Халқимизда “Яхши билан юрсанг етарсан муродга, ёмон билан юрсанг қоларсан уятга” деган ибратли мақол бор. Асли Қамаши туманида туғилган Х.О. ҳам Қарши туманилик, муқаддам судланган Б.З. билан танишдию, боши балога қолди.
Шу йилнинг 5 январь куни улар 5 қутига жойланган 22 грамм марихуана моддасини 1 миллион 400 минг сўмга қонунга хилоф равишда сотган вақтда ушланди.
Вилоят ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабарига кўра, худди шу куни Ғузор туманида ўтказилган тезкор тадбир давомида ҳам муқаддам судланган Р.Х. наркотик модда сотаётганда қўлга олинди. Суриштирув давомида Қарши шаҳридаги Алишер Навоий маҳалласида яшовчи Р.Х. 4 қути “Avion” ёзувли гугурт қутидаги гиёҳвандлик моддасини 1 миллион 400 минг сўмга сотаётган вақтида ушланди.
Шунингдек, унинг чўнтаклари кўздан кечирилганда, эгнидаги пальтоси чап ён чўнтагида бўлган гугурт қутига қадоқланган марихуана ўсимлиги борлиги маълум бўлди. Мазкур марихуана гиёҳвандлик моддасининг жами миқдори 23 грамм тош босди.
Мазкур ҳолат юзасидан Ғузор тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Кўпчилик янги йилга қадам қўяркан, қиладиган ишлари режасини тузиб олади. Аввалги хатоларга йўл қўймасликка, моддий ва маънавий юксалиш йўлида ҳаракат қилишга тиришади. Нафс измидаги кимсалар эса тарки одат амри маҳол – эски ҳунарини қўймабди: натижа ҳам шунга муносиб бўлди...