзбек гиламларини дунёга танитаётган чироқчилик Салтанат Қўлдошева, София Доллиева ҳам буни тасдиқлашади.
Шаҳрисабз-Самарқанд йўлининг ёқасида жойлашган Араббанди қишлоғига йўлингиз тушса, тепаликдаги қора уй қурилган мўъжаз хонадонни кўрасиз. Бу хонадон соҳибаси - уста гиламдўз Салтанат опа шу юмуш орқасидан обрў-эътибор топди. Буюртма асосида у тўқиётган табиий хомашё, табиий рангдан тайёрланаётган ўзбек гиламлари бугун чет элликлар хонадонини безамоқда. Ўзбек миллий маданий меросини тарғиб қилмоқда. Чет элликларнинг оддий ўзбек хонадонида йиллаб яшаб, миллий гиламларимиз тўқилиши, хусусиятларини ўрганаётганига нима дейсиз?
– Японияда бизнинг миллий ҳунармандчилигимизга қизиқиш катта экан, – дейди Салтанат Қўлдошева. – Киото университети аспиранти Фумато Соно бир йил давомида гиламчилик бўйича илмий иши учун маълумотлар тўплади. Баҳонада гилам тўқишни ўзлаштирди. Бу ҳунарга бўлган меҳри шунчалик кучлики, тилимизда бурро гапириб, гилам нақшларининг номларию тарихини синчиклаб ўрганиб олди. Айниқса, ҳеч қандай бўёқ ишлатилмасдан, табиий ранглардан фойдаланиб тайёрланаётган гиламларимиз унинг ҳайратини оширди.
Бу фикрларни эшитиб, дилимда ажиб ғурур туяман. Дарҳақиқат, ўз маданиятимизни дунёга кўз-кўз қилаётганимиз, миллий меросимизга ўзгаларнинг ҳавас билан қараётгани ҳар биримизни тўлқинлантиради, мамнун қилади. Миллий гиламчиликнинг яна равнақ топаётгани эса халқимизнинг қадим ҳунарларининг умри боқийлигидан, қадриятлар қадр топаётганидан далолат.
Сожида АЛЛАЁРОВА