Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Азизбек НОРОВ

20.02.2017


БИР ҚЎЛИДА ҚУРОЛ, БОШҚАСИДА ҚАЛАМ...

Шу боис, урушнинг дастлабки кунлариданоқ юз минглаб ватандошларимиз қўлига қурол олиб фронтга отланди. Ўз навбатида, бу уруш ўз домига барча соҳа вакилларини тортди: шифокор, ўқитувчи, олимдан тортиб спортчию маданият ва санъат вакиллари ҳам урушда бевосита иштирок этишди. Шу жумладан, урушдан олдин бадиий ва адабий ижод билан шуғулланган шоир, ёзувчи ва журналистлар ҳарбий мухбир сифатида фронтга сафарбар этилди. Улар турли жангларда аскарлар билан қадам-бақадам, елкама-елка туриб, мардонавор жанг қилди, қуролдошларининг матонату жасоратлари ҳақида мақола, очерк, эсселар битиб, халққа етказишди. Бир сўз билан айтганда, улар бир қўлида қалам, бир қўлида қурол тутиб, аёвсиз жангга кирди.

Ҳарбий мухбирлик жуда машаққатли ва хавфли касб саналган, чунки у ҳеч қачон ўз қўшин ва қисмидан ажралиб кетмаган. Ҳар доим қуролдошлари билан бир сафда бўлган. Шу билан бирга, у бирйўла икки масъулиятли ишни амалга оширган. Душманга қарши жанг қилган, шунингдек, елкадош аскарларнинг жасоратларини бутун оммага етказган. Айниқса, Иккинчи жаҳон урушида мардонавор хизмат қилган ҳарбий мухбирларнинг номларини кўплаб санаш мумкин. Масалан, рус адиби  Аркадий Гайдар ҳам урушга ҳарбий мухбир бўлиб борди ва қўлида қурол тутиб жангда ҳалок бўлди.

Айниқса, ҳарбий фотомухбир сифатида уруш ўчоғига отилган ижодкорларнинг жасоратлари таҳсинга сазовор. Тарихчиларнинг айтишича, Иккинчи жаҳон урушида кўплаб ҳарбий фотомухбирлар фронтнинг олд қаторларида душманга қарши курашган. Урушдаги мавжуд ҳолатни фотоаппарат тасмасига муҳрлагач,  дарҳол уни қуролига алмаштирган ва олдинга интилган. Евгений Халдей, Давидзон каби бир қатор ҳарбий фотомухбирларнинг ижодий маҳсулотлари бўлмиш сурат-лавҳалар бугунгача сақланиб қолган, уларда урушнинг даҳшати тўлалигича акс этган.

Иккинчи жаҳон уруши даврида ўзбек ёзувчилари, шоир ва журналистлари ҳам ўзларининг қайноқ ижоди, қимматли асарлари билан халқни жасоратга чорлади, жангчиларни эса руҳлантирди. Таъбир жоиз бўлса, улар қуролдан ўткир қаламлари билан ғалабага муносиб ҳисса қўшдилар.

Таъкидлаш жоиз, ўзбек адабиётида катта из қолдирган Шуҳрат, Одил Ёқубов, Матёқуб Қўшжонов, Қодир Мирмуҳаммедов, Иброҳим Раҳим каби ижодкорлар жанг майдонларида тинчлик учун курашганлар. Айниқса, танти ва дўлвори адиб – Одил Ёқубовнинг фаолияти диққатга сазовор. Гап шундаки, уруш бошланганида унинг ёши ҳарбий хизматга чақирилиш ёшига етмаган бўлса-да, ҳарбий комиссариатга “Менинг ёшим асли 17 да, гувоҳномамда нотўғри ёзилган”, деб ариза беради. Ўсмир йигитча ўз ихтиёри билан қонли жангга отланади. Одил Ёқубов фашизмга қарши мардларча қатнашиб, у тугаганидан сўнг япон урушига киради. Умрининг қарийб 10 йили қон кечиб ўтган адибнинг ёзувчилик иқтидори уруш давридаги шафқатсиз ҳаёт уммонида тобланди.

Таниқли ёзувчи ва журналист Иброҳим Раҳим фашизм билан бўлган жангларда қатнашган. У ўзбек тилида чиқадиган фронт газеталарига муҳаррирлик қилган. Жангчиларимизнинг оташин ватанпарварликларини акс эттирувчи очерк, ҳикоя, хабарлар ёзган. Унинг “Чин муҳаббат” (1958), “Фидойилар” (1972), “Генерал Равшанов” (1985) каби романларида Иккинчи жаҳон уруши қаҳрамонларининг жанговар ҳаёти ўз аксини топди.

Ўзбек адабиётининг таниқли намояндаларидан бири, шоир, ношир ва драматург Шуҳрат ҳам Иккинчи жаҳон урушида зобит сифатида иштирок этган. Адибнинг “Шинелли йиллар” (1947-1957) романи Иккинчи жаҳон уруши фронтларида орттирган катта ҳаётий тажрибаси асосида халқимизнинг жанговар ҳаёти, қаҳрамонлиги, ватанпарварлиги, қийинчиликларга бардошлилиги, келажакка умиди ҳақида ҳикоя қилади. Бундан ташқари, фронтда Назир Сафаров, Мирзакалон Исмоилий, Зиннат Фатхуллин, Мели Жўра, Тўғон Эрназаров, Султон Жўра ва бошқалар ҳарбий мухбир сифатида фаолият кўрсатишди. Манбаларнинг гувоҳлик беришича, уруш йилларида ўзбек тилида 14 та фронт ва 12 та дивизия газетаси нашр этилган. Шу маълумотнинг ўзиёқ бизнинг мухбирлар уруш майдонларида нақадар катта жасорат билан жонбозлик кўрсатгани, ўз хизмат вазифасини сидқидилдан адо этганидан далолат беради. Зеро, 30 га яқин матбуот нашрида озмунча мухбир, муҳаррир ишламаган...

Хуллас, хотира китобини варақлаб, олис ўтмишда қолган Иккинчи жаҳон уруши манзараларига назар ташлаганда, жасур жангчилар қаторида елкасига бира тўла икки вазифани олган азаматлар – ҳарбий мухбирлар фаолияти, хизматини ҳам унутмаслик даркор. Чунки агар бу фидойилар ўз касбларини чин дилдан севмаганларида, юракларида ватанпарварлик ҳисси жўш урмаганида, шундай қалтис ишни ихтиёр эта олмасдилар. Шундай экан, уларнинг номи ҳамиша ёдимизда сақланади, фидокорона хизматлари эса шарафларга лойиқ.

Азизбек НОРОВ

Report typo