Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Ж.БОЙМУРОДОВ

11.05.2021


БЕШ ЮЗ ЁШЛИ ОБИДА САҚЛАНИБ ҚОЛАДИ...МИ?

"Ҳарамжўй масжиди жорий йилнинг ўзидаёқ тўлиқ таъмирланади.  Ҳозирда давлат дастурига киритилган ва бу борада   муаммо йўқ".

Кейинги пайтларда масъулардан бирор муаммо ҳақида сўралса, энг кўп янграётган жавобларга айнан ҳамоҳанг ҳайқириқ.

Қарши шаҳридаги Ҳарамжўй маҳалласида жойлашган эски масжид ҳақида сўраганда Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос департаменти вилоят бошқармаси бошлиғи Хислат Ҳотамов шундай деб айтди.

Пештоқида XVI асрда бунёд этилгани битилган лавҳа ўрнатилган  масжид биноси унчалик ҳам катта эмас. Унга боқар экансиз, ўзига хос услуб ва ноёб архитектура ечимлари дарҳол кўзга ташланади. Бинонинг икки эшигидан фақат ён томондаги кичиги сақланиб қолган. Ёғочдан ясалиб, ўймакорлик асосида ишлов берилган қадимий буюм, мана, беш асрки йиллар, табиат таъсирларига дош бериб, бус-бутун ҳолида турибди. Бино учун ишлатилган бошқа ёғоч материалларга ҳам турли ранглар билан бежирим безак берилган. Афсуски, тарихий обида аслидан сақланиб қолгани бир эшик, том ва тўрт девор. Қолган ҳамма қисмлари кейинчалик масжидни таъмирлаш жараёнида қўшилган.

Маҳалла оқсоқолларининг таъкидлашича, шўролар даврида бинодан турли мақсадларда фойдаланилиб, у ниҳоят яроқсиз ҳолга келтирилган.

- Мустақиллик бўлгач аҳоли ҳашар уюштириб, сал эпақага келтиришга уринган масжидни, - дейди ҳозирда унга қараб туришга масъул бўлган Аъзам Толипов. - Лекин бундан наф чиқмагани унинг бугунги аянчли аҳволидан ҳам кўриниб турибди. 

Аммо бу ишга ҳали масъул ташкилотлар бош қўшмаган кўринади. Бино маҳоратли усталар қўлидан ўтмас экан, у яқин орада тарихийлик қийматини батамом йўқотиши ҳеч гап эмас. Масъул ташкилотлар эса уни давлат томонидан муҳофаза қилинадиган археологик обидалар рўйхатига киритган, холос. Бошқа ишдан дарак йўқ.

Аввал-бошда масъул идора ҳудудий раҳбарининг ушбу масжид тақдирига оид гапини келтирдик. Негадир унга ишонгим келмаяпти: бирор кўтарилган муаммо ҳақида сўровчиларга қайтариладиган оммалашган қолип жавоб бу - бажарилиши ҳам мумкин, ҳеч нима қилинмаслиги ҳам...

Ж.БОЙМУРОДОВ

 Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Report typo