Тадбирда журналнинг Ўзбекистон Кўзи ожизлар жамияти аъзоларининг маънавий ҳаётида тутган ўрни борасида сўз юритилди. Журнал таҳририяти ходимлари таҳририятдаги ижодий жараён, мухлислар билан мулоқотлар ҳақида ўз фикрларини билдиришди.
- Шу йилнинг сентябрь ойида журналимиз дунё юзини кўрганига 60 йил тўлади, - дейди "Бир сафда" журнали бош муҳаррири Икром Ражабов. - Шу йиллар ичида бу нашр кўзи ожиз инсонларнинг энг яқин ҳамроҳи, сирдошига айланди, десам, адашмайман. Қашқадарёда журналимизнинг фаол жамоатчи муаллифлари анчагина.
Учрашув давомида жамиятнинг вилоят бўлими аъзолари орасидаги шундай фаол муаллифлар рағбатлантирилиб, бир қатор номинациялар бўйича тақдирланди. Жумладан, "Энг яхши насрий асар", "Энг яхши назмий асар", "Энг фаол жамоатчи муаллиф", "Энг долзарб мавзудаги материал", "Энг фаол жамоатчи мухбир", "Энг яқин ҳамкор ташкилот" сингари номинациялар ғолибларига журнал таҳририятининг эсдалик совғалари топширилди.
Тадбирнинг бадиий қисмида бўлим аъзолари томонидан тайёрланган концерт дастури намойиш қилинди.
Х.ҚИЛИЧЕВА