Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

ЖАҲОНГИР

15.01.2021


БИР ҚАРАШДА ХАВОТИР УЙҒОТАДИГАН 5 БИНО

Фотонигоҳ

Негадир сўнгги йилларда янги қурилаётган иморату иншоотларнинг қулаб тушиш ҳолатлари кўпайиб бормоқда.

Мисол учун, 2019 йил сўнгида Тошкент метрополитени Юнусобод йўлининг янги барпо этилаётган қисмида юзага келган ҳодиса натижасида тупроқ остидан 5 кишининг жасади топилди.

Орадан ярим йил ўтиб, яъни 2020 йилнинг июнь ойида Қарши шаҳридаги "Насаф Травел" меҳмонхонаси биноси ёнида қўшимча қурилаётган 5 қаватли бинонинг бир қисми қулаб тушиши натижасида шу ерда ишлаётган бир ишчи ҳалок бўлган. Тўрт ойдан сўнг шунга ўхшаш  ҳолат Деҳқонободда рўй берди. Хусусий тадбиркор томонидан қурилаётган бинонинг бир қисми йиқилиши натижасида икки нафар ишчи оғир тан жароҳати олиб, шифохонанинг жонлантириш бўлимига ётқизилди.

Яқинда Жиззах шаҳрида янги қурилаётган кўп қаватли уйлардан бирининг қулаб тушгани эса кўпчиликда қурувчиларимиз ишига нисбатан хавотир уйғонишига сабаб бўлгани айни ҳақиқат.

Чиндан ҳам, юқоридаги мисоллар қурилиш соҳасида камчиликлар, муаммолар бисёр эканлигини кўрсатиб берди. Энди бундан хулоса чиқариб, бу ёғига ишларни мукаммал ва сифатли бажариш, бинони қуришда энг аввало унинг баландлигию кўркамлиги эмас, балки мустаҳкамлигига эътибор қаратиш лозим. Аммо ҳозир ҳам шаҳримизда бунёд этилаётган айрим биноларга назар ташласангиз, беихтиёр кўнглингизда хавотир уйғонади. Улар эҳтимол жуда мустаҳкам ва мукаммал қурилаётган бўлиши мумкин, лекин негадир бир қарашда йиқилиб тушадигандек туюлади. 

Қарши шаҳрида барпо этилаётган ана шундай бинолардан 5 тасини фотога муҳрладик.

1.Табассум маҳалласи ҳудудида барпо этилаётган бу бинонинг қурилиш ишлари ўтган йили бошланган эди. Бир неча ойдан буён қандайдир сабаб билан тўхтаб турибди.

Айни вақтга қадар 3 та қавати битказилган бу бинонинг юқоридаги иккита қаватини биринчи қаватдаги бир нечта бетон устунлар кўтариб турибди. "Тепа"нинг жуда салобатли эканлигини кўриб, шунча юкни пастдаги бир нечта бетон устунлар кўтариб турганига ишонгиси келмайди кишининг. Балки чиндан ҳам бу устунлар жуда мустаҳкам қилиб қўйилгандир...

2. Қарши шаҳар Халқ банки ҳамда шаҳар тиш даволаш шифохонаси ўртасидаги торгина жойда жуда баланд қилиб қурилаётган бу бино ҳам бир нечта бетон устунлару ҳар бир қаватни ажратиб турган залворли плиталардан иборат. Буни кўриб, шу устунлар бақувват бўлсин-да ишқилиб, дейсиз.

3. Насаф кўчасида, "Кўҳи нур" савдо мажмуаси рўпарасида барпо этилаётган мана бу бино ҳам жуда салобатли, аммо шу билан бирга жуда хавотирли кўринади. Балким, тўрт қаватли бинонинг асосий таянчи бўлган бетон устунлар фақат четдан қараган кишигагина  жуда нимжон бўлиб туюлар.

4. Насаф кўчасидан темир йўл шифохонасига қараб буриладиган чорраҳада барпо этилаётган бу бино ҳақида ўтган йили Қарши шаҳридаги Журналистлар уйида вилоят қурилиш бошқармаси томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида ҳам саволлар ўртага ташлаган ва мутасаддилар унинг лойиҳа бўйича, қонуний қурилаётганини айтишган эди.

Журналистларнинг бу мавзуни кўтаришига эса бинонинг автомобиль йўлига жуда яқин жойда қурилгани, қолаверса, юқоридаги учта қаватнинг биринчи қаватга нисбатан жуда кенгайиб кетгани сабаб бўлган.

5.   Афтидан савдо мажмуаси ёки хизмат кўрсатиш объекти учун мўлжаллаб барпо этилаётган мазкур бино ҳам Қарлиқбоғот маҳалласи ҳудудида, Насаф кўчаси бўйида қад ростламоқда.

Бино уч қават ва атиги 12 та бетон устундан иборат эканлиги, устунларнинг эса унчалик ҳам қалин кўринмаганлиги унинг фотокамерамиз объектига тушиб қолишига сабаб бўлди.

Биз айнан шу биноларни сифатсиз қурилмоқда ёки йиқилиб тушади, демоқчи эмасмиз. Фақат сўнгги йилларда қулаб тушган иншоотларнинг ҳалокатига айнан бетон устунларнинг оғирликка дош бера олмагани сабаб бўлгани, келгусида шу жиҳатга эътибор қаратиш кераклигини айтиб ўтмоқчимиз, холос.

ЖАҲОНГИР

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

 

 

Report typo