Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Тоҳир ИСМАТИЛЛАЕВ

05.01.2017


БЕМОРНИ ЗИЁРАТ ҚИЛИШ ОДОБЛАРИ

Бу ҳақда муқаддас динимизда ҳам айтиб ўтилган. Зеро, ислом раҳмат динидир. У инсонларни меҳр-мурувват ва эзгуликка чорлайди, раҳмдилликни тараннум этади. Кўплаб ояти карималар ва ҳадиси шарифларда Аллоҳнинг бандаларига нисбатан раҳмли,  марҳаматли бўлиш тарғиб этилган.

Таъкидлаш жоиз, “раҳмат” сўзи меҳр-шафқат, марҳамат, мурувват маъноларини англатади. Ўз ўрнида бу сўз ҳаётимизнинг барча   жабҳаларини қамраб олади. Раҳмат қирраларининг энг улуғларидан бири  динимизнинг заиф-бечоралар, бемору хасталарга кўрсатган раҳмати, меҳр-шафқатидир.

Танию жонига азоб бераётган оғриқлар билан курашиб, қийналаётган бемор киши дардини енгиллатадиган, руҳиятига тетиклик бағишлайдиган ва кўнглига таскин берадиган кимсага муҳтожлик сезади. Шундай вақтда инсон савоб иш қилмоқчи, ким биландир орадаги меҳр-оқибатни, силаи раҳмни янада мустаҳкамламоқчи бўлса, бемор қўшни, қариндош ва ёру дўстларни зиёрат қилиши, уларнинг ҳолидан хабар олиши зарур. Айниқса, имкони борича беморларга суянч ва тасалли бўлиши, кўнглига умид, сабот ва хотиржамлик уруғларини сочиш улуғ фазилатдир.

Касал бўлган одамни бориб кўришнинг савоби катта, фазилати беҳад. Беморни зиёрат қилиш, ундан ҳол-аҳвол сўраш, бирор етишмовчилиги бўлса, кўмаклашиб юбориш одамийликдан ҳисобланади.  Бу ҳақда Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бир беморни кўргани борса, то қайтгунича жаннатнинг хурфасида бўлур”, дедилар. “Эй Аллоҳнинг Расули, жаннатнинг хурфаси нима?” дейилди. “Мевасидир”, дедилар” (Муслим ва Термизий ривояти). Бошқа бир ҳадисда: “Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам бир кишини кўргани бориб: “Иштаҳанг нимани тортади”, дедилар. “Буғдой нонини”, деди. Шунда Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимда буғдой нони бўлса, уни биродарига юборсин”, дедилар. Сўнгра Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам:  “Бирингизнинг беморингиз бир нарсани иштаҳаси тортса, уни ўша билан таомлантирсин”, дедилар (Ибн Можа ривояти).

Касални йўқлашда унга озроқ ҳадя олиб, олдига салом билан кириш, ёнига яқин ўтириб, ундан ҳол-аҳвол сўраш беморни зиёрат қилишнинг муҳим одоб ва вазифаларидан саналади. Шунингдек, зиёратчи яхши сўзлар билан беморнинг кўнглини кўтариб, унга тасалли беради. Касалга дард Аллоҳнинг бир синови экани, унга сабр-тоқат қилиш лозимлиги тушунтирилади. Бемор ҳузурига кирганда очиқ чеҳра, дилкашлик билан муомала қилинади, ҳадеб унинг юзига синчиклаб қаралмайди, кўп ва баланд овозда гапирилмайди. Шу билан бирга, касал ҳузурига янги кийим ёки кир, хунук, нопок кийимларда кирилмайди, табассум билан бориб, беморнинг бош томонида ўтирилади.

Бемор ётган уйда кулиш, йиғлаш, турли кинояли, оғир ботадиган, кўнгилга тегадиган сўзларни айтиш маъқул эмас. Агар зарурати бўлмаса, шомдан кейин касал кўргани бормаган дуруст, чунки бунинг хосияти йўқ. Бундан ташқари, беморни толиқтириб қўймаслик учун унинг олдида узоқ ўтириш, хасталик ҳақида эзмаланиб гапириш, билмаган нарсасини дори сифатида тавсия қилиш ярамайди. Ўзининг розилиги бўлса, бироз ўтириб, кўнглини кўтарувчи ибратли ҳикоятлардан сўзлаб турилади. Гапи совуқ, эзма, кишиларни бемор ёнига йўлатмаган маъқул.

Ўз навбатида, хаста киши ҳам уни йўқлаб келганларга дарди ҳақида гапириб, шикоят қилавермасдан фақат сўралган саволга жавоб қайтариши, дарди кучайган пайтда ўзига ўлим тиламай, сабрли бўлиши инсоний фазилатлардан.

Зиёратчи бемор ҳузуридан тураётганида унинг ҳаққига дуо қилиб, Аллоҳ таолодан комил шифо сўраши ҳамда “Аллоҳ хоҳласа, тезда тузалиб кетасиз”, “Дард ҳам бир меҳмон”, “Дардини берган албатта шифосини ҳам беради” каби сўзлар билан тасалли бериб хайрлашиши одобдандир.

Тоҳир ИСМАТИЛЛАЕВ,

Яккабоғ тумани бош имом-хатиби

Report typo